Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ижтимоий тармоқларда 8 январь куни автобензин нархи арзонлашганига оид хабарлар тарқалди. Шу юзасидан «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати муносабат билдирди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Таъкидланишича, «Ўзбекнефтгаз» томонидан автобензин тақчиллиги олдини олиш, истеъмолчилар талаб ва таклифларига биноан нархларнинг арзонлаштирилиши босқичма-босқич амалга оширилиши йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги ўзгаришлар энг аввало жамият матбуот хизмати ва ОАВ орқали расман оммага етказилади.

Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг топшириғига асосан, ишчи гуруҳлари тузилиб, нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олинган.

«Бензин тақчиллигининг олдини олиш ва унинг нархларини арзонлаштириш борасида ‘Ўзбекнефтгаз’, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Товар-хом ашё биржаси ҳамкорлигида чора-тадбирлар бажарилмоқда.

Бугунги кунда биржа савдолари орқали савдога чиқарилаётган автобензин сотиб олиниб, истеъмолчига етказиб берилгунга қадар (солиқ, рентабеллик, транспорт харажатлари ва бошқа харажатлар) 6700 сўмни ташкил этмоқда.

Харажатларни камайтириш борасида қилинаётган ишларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунда ‘Ўзбекнефтгазъга қарашли UNG Petro корхонаси АЁҚШларида 6500 сўмдан сотиб келинмоқда. Республика ҳудудидаги ‘Ўзбекнефтгаз’нинг барча АЁҚШларда бензин шу белгиланган нархда сотилиши таъминланмоқда.

Автобензин нархи арзонлашиши борасида янгиликлар жамиятнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълон қилинишини маълум қиламиз» – дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон биржа савдоларида Аи-80 бензин нархи бир ҳафтада қарийб 6,3 фоизга арзонлашгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрдан буён биржа савдоларида Аи-80 бензинининг нархида тушиш кузатилмоқда. Шу куни савдоларда бензин нархи 9 миллион 365 минг сўмгача тушиб, 15 ноябрга нисбатан 8 фоизга арзонлашган. 18 ноябрь куни эса 9 миллион 180 минг 500 сўмга пасайиб, 9 фоизга арзонлашган. 22 ноябрь ҳолатига кўра бензин нархи ҳамон тушишда давом этмоқда. Биржа матбуот хизматининг маълум қилишича, 15–21 ноябрь кунлари бензиннинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 129 400 сўмдан 9 168 400 сўмгача, яъни 9,5 фоизга пасайган. 23 ноябрь куни Ўзбекистон биржа савдоларида Аи-80 бензин нархи бир ҳафтада 15 фоизга арзонлашгани маълум бўлди. 20—26 декабрь кунлари эса Аи-80 автомобиль бензинининг нархи 4,8 фоизга арзонлашган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар