Давлатлар ўзаро элчи алмашишни бошлар экан, бир неча кишининг бегона давлат ҳудудида хавфсиз бўлиши қийин масала эканлигини қадим-қадимдан яхши англаган, зеро ўлимни елкасига олиб, салкам душман ерига бориш катта жасорат. Шунданми, элчиларни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўлдирмаслик анъанаси пайдо бўлган. Бироқ тарих шуни кўрсатадики, «элчига ўлим йўқ» нақлига ҳар доим амал қилинавермайди.
Қудуққа ташланган Доро элчилари
Тарихдаги илк элчилар қирғини антик даврга бориб тақалади. Дунёдаги биринчи империя ҳисобланувчи Аҳамонийлар давлати Осиёдаги улкан ҳудудларни забт этгач, энди Юнонистон шаҳарларини эгаллашни мақсад қилади. Фракия ва Македония истилосидан сўнг Аҳамонийлар шоҳи Доро I юнон шаҳарларига таслим бўлиш талаби билан элчилар жўнатилади. Форс армиясининг қудратидан қўрққан аксарият грек шаҳарлари Доронинг ер ва сув ҳақидаги талабига рози бўлиб, унга итоат изҳор этади.Аммо Юнонистоннинг Афина шаҳрига келган форс элчилари юқори дарадан ташлаб юборилади. Элчиларни қудуққа ташлаб юборган спарталиклар эса заҳархандалик билан «керакли ерни ҳам, сувни ҳам қудуқ тубидан топасиз» деб заҳарханда қилади. Ушбу қарорни қабул қилган Спарта ҳукмдори Леонид кейинчалик форсларга қарши чиққан машҳур «Уч юз спарталик» сафида ҳалок бўлган.
Ўтрор фожиаси
Осиё тарихидаги илк элчилар қатли ҳисобланувчи Ўтрор фожиасига қадар Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Чингизхон бир неча маротаба ўзаро элчилар алмашади. Шимоли-шарқий Хитойда жанговар ҳаракатлар олиб бораётган Чингизхон Хоразмшоҳлар империяси билан ҳали урушга кириш ниятида эмас эди. Хон савдо алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор бўлиб, Хоразмшоҳнинг Бағдод халифаси билан низоларидан ҳам хабардор бўлган.1218 йили 450 (баъзи манбаларда 500) кишидан иборат мўғул савдо карвони Хоразмшоҳлар салтанати томон йўлга чиқади. Хоразмшоҳларнинг чегара шаҳри ҳисобланмиш Ўтрорга етиб келган карвон тақдири фожиали якун топади. Шаҳар ҳокими Инолчиқнинг буйруғи билан карвон мол-мулки мусодара қилинади ва карвондаги барча қатл қилинади. Фақатгина бир туякаш бу қатлиомдан омон қолади ва воқеа ҳақида буюк хонга хабар етказади.
Ниҳоятда ғазабланганига қарамай, Чингизхон ўзини босади ва Муҳаммад Хоразмшоҳдан тирик қолган карвон аъзоларини қўйиб юборишни ва Ўтрор волийси Инолчиқни жазолашни сўраб элчилар жўнатади. Хоразмшоҳ эса ҳузурига келган Чингизхон элчиси Ибн Кафрож Буғрохонни ўлдириб, калласини танасидан жудо қилади. Унга ҳамроҳ бўлиб келган икки кишини эса отга тескари боғлаб, Мўғулистонга қайтариб юборади.
Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бундай ҳаракати, шубҳасиз, халқаро дипломатик анъаналарни бузиш эди ва тез орада Чингизхон бунга жавобан Хоразмшоҳлар давлатига юриш бошлайди. Ички низолар гирдобидаги Хоразмшоҳлар салтанати эса бу ҳужумдан бутунлай қулайди.
Мўғул элчиларининг яна бир фожиаси
Чингизхон вафотидан сўнг ҳам унинг авлодлари ҳарбий юришларни давом эттиради. Хусусан, буюк хоннинг невараси Ҳулоку Эронни забт этиб, Кичик Осиё томон юради. Бу вақтда мўғулларнинг ушбу ҳудудлардаги асосий рақиби Мамлуклар давлати (асосан Кавказорти ва Ўрта Осиёдан қул қилиб олиб келинган туркийлар томонидан тузилган давлат) эди.1256 йили Бағдодни эгаллаб, Аббосийлар халифалигини тугатган Ҳулоку Алеппо ва Дамашқни ҳам қўлга киритиб, сўнг Қоҳирага — Мамлуклар давлати пойтахтига ўз элчиларини жўнатади.
Ҳулоку мамлуклар султони Қутузга таҳдидли хат жўнатиб, унда: «Бизнинг қиличимиздан қочган мамлук Қутуз! Бизнинг бошқа мамлакатларни қай аҳволга солганимизни кўрдинг. Сен биздан қочиб қаёққа ҳам бора оласан? Отларимиз чаққон, камон ўқларимиз ўткир, қиличларимиз чақмоқдек, юракларимиз тоғдек қаттиқ, аскарларимиз сони қум зарралари каби кўп», дея таҳдид қилади.
Бунга жавобан Миср султони мўғул элчиларини бошини танасидан жудо қилади ва узилган бошларни Қоҳира дарвозаларидан бирига осиб қўяди. Тез орада бошланган урушнинг ҳал қилувчи Айн-Жолут жангида мамлуклар мўғул қўшинини тор-мор қилади.
Соҳибқирон элчиларининг шум тақдири
Ҳиндистонга қарши муваффақиятли урушдан сўнг Амир Темур Кичик Осиё томон отланади. Етти йиллик уруш деб номланган ушбу юриш соҳибқирон фаолиятидаги энг йирик ҳарбий сафар эди.1400 йил бошларида Кичик Осиёга етиб келган Амир Темур Миср ва Сурияда жойлашган Мамлуклар давлатига қарши юриш бошлашга қарор қилади. Сурия шаҳарларига ҳужум қилишдан олдин амир, доимгидек, тирик қолиш эвазига таслим бўлишни таклиф қилиб, Дамашққа элчилар юборади.
Бироқ Дамашқ ҳокими Судун Темур элчиларини қатл эттиради. Оқибатда Мовароуннаҳр қўшини Сурияга бостириб киради ва бирин-кетин Шом шаҳарларини, жумладан, Дамашқни ҳам эгаллайди.
Оломон қурбонига айланган Грибоедов
Александр Грибоедов дипломатликдан ташқари шоир, композитор ва драматург эди. Рус империясининг Эрондаги элчиси сифатида фаолият юритган Грибоедов Россия ва Эрон ўртасидаги Гулистон ҳамда Туркманчой шартномаларини имзолашда катта рол ўйнаган.Форс давлатини Кавказортидаги ерларидан маҳрум қилган бу шартномалар эронликларнинг норозилигига сабаб бўлади. 1829 йили, Туркманчой шартномаси имзолангандан бир йил ўтиб, Россиянинг Теҳрондаги элчихонасига минглаб диний мутаассиблар ҳужум қилади.
Ҳужум оқибатида элчихонани қўриқлаётган маҳаллий аскарлар, казаклар, рус дипломатлари, хусусан, Александр Грибоедов ҳам ҳалок бўлади.
«Бухоролик Бёрнс»
Буюк Британия империяси ҳамда Европага Бухоро амирлиги бўйича қимматли маълумотларни олиб келгани учун элчи ва айғоқчи Александр Бёрнс »Бухоролик Бёрнс» деб аталади. Унинг 1835 йили нашр этилган «Бухорога саёҳат» асари ўз даврининг энг оммабоп китобига айланади.Дипломат 1841 йили Афғонистонда элчилик вазифасини бажараётган вақтида барча мусибатларига Британияни айбдор деб билган афғон оломони томонидан ўлдирилган.
ХХ аср — «Элчига ўлим!»
Янги аср элчилар қотиллигининг дастлабкиси 1918 йили Россияда юз беради. Октябрь инқилобдан кейин мамлакатда бошланган тўс-тўполонлар даврида Германия билан урушни давом эттириш истагидаги сўл социалистик кучлар (эсерлар) немис элчисини ўлдиришга қарор қилади.6 июль куни Москвадаги Германия элчихонасига сохта ҳужжат билан эсерлар тарафдори бўлган икки киши кириб келади. Улар элчи Вилгелм фон Мирбахнинг хонасига кириб, уни отиб ўлдиради ва дераза ошиб қочиб кетади. Бироқ қотиллик ундан кўзланган мақсадни рўёбга чиқармайди.
2020 йил 4 ноябрда Москвада фон Мирбах хотирасига лавҳа ўрнатилди.
***
АҚШнинг қотиллик қурбонига айланган биринчи элчиси Жон Гордон Майн 1968 йили Гватемаладаги фуқаролар уруши пайтида ҳукуматга қарши кучлар томонидан ўлдирилади. Аммо у Гватемалада ўлдирилган ягона элчи эмас эди.
Орадан икки йил ўтиб, 5 апрель куни бундан аввалроқ ўғирлаб кетилган Ғарбий Германиянинг Гватемаладаги элчиси Карл фон Спрети ҳам ҳалок бўлгани маълум бўлади. Германия ҳукумати бунга жавобан Гватемала билан барча дипломатик алоқаларини узади.
***
АҚШнинг яна бир элчиси Роджер Дэвис 1974 йили Кипрда дипломатик хизматини бажараётган пайтида, Америка элчихонаси олдига тўпланган Кипр юнонлари томонидан ўлдирилган.
***
1979 йил февралида АҚШнинг Афғонистондаги элчиси Адолф Дабс афғон ҳарбийлари кийимидаги террорчилар томонидан ўғирлаб кетилади ва гаровга олинади. Элчини озод қилиш бўйича операция унинг ўлими билан тугайди.
***
Кўплаб элчилари қотиллик қурбонига айланган давлатлардан яна бири, бу — Туркиядир. 1975 йили икки кун фарқ билан мамлакатнинг Австрия ва Франциядаги элчилари — Дониш Туналигил ва Исмоил Эрез элчихона ёнида ўлдирилиб кетилади. Қотилликлар ортида арман миллатчи-террорчи ташкилоти — ASALA (Armenian Secret Army for the Liberation of Armenia) тургани маълум бўлса-да, қотилликни амалга оширган шахслар ҳозирги кунга қадар аниқланмаган.
1977 йили Туркиянинг Италиядаги дипломати Таҳа Карим, 1983 йили эса Югославиядаги турк элчиси Ғолиб Болқор арман миллатчиларининг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда арман қўпорувчилари 30 дан зиёд турк дипломатларининг ҳаётига зомин бўлган.
***
Ирландия Республикасининг Буюк Британиядан ажралиб чиқиш жараёнида мамлакатдаги инглиз элчиси Кристофер Эварт-Биггс тайинланганидан бор-йўғи икки ҳафта ўтиб, 1976 йил 21 июлда айирмачилар томонидан ўлдириб кетилади.
***
Элчилар учун ўлим ўчоғи ҳисобланувчи Ливанда СССР, АҚШ, Франция, Испания ва Ироқнинг 10 га яқин дипломатлари ўлдирилган.
***
Умуман олганда, ХХ асрдан бошлаб элчиларни ўлдириш давлат ёки тузумга нисбатан норозилик кўриниши ёки хун олишга айланиб қолди. Террорчи ташкилотлар ёки Шимолий Корея каби мамлакатларнинг махсус хизматлари амалдаги ҳукуматга қарши ҳаракат ёки душманлик юриши сифатида элчиларни овлай бошлайди. Бу эса элчилар хавфсизлигини янада муҳим масалага айлантиради.
2016 йили 19 декабрда Туркияда рус элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши сўнгги йиллардаги энг шов-шувли қотилликлардан бири бўлди ва у юқорида санаб ўтилган мотивлар сабаб амалга оширилган. Анқарадаги санъат кўргазмасида нутқ сўзлаётган пайти рус элчисига ўқ узган собиқ полициячи Мавлуд Олтинтош: «Бу Алеппо учун! Биз у ерда ўламиз, сен эса шу ерда!», дея бақиради.
Қотиллик Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари учун олинган хун сифатида кўрилди.
Ҳозирча сўнггиси бўлиб турган элчи қотиллиги 2021 йилнинг 22 февралида Конго ДРда содир этилди. Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида Шимолий Киву провинцияси томон кетаётган Италия элчиси Лука Аттанасио кутилмаганда жангарилар ҳужумига учради ва қорнидан еган ўқ натижасида ҳалок бўлди.
Шундай қилиб, асрлар давомида амал қилиб келинган «элчига ўлим йўқ» нақли, таъбир жоиз бўлса, сўнгги икки асрда «элчига ўлим» шиорига айланди.
Изоҳ (0)