Хоразм вилоятида икки йил аввал ўта мудҳиш воқеа юз берган. Ичкиликка ружу қўйган фуқаро аввал пулни баҳона қилиб сотувчини пичоқлаб ташлайди. Сўнг ушбу жиноятни ошкор қилмоқчи бўлган танишини ҳам ваҳшийларча болға билан уриб ўлдиради. «Дарё» ҳолат тафсилотлари ҳақида «Бир жиноят изидан» кўрсатувига асосланган ҳолда материал тайёрлади.

Биринчи қотиллик

2020 йилнинг 2 апрель куни Боғот тумани ички ишлар бўлимига тумандаги «Маънавият» маҳалласи Ғайрат кўчасида жойлашган савдо дўконининг эгаси Фахриддин Қурёзев пичоқлангани ҳақида хабар келиб тушган. Жабрланувчи йўловчи машинада тез тиббий ёрдамга олиб келинган ва шифохонада вафот этган.

Боғот туман прокурори Алишер Рўзметовнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат бўйича тезкор тергов гуруҳи тузилиб, зудлик билан Боғот тумани тиббиёт бирлашмасига борилган.

Боғот туман прокурори Алишер Рўзметов

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

«Ҳақиқатан ҳам, ‘Маънавият’ маҳалласида яшаган, 1979 йилда туғилган Фахриддин Қурёзев чап кўкрак соҳасидаги санчиб кесилган жароҳатлари етказилгани натижасида вафот этгани аниқланди», — дейди у.

Мазкур ҳолат содир бўлгандан сўнг Хоразм вилояти прокуратурасида ҳам шошилинч тергов гуруҳи тузилиб, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ходимлари Боғот туманига юборилган. Шу маҳаллада яшовчи, 1976 йилда туғилган Исломбек Абдуллаев яшириниши мумкин бўлган жойлар аниқланиб, шу куннинг ўзида қўлга олинган.

Маълум бўлишича, айбланувчи Исломбек Абдуллаев 2020 йилнинг март ойида ишлаб топган 200 долларини маҳалласидаги озиқ-овқат дўкони эгаси Фахриддин Қурёзевга бериб қўйган. Бир неча бор дўкондан озиқ-овқатлар билан бирга, спиртли ичимликлар ҳам сотиб олган. Айнан фожиа содир бўлган куни Фахриддин Қурёзев томонидан ҳеч қандай қўполлик ёки даҳанаки айтишувлар бўлганини ҳеч ким эслолмайди.

Айбланувчи Исломбек Абдуллаев 2 апрель куни эрта тонгдан Фахриддин Қурёзевнинг дўконига келиб, олдиндан бериб қўйган пулидан «17,5 минг сўм уриб қолдинг» деб жанжал кўтарган ва дўкондан чиқиб кетган.

Хоразм вилояти прокуратурасининг бўлим бошлиғи Музаффар Жуманиёзовнинг айтишича, Исломбек Абдуллаев гўшт сотиш шохобчасидан пичоқ олиб бориб, Фахриддин Қурёзевни унинг турмуш ўртоғи Гулруҳ Қурбонованинг кўз олдида кўкрак ва юрак соҳасига 2 марта пичоқ санчиб, қасддан ўлдирган.

Хоразм вилояти прокуратурасининг бўлим бошлиғи Музаффар Жуманиёзов

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

«Исломбек Абдуллаев пичоқни чўнтагида олиб келган. Унда пичоқ бор эканлигини сезишмаганмиз. Ҳолат беш дақиқанинг ичига бўлиб кетди», — дейди Гулруҳ Қурбонова.

Фахриддин Қурёзевнинг турмуш ўртоғи Гулруҳ Қурбонова

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Исломбек Абдуллаевга пичоқни қассоб бермаган, қассоб бошқа бир фуқарога гўшт кесиб турганида Исломбек тасодифан кириб, пичоқни олиб кетган.

Маҳалла фаолларидан бири Олим Қурбонов, жумладан, шундай дейди:

Маҳалла фаоли Олим Қурбонов

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

« ‘Гўшт оламан’ деди, ‘гўшт кам бор, суякли гўшт бор’, дедим. Исломбек пичоқни олиб кетганида ‘бир дақиқада келаман’, деди. Кутиб ўтирдим. Қарасам у дўконга киряпти экан, кейин овоз келди. Борсам, бизнинг пичоғимиз экан».

Профилактика инспектори Музаффар Сапоев мазкур ҳолатга ёшликдан нотўғри тарбия берилганлиги, спиртли ичимлик таъсири сабаб бўлганини айтди.

Профилактика инспектори Музаффар Сапоев

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

«Жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни ўтказмоқдамиз. Прокуратура, Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ‘тун тадбирларини’ ташкил қиляпмиз. Бундан ташқари, спиртли ичимликларнинг ноқонуний сотилишига чек қўйиш мақсадида назорат органлари билан биргаликда ишларни ташкил қиляпмиз. Шунингдек, жамоатчилик назорат масканлари, тунги рейдлар уюштирилмоқда. Ёшлар ўртасида бу каби жиноятлар содир бўлишини олдини олиш мақсадида мактабларда ҳам учрашувлар ўтказиб келинмоқда», — дея қўшимча қилади у.

Иккинчи қотиллик

Воқеа жойидан яшириниш мақсадида Исломбек Абдуллаев шу маҳаллада яшовчи, 1971 йилда туғилган Ойбек Қурёзевнинг уйига боради. Улар ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқади ва Исломбек Абдуллаев Ойбек Қурёзевни ҳам ўлдиради.

«Исломбек Абдуллаев ҳодиса жойидан яшириниш мақсадида, шу маҳаллада яшовчи қариндоши Ойбек Қурёзевнинг уйига боради. Ойбек Қурёзев Исломбекнинг эгнидаги кийимлари қонлигини кўриб, сабабини сўраганида, у Фахриддин Қурёзевни қасддан ўлдирганини айтган. Ойбек Қурёзев Исломбек Абдуллаевга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ўзи таслим бўлиши лозимлиги ҳақида тушунтириб, акс ҳолда ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига хабар беришини билдиради. Шундан кейин Исломбек Абдуллаев жиноятини яшириш мақсадида Ойбек Қурёзевни ўлдирмоқчи бўлиб, унинг юз қисмига мушти билан уради. Ойбек Қурёзев ҳушидан кетганидан кейин шу хонадаги печканинг ёнида турган болғани олиб, бош қисмига бир неча маротаба шафқатсизларча уриб ўлдиради», — дейди Хоразм вилояти прокуратурасининг бўлим бошлиғи Музаффар Жуманиёзов.

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «р» банди (қасддан одам ўлдириш ўта шафқатсизлик билан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари келишилган.

Боғот тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари Мурод Раҳимбоевнинг айтишича, «Маънавият» маҳалласида жиноят содир қилинганидан кейин маҳалла раиси ҳамда профилактика инспектори интизомий жазога тортилиб, лавозимларидан озод қилинган.

Боғот тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари Мурод Раҳимбоев

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

«Ҳозирги кунда профилактика инспекторлари томонидан шу жиноятчиликни олдини олиш бўйича асосан ‘тун тадбирлари’ ташкил қилиниб, тунда бемаҳал юрган фуқароларни ИИБ бўлимларига ҳамда таянч пунктларига олиб келинмоқда. Шунингдек, уларнинг шахси аниқланиб, бармоқ излари олиниб, яшаш жойига олиб бориб қўйиляпти», — дея қўшимча қилади у.

Маҳалла раиси Тўрабек Қобилов Исломбек Абдуллаев аслида доимий ичкиликка берилганини, ичкиликбозлик билан шуғулланиб келганлигини, маҳаллада ҳам ичкиликка берилгани, характери билан обрў-эътибордан тушганини айтиб ўтди.

Маҳалла раиси Тўрабек Қобилов

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

«Исломбекнинг шериги Ойбек Қурёзев ҳам ичкиликка берилган. Буни ичкиликнинг 4-даражаси дейди. Буларнинг кўзига ичишга ароқ топилмай қолган вақтида на оиласи, на фарзандлари, на таниш-билиши кўринади», — дея қўшимча қилади маҳалла раиси.

Ҳукм

Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси Улуғбек Бектурдиевнинг маълум қилишича, вилоят суди томонидан Исломбек Абдуллаевга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, «ж», «р» бандлари билан айбли деб топилиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.