«Магдананинг эшаги», «Ўгай дилбандлар», «Мен, бувим, Илико ва Илларион», «Тазарру» каби қисқа ва тўлиқ метражли киноасарлари билан минглаб томошабинлар қалбидан жой олган режиссёр Тенгиз Абдуладзе ижоди ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.
Грузин ва рус кинорежиссёри Тенгиз Абдуладзе 1924 йил 31 январда Кутаиси шаҳрида туғилган. 1943–1946 йилларда Шота Руставели номидаги Тбилиси давлат театр институтида таҳсил олган. 1953 йилда эса Бутунроссия давлат кинематография институтининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. Шу йилининг ўзида у «Грузия-фильм» киностудиясида режиссёр сифатида иш бошлайди. 1980 йилда СССР Халқ артисти унвонига сазовор бўлган.
«Магдананинг эшаги» фильми
«Магдананинг эшаги» (1955) — Тенгиз Абдуладзенинг Резо Чхеидзе билан ҳамкорликда суратга олган биринчи (67 дақиқалик) қисқа метражли бадиий фильми. Унгача режиссёр фақат ҳужжатли фильмлар устида ишлаган.XIX аср охири, Грузия. Бой, шафқатсиз савдогар силласи қуриган эшагини йўл бўйига ташлаб кетади. Аммо ўлиши тайин бўлган эшакни Магдана Сесиашвили исмли камбағал бева аёлнинг болалари — олти ёшли Михо ва уч яшар Като топиб олади. Болалар эшакка ғамхўрлик қилиб, унга Луржа (Кўк кўз) деб исм қўяди.
Луржа тез орада шаҳарда матсони (грузин ва арманларнинг миллий ичимлиги — таҳ.) сотиб тирикчилик қилувчи бева аёлнинг толмас ёрдамчисига айланади. Лекин уларнинг қувончи узоққа чўзилмайди: бир куни ўзи ташлаб кетган эшакнинг тирик юрганини кўрган савдогар Митуа адолатсизлик билан улардан жониворни тортиб олади. Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарсани пул ҳал қиладиган дунёда яхшилик бор, лекин адолат йўқ.
Мазкур фильм 1955 йилда грузин ёзувчиси Екатерина Габашвилининг шу номли ҳикояси асосида суратга олинган. Фильм халқаро кино ҳамжамияти томонидан икки марта эътироф қилинган — у халқаро Канн кинофестивалининг қисқа метражли фильмлар танловининг махсус совринига сазовор бўлган, Эдинбургда ўтказилган халқаро кинофестивалда эса фахрий дипломни қўлга киритган.
«Ўгай дилбандлар» фильми
«Ўгай дилбандлар» (1958) драмаси Абдуладзенинг биринчи мустақил бадиий иши бўлиб, «Комсомольская правда» газетасидаги очерк асосида суратга олинган.Фильмда Нато исмли ёш қиз онасиз ўсаётган ака-сингилни кўчада тасодифан учратиб қолади. Уларнинг отаси Дата кўпинча иш билан овора бўлиб, болаларига етарлича эътибор бера олмасди. Датанинг Тео исмли севгилиси бор эди, лекин у ўгай болалар билан бирга яшашдан бош тортганди. Нато эса ака-сингилнинг юрагидан жой олади.
Қизнинг ўзи ҳам болаларни шу қадар ёқтириб қоладики, ҳатто ўқишини ташлаб, ўз ихтиёри билан уларга оналик қила бошлайди. «Нато, менга айт-чи, ўгай фарзандни севиш мумкинми? Ачиниш эмас, севишнинг имкони борми?» — узил-кесил қарорга келиши керак бўлган вақтда ундан сўрашади. У эса ишонч билан: «Ҳа, мумкин», — деб жавоб беради.
Бироқ ҳали ҳам ўзининг собиқ севгилисини деб азоб чекаётган Дата уни қайта учратиб қолгач, яна унинг ортидан кетади. Гарчи машуқаси буни истамаса ҳам, ота унинг ортида поездга сакраб чиқиб олади ва фарзандларидан воз кечади. Юраги қон бўлган Нато ҳам телбаликлар қилишни истайди, лекин уни ўгай фарзандларга бўлган муҳаббат сақлаб қолади.
«Мен, бувим, Илико ва Илларион» фильми
Режиссёрнинг Нодар Думбадзе романи асосида суратга олинган «Мен, бувим, Илико ва Илларион» (1962) кинокартинаси грузин киносидаги энг севимли асарлардан бирига айланган.Эзгулик ва ҳазилларга бой фильмда урушдан олдинги Грузиядаги оддий грузин қишлоғида яшовчи ўсмир Зуриконинг ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилинади. Томошабинлар кўз ўнгида у мактабга боради, илк бор севиб қолади, сўнгра қишлоқдошларини урушга кузатиб боради ва ғалабани кутиб олади. Йигитча тез орада мактабни тамомлаб, ўқишини давом эттириш учун Тбилисига кетади, лекин ўқишни битирганидан сўнг қишлоғига, биринчи муҳаббати ва қадрдон дўстлари ёнига қайтиб келади.
Шу вақт ичида Зурико учун унинг бувиси, шунингдек Илико ва Илларион исмли сирли дўстлари энг яқин ва азиз инсонлар бўлиб қолади. Айнан уларнинг кўз ўнгида йигитча улғаяди ва ҳаётни танийди.
«Севгилим учун маржон» фильми
Аҳмадхон Абу-Бакарнинг «Серминазимга маржон» номли қиссаси асосида суратга олинган «Севгилим учун маржон» (1971) ишқий комедияси Тенгиз Абдуладзе муаллифлигидаги энг енгил кинокартиналардан бири ҳисобланади.Асар марказида Доғистон қишлоқларидан бирида яшовчи Баҳодир Магомедов бўлиб, у ўша қишлоқнинг энг сулув қизи Серминазни ўзига жалб қилмоқчи бўлади. Серминазнинг Муги уруғидан эканлиги, Баҳодирлар оиласи эса уларга нисбатан адоватли муносабатда бўлиб келгани вазиятни оғирлаштиради. Адоват шу қадар узоқ вақтдан бери давом этардики, ҳатто айнан нимадан бошлангани ҳам номаълум эди. Шунга қарамай, йигит совчи қўйиш учун азалий удумни бажаради — бош кийимини қизнинг уйига ташлайди ва шундан сўнг, бошқа анъанага кўра, унга совға қидиришга кетади.
Узоқ ва ҳаяжонли саргузаштлардан сўнг Баҳодир гўзалнинг қўлига бошқа даъвогарлар қатори «маржон» тутқазади. Оқсоқоллар уни куёвликка энг муносиб номзод сифатида кўришади. Бироқ оилалар ўртасидаги азалий адоват орага тўғаноқ бўлиб турганди. Шунда қишлоқдаги энг кекса киши низо нимадан бошланганини айтиб, оғир вазиятни енгиллаштиради. Хуллас, икки оила ўртасидаги келишмовчилик ер юзи ниманинг устида тургани ҳақидаги тортишувдан кейин пайдо бўлганди: бир томон уни тошбақа кўтариб турганини, қарши томон эса у кийик шохларига таяниб турганини даъво қилган. Ёшлар можаро сабабининг аҳамиятсиз эканини англаб, ярашадилар ва турмуш қурадилар.
Муҳаббат ҳақидаги бу нозик, гўзал ва бироз «маккорона» фильм кассада муваффақият қозона олмаган ва эришган энг катта эътирофи Тбилисида бўлиб ўтган Бутуниттифоқ кинофестивали мукофотига сазовор бўла олгани эди, холос. Кўпчилик Тенгизнинг бу асарига жиддий қарамай, уни кўнгилхушлик учун ва энг муҳими, инжиқ ҳукумат қўйган цензурадан бироз дам олиш мақсадида яратилган деб билади.
«Илтижо» фильми
«Илтижо» (1967) драмаси Тенгиз Абдуладзенинг «Илтижо», «Орзу дарахти» ва «Тазарру» фильмларидан иборат трилогиясидаги биринчи картина ҳисобланади. Мазкур фильм таниқли грузин шоири Важа Пшавеланинг «Алуда Кетелаури» ҳамда «Меҳмон ва мезбон» поэмалари асосида суратга олинган.Поэмаларда келтирилган фалсафий масалларда шоирнинг эзгулик ва ёвузликка муносабати, одамлар устидан ҳукм ўтказишга даъво қилаётган ёвузликка қарши кураш зарурати ҳақида сўз боради. Ҳақиқат ва эзгулик ҳимоячилари бўлган қаҳрамонлар ўлими шоирни ёвузликнинг енгилмаслиги ғоясига етаклайди. Кураш ва жудоликлардан безган шоир таслим бўлади. Шунда унинг барча севикли қаҳрамонлари келиб, хеврусларга (грузинларнинг этнографик гуруҳи, Хевсуретия тоғли минтақасининг туб аҳолиси — таҳ.) хос, воз кечишни англатувчи анъанани адо этишади: пиво қадаҳларидаги шамлар ўчирилади. Шоир ёвузлик билан курашишдан бош тортиш қандай оқибатларги олиб келишни кўриб, яна қўлига қурол олади.
Тенгиз Абдуладзенинг бу асарида режиссёрлик маҳоратидан ташқари яна учта асосий нарса кўзга ташланиб туради. Биринчиси — Пшавела шеъриятининг ажиб сеҳри. Иккинчиси — ҳар бир кадрни чинакам санъат асарига айлантирган оператор Александр Антипенко санъати. Учинчиси — ҳайратланарли мусиқа, картинада айтилмаган барча нарсани томошабинга етказиб берган Нодар Габуния партитураси.
«Илтижо» 1973 йилда Сан-Ремода ўтказилган кинофестивалда энг юксак мукофотга лойиқ кўрилган.
«Орзу дарахти» фильми
Режиссёр трилогиянинг иккинчи қисми ҳисобланган «Орзу дарахти»да (1977) қадимий қонунлар адолатсизлиги мавзусини давом эттиради. Кўплаб кинотанқидчилар уни грузин киносининг бадиий кучи юксак, ажойиб намунаси сифатида тилга олади.Фильмда Марита исмли қизнинг инқилобдан олдинги грузин қишлоғига қайтиши ва камбағал қишлоқдоши Гедия билан ораларида кечган ишқий муносабат ҳақида сўз боради. Маританинг қариндошлари ва қишлоқ оқсоқоли қизни унинг хоҳишига қарши бой чўпонга беришга қарор қилади. Аммо тўйдан кейин Гедия севгилисининг ёнига қайтиб келади ва улар яна учрашади.
Бу учрашувдан хабар топган куёвнинг қариндошлари қишлоқ оқсоқоли бошчилигида Маритани омма олдида сазойи қилишади: қизни эшакка тескари миндириб, қишлоқдан олиб чиқишади ва лойга улоқтиришади. Фильм севишганларнинг ўлими билан тугайди.
Фильм инқилобдан олдинги Грузия қишлоғидаги ҳаёт ҳақида тасаввур берувчи турли ҳолатлар билан бойитилган. Булоқ бўйидаги ғийбатчи аёллар юзини оққа бўяб олган Фуфала исмли телба аёлни кулги остига олишади. Оқкўнгил, бироқ ақли заиф Элиоз кунларини гоҳ ҳикматли тош, гоҳ олтин балиқ излаб ўтказади, кейин эса бешта бўйи етмаган қизларини қаровсиз ташлаб, сеҳрли дарахтни — ўша орзу дарахтини излашга кетади.
Фильм Карлови Варидаги Халқаро кинофестивалда махсус мукофотни, Бтуниттифоқ кинофестивалида бош совринни ва Италия прокатидаги энг яхши хорижий фильм учун «Давид ди Донателло» мукофотини қўлга киритган.
«Тазарру» фильми
Тенгиз Абдуладзе ижодининг ҳақиқий чўққиси «Тазарру» (1984) кинокартинаси ҳисобланади. Бу унинг сўнгги ижодий иши эди.Сюжетга кўра, собиқ шаҳар ҳокими бир шаҳарга дафн қилинади. Тонгда эса унинг жасади ўғли Авелнинг ҳашаматли уйи ёнидан топилади. Дабдабали дафн маросимидан сўнг бу ҳолат, албатта, ўта ажабланарли кўринарди.
Бу сирли ҳодиса уч марта такрорланганидан сўнг Варлам Аравидзенинг қабри яқинига пистирма қўйишади, бу ишда унинг набираси Торнике ҳам иштирок этади. Номаълум киши ҳокимнинг қабрига яқинлашиб, яна унинг жасадини қазиб олишга чоғланганда Торнике нотаниш шахсга қарата ўқ узади ва уни яралайди. Қўлга олиш вақтида унинг Кетеван Баратели исмли аёл экани маълум бўлади.
Суд жараёнида аёл ўз оиласининг барбод бўлишида Варлам Аравидзе қандай ўрин тутгани ҳақида сўзлаб беради. Аён бўлишича, Кетеван саккиз ёшидалик вақтида Варлам Аравидзе ҳокимият тепасига келган ва сохта айблов билан унинг рассом отасини, кейин эса онаси Нинони ҳибсга олган. Бундан ташқари Варлам Аравидзе даврида шаҳарда оммавий сиёсий қатағонлар уюштирилиб, кўплаб бегуноҳ одамлар ёстиғи қуритилгани аён бўлади.
Бу воқеалардан ҳайратга тушган ва золим бобосининг қилмишларини оқлашга уринаётган отасини тушуна олмаган Торнике ўз жонига қасд қилади. Шундан сўнг Авел Аравидзенинг ўзи отасининг жасадини қабрдан қазиб олиб, қоялар тепасидан пастга ташлаб юборади.
Катта қийинчиликлар билан экранларга узатилган ушбу картина миллионлаб инсонлар онгини ларзага келтирди. Шу билан бирга, кўплаб нуфузли мукофотлар ҳам ҳақли равишда қўлга киритилди: Махсус Гран-При, FIPRESSI ҳамда Канн кинофестивалининг экуменик ҳайъати совринлари, олтита номинация бўйича, шу жумладан, 1987 йилнинг энг яхши фильми учун, «Ника» мукофоти, «Чет тилидаги энг яхши фильм» йўналиши бўйича «Олтин глобус», Чикагодаги Халқаро кинофестивалнинг махсус соврини, Бутуниттифоқ кинофестивалида махсус соврин ва Польшада йилнинг энг яхши хорижий фильми учун танқидчилар мукофоти.
«Тазарру»нинг охирги лавҳасини алоҳида шедевр сифатида баҳолаш мумукин. Деразадан ташқарига боққан Кетеван қаршисида турган кампирга кўзи тушади (афсонавий грузин актрисаси Верико Анжапаридзе томонидан ижро этилган). «Қизим, бу йўл ибодатхонага олиб борадими?» — деб сўрайди кампир. «Бу Варлам кўчаси. Ибодатхонага бориб бўлмайди», — дея жавоб беради аёл. «Агар Худонинг уйига олиб бормаса, бу йўлнинг нима кераги бор?» — ажабланади кампир.
Изоҳ (0)