Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ижтимоий тармоқларда тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаевнинг 19 февраль куни Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашиб бораётгани айтилган, ўзбек олимлари ва илмий жамоатчиликка мурожаати акс этган видеолавҳа тарқалди. Инновацион ривожланиш вазирлиги шу муносабат билан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, ўтган беш йил мобайнида Ўзбекистон илмий-инновацион фаолияти бошқа соҳалар каби ислоҳ қилинган. «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги ва «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниб, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган ва уларда белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда.

Вазирлик, шунингдек, фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий ўқув муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари ходимларининг базавий лавозим маошлари 2016 йилга нисбатан 3,2 баробарга оширилганини қайд этган.

2017 йилнинг 1 июлидан фалсафа докторлари (PhD) ва фан докторлари (DSc)ни тайёрлаш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки босқичли тизими жорий этилганидан кейин илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга квоталар сони барқарор равишда ортиб бормоқда. Ҳозирда 2020 йилга нисбатан докторантурага ажратилган квоталар сони қарийб 5 баробарга ошган.

«Инновацион технологияларни мамлакат иқтисодиётига фаол жорий этиш учун технологияларни трансфер қилиш амалиёти қўлланилмоқда. Илм-фан ва инновацияларга сарф-харажатлар 2017 йилдан буён сезиларли даражада ошди. Илмий ва инновацион фаолият бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 1,488,3 миллиард сўм (2018 йилда – 198 миллиард сўм, 2019 йилда – 347,7 миллиард сўм, 2020 йилда – 428,6 миллиард сўм, 2021 йилда – 514 миллиард сўм) ажратилди. Ёш авлод орасида илм-фанга қизиқиш ортиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Баёнотда, шунингдек, ҳозирги кунда республикада 144 та олий ўқув муассасаси мавжуд экани, олий таълим ва мутахассислик йўналишлари классификатори 329 та таълим йўналиши ва 582 та магистратура мутахассислигини ўз ичига олиши айтилган.

Вазирлик олимнинг мақолалар чоп этилиши жараёни бўйича фикрларига тўхталиб ўтган. Айтилишича, шубҳали журналларда мақола чоп этиш муаммоси ҳам пойтахт, ҳам вилоят илмий ва таълим муассасаларига хос ҳисобланади. Бу факт мазкур йўналишдаги институтларнинг тавсия этилган нашриётлар билан ишлашни ташкил этиш воситалари ва механизмлари ҳақида паст даражада хабардорлигини кўрсатиши айтилган.

Баёнотда вазирлик соҳадаги яна кўплаб натижаларни келтириб ўтиб, Зарифбой Ибодуллаевнинг «Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда» деган фикри ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнларида қўлланилаётган Ўзбекистон—Хитой ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг яратилиш босқичлари ҳақида маълумотлар йўқлигини айтиб, ушбу вакцина қўлланилишининг мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига олган саволлари билан ижтимоий тармоқларда видеомурожаати тарқалган эди.

Бунга жавобан Инновацион ривожланиш вазирлиги баёнот берган. Унда Ибодуллаевнинг эътирозлари ноўрин ва ҳақиқатга умуман тўғри келмаслиги, у томонидан тарқатилган видеоматериаллар Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнларида аҳолини чалғитишга хизмат қилаётгани айтилган. «Профессор Ибодуллаев илмий журналлардаги маълумотларни ўрганмай, мазкур вакцина ҳақида ҳеч қаерда маълумотлар берилмаган, деб халқимизнинг кўнглига ғулғула солмоқда», дейилган вазирлик баёнотида.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Нукус воқеалари бўйича уч нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қамоққа олинди 
Дунё
G7 давлатлари Хитой, Шимолий Корея ва Эронга қарши санкциялар тайёрламоқда — Bloomberg
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг январь ойидаги бюджет даромади очиқланди