Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Юк ташиш нархи 2020 йил бошига нисбатан 7 баробар, етказиб бериш муддати эса тўрт—олти баробар ошган. Бундан ташқари, пандемия бошланганидан сўнг дунёнинг йирик транспорт компаниялари кемалар туриб қолиши, иш тартибининг бузилиши ва юкларни етказиб беришнинг кечикиши ҳолатларини қайд этди. Бу муносабат билан юк эгалари муқобил йўналишларга ўтишга ҳаракат қилар эди. Шу жумладан, Узоқ Шарқ портлари орқали.

Юзага келган вазият, табиийки, Ўзбекистоннинг денгизга чиқадиган ўз йўли йўқлиги билан боғлиқ муаммоларни сезиларли даражада мураккаблаштирди. Юк ташиш нархларининг ошиши ҳамда товар ва хом ашёларни етказиб бериш муддатларининг узайиши мамлакатнинг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатди, лекин истеъмолчига энг кўп таъсир қилгани — автомобилсозлик соҳаси бўлди.

«Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг хабар беришича, агар 2019 йилда автомобиль ускуналарининг контейнер орқали етказиб берилишини кутиш муддати 30—40 кун оралиғини ташкил этган бўлса, бугунги кунда Жанубий Корея, Хитой ва Россиядаги денгиз портлари юкламасининг ортиб кетиши оқибатида ушбу муддат 6 ойгача чўзилмоқда. Шу билан бирга ниманидир олдиндан айтиш ёки прогнозлаш имконияти мавжуд эмас. Бошқача айтганда, худди шу танқис яримўтказгичлар энди номаълум муддатга кечикиб ҳам келмоқда. Қолаверса, бу тарифларда ҳам акс этди: агар 2020 йилда бир контейнерни Кореядан Ўзбекистонга олиб келишнинг ўртача нархи 4,5 минг долларни ташкил этган бўлса, бугун у 14 минг долларга етди.

Тўртинчи чорак бошидан дунёнинг энг йирик портлари контейнер айланмаси секинлаша бошлаганига қарамай, контейнер орқали юк ташиш соҳасидаги хизматлар танқислиги инқирози тўхтагани йўқ. Йирик портларда юк кемаларининг узун навбатлари тўпланиб, етказиб бериш занжирларини узмоқда. Ишлаб чиқарувчи ва ретейлерлар нархларнинг ўсиши, товарлар танқислигидан огоҳлантирмоқда. Баъзи йирик компаниялар эса ҳатто қопларда юк ташишга ўтишмоқда.

Логистик алоқалар издан чиқишининг дастлабки белгилари 2020 йилнинг иккинчи ярмидаёқ, жаҳон иқтисодиёти пандемия сабабли юзага келган ўткир инқироз босқичидан чиқа бошлаган вақтда кўзга ташланди. Экспертлар ушбу нохушликларнинг асл сабаби сифатида АҚШда аҳоли ва бизнеснинг давлат томонидан мислсиз даражада молиявий қўллаб-қувватланиши шароитида истеъмолчилар талабларининг ортиб кетишини кўрсатишмоқда.

Ички таклиф билан таъминланмаган талаб импортнинг кескин ошиши кўринишида акс-садо берди. Бу ўз навбатида, аввало, Хитой ва АҚШдан контейнер орқали юк ташишнинг бирданига ортиб кетишига сабаб бўлди.

Денгизда контейнер орқали юк ташиш соҳаси пандемиягача ҳам захира қувватларисиз ишлар эди ва халқаро юк ташишга бўлган эҳтиёжнинг ортиши фрахтлар нархининг кўтарилишини келтириб чиқарди — кемада юк ташиш компаниялари хизматларининг нархи 7 маротабадан кўпроққа ошди. Бундан ташқари, экспортни кенгайтириш орқали хитойликлар импортни қисқартирди, оқибатда АҚШда кўп миқдорда юк ташувчиларга қайтариш фойдасиз бўлган бўш контейнерлар йиғилиб қолди, бу эса бўш контейнерлар ижараси нархларининг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетишига сабаб бўлди.

Осиё—Америка йўналишида юклар транспортировкаси нархининг қимматлашиши ҳамда контейнерлар танқислиги оқибатида контейнер ташувчилар ва эркин контейнерлар бошқа йўналишлардан кета бошлади. Бунинг натижасида инқироз аста-секинлик билан бутун дунёдаги логистик занжирлар бўйлаб тарқалиб, товарлар ҳаракатланишини секинлаштирди.

Денгиз орқали юк ташишнинг қимматлиги Хитойдан Европага қатновчи траспорт оқимини Россия транспорт инфраструктурасига йўналтирди. Оқибатда Россияда кўпроқ фойда келтирувчи транзит юк ташиш бошқа давлатларга (хусусан, Ўзбекистонга ҳам) хизмат кўрсатишни иккинчи планга суриб қўйди ва бу Узоқ Шарқ порти орқали хом ашё ва товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Изоҳ
Асосий янгиликлар