Фарғона давлат университети ўқитувчиси бировдан олган 57 миллион сўмни тотализаторда ютқазиб қўйгани учун қабристонда ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

17 ноябрь куни соат 16:00 лар атрофида Шаҳрихон туманида яшовчи Р.Б. мазкур ҳудудда жойлашган қабристон айвонида бўйин соҳасидан ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган.

Унинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертиза давомида жасадда тан жароҳатлари аниқланмаган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Р.Б. Фарғона давлат университетида ўқитувчи лавозимида ишлаши, букмекерлик компанияси орқали таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлари ўйнаб келгани аниқланган.

16 ноябрь куни Фарғона шаҳрида яшовчи шахсдан мазкур қимор ўйинларини ўйнаш учун 57 миллион сўм қарзга олган ва тотализаторда мазкур пулларни ютқазиб қўйган.

Пулларни 18 ноябрь куни қайтариб беришни ваъда қилган. Шу куни оила аъзоларига ўз телефони орқали уни қабристондан топишлари ҳақида SMS хабарнома юборган. Соат 17:30 лар атрофида оила аъзолари уни ўзи истиқомат қилиб келган МФЙдаги қабристон айвонига ўзини осган ҳолатда топган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар), шунингдек, Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади.

Ўзбекистонда 10 дан ортиқ букмекерлик хизматларини кўрсатувчи сайтларга кириш чекланган.