Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғуруқхонага кетаётган аёллар ҳам юрак ҳовучлаб ўтишга мажбур бўлаётган осма кўприк янгиланди. Бу ҳақда Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, туманнинг «Чангак» маҳалласи Қоракўз қишлоғида жойлашган осма кўприк таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли аҳоли ушбу кўприкдан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган. Туман ҳокимлиги ушбу ҳолатларни инобатга олиб осма кўприкни таъмирлаш учун маблағ ажратган.
«Ҳозирда осма кўприкда лойиҳа қиймати 50 миллион сўм бўлган таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугун туман ҳокими ва прокурори ушбу кўприкда бўлиб, қурилиш ишлари билан танишди. Қурувчиларга осма кўприкда аҳоли фойдаланиши учун қўшимча қулайлик яратиш бўйича кўрсатма берилди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур кўприк ҳақида аввалроқ «Дарё»да ҳам ёзилган бўлиб, мақолада «Чангак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурауф Бегалиев осма кўприк 2010 йилдан сўнг аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилганини айтгани, аммо кейинчалик фойдаланиш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани тилга олинганди.
Мавзуга доир:
- Қамашидаги ҳомиладор аёлларни олиб ўтиб бўлмайдиган жин кўприк 7,5 млрд сўмга қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди
- Андижондаги «Алвасти кўприк» ўрнида янги кўприк фойдаланишга топширилди
- «Менга келган хатларнинг кўпида ‘кўприк қуриб беринг, президент бува’ деб ёзилган». Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги йўллар ҳақида