Осиё футбол конфедерацияси 2022 йилги Чемпионлар Лигасининг ғарбий минтақаси гуруҳ босқичи ўйинларига мезбонлик қиладиган шаҳарлар рўйхатини маълум қилди.
Марказлашган тизимда ўтадиган гуруҳ босқичи ўйинларига Саудия Арабистонидаги шаҳарлар мезбон бўлади.
Унга кўра, D гуруҳидан ўрин олган «Пахтакор» ўз ўйинини Бурайда шаҳрида ўтказади. «Шерлар» «Ад-Дуҳайл» (Қатар), «Сепаҳон» (Эрон) жамоалари билан куч синашади. Тўртинчи жамоа номи плей-офф босқичи натижасига кўра ҳал бўлади.
E гуруҳининг ўйинлари эса Даммам шаҳрида бўлиб ўтади. Қаршининг «Насаф» жамоаси ушбу гуруҳдан жой олиш эҳтимоли бор. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 15 март куни БААнинг «Банияс» жамоаси билан куч синашади. Учрашув ғолиби эса «Ас-Садд» (Қатар), «Ал-Файсали» (Саудия Арабистони) ва «Ал-Виҳдат» (Иордания) жамоалари билан бирга E гуруҳидан жой олади.
Чемпионлар Лигасининг А ва B гуруҳи ўйинлари Ар-Риёдда, C гуруҳи ўйинлари эса Жидда шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
2022 йилги Чемпионлар Лигасининг ғарбий минтақаси гуруҳ босқичи ўйинлари 7—27 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Маълумот учун, «Насаф» «Банияс» устидан ғалаба қозонса, Суперлигада 2-ўринни олган «Сўғдиёна»га ОФК Кубоги йўлланмасини тақдим этади. Мағлубиятга учраган тақдирда эса қаршиликларнинг ўзи ОФК Кубогида қатнашади.