Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилаётган йиғилишда тараққиёт стратегиясидаги яна бир муҳим вазифа хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришдан иборатлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири. Бу йўналишда 12 та мақсадга эришиш учун 77 та топшириқ кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Дунёда ва минтақада юзага келаётган хавф-хатарларни инобатга олиб, ярим йилдан буён ишланаётган Янги Ўзбекистон хавфсизлиги концепциясини қабул қиламиз», – дейди президент.

Масъул ташкилотлар икки ҳафта муддатда ушбу лойиҳани тасдиқлаш учун киритиш вазифа этиб белгиланди. ДХХ ҳамда АКТ вазирлиги ахборот технологиялари билан боғлиқ хуружларнинг олдини олиш ва киберхавфсизликни таъминлаш тизимини яратиши кераклиги билдирилди.

Шунингдек, Қуролли Кучларнинг ягона автоматлашган бошқарув тизимининг ишга туширилиши, фавқулодда вазиятларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг белгилаб олиниши таъкидланди.

Масъуллар ички ва ташқи молиявий оқимларни мониторинг қилиш ва улар билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган янги механизмларни ишлаб чиқиши кераклиги билдирилди.

Йўналишларга масъул барча раҳбарлар 1 февралга қадар ҳар бир мақсад ва топшириқлар ижрочиларини йиғиб, уларнинг олдига биринчи чорак, ярим йиллик ва йил якунигача вазифаларини белгилаб бериши, ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб, оммавий ахборот воситалари орқали, кенг жамоатчиликка ҳисобот бериб бориши маълум қилинди. Дастурга киритилган 398 та чора-тадбирни сифатли амалга оширишга вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари бевосита масъул ҳисобланиши айтилди.

«Ҳар бир топшириқнинг ўз вақтида бажарилиши ва натижадорлигига ушбу масъуллар шахсан жавоб беради ва уларнинг фаолиятига ҳар чоракда баҳо бериб борилади», – дейди президент.