Одамлар ғолибларга қойил қолишга одатланган, лекин мунтазам ютқазадиганларнинг ҳикоялари анча қизиқарли ва кўпроқ эътиборга лойиқдир. Доимий омадсизлик — ўзига хос феномен. Шундай инсонлар борки, уларда ҳаммаси яхши кетаётгандек гўё, лекин масъулиятли лаҳзалар яқинлашганда омад улардан юз ўгиради. Ҳар бир инсон ҳаётида омадсизликлар бўлади, аммо баъзиларда бу тизимли равишда қайталанаверади.

Бундай инсонлар борлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Баҳслашадиганлар бўлса ҳам, Эктор Купернинг ҳикояси тезда уларнинг фикрини ўзгартиради.

Фото: Getty Images

Футболчилик фаолиятини якунлаши биланоқ ўзини мураббийликда синаб кўрди

Оғир тақдир инсоннинг сочларига эрта оқ туширади, юзида жиддий қиёфа пайдо қилади. Эктор Купер 1955 йилнинг 16 ноябрида Аргентинада таваллуд топган. Унинг онаси туғруқ вақти вафот этган, отаси эса оиласини боқиш учун доим ишда бўларди. Бувиси қўлида қолган Купер қариндошларига ёрдам бериш учун 9 ёшида мактабни ташлашга мажбур бўлади. Бутун бўш вақтини футбол ўйнашга сарфлаган болакай охир-оқибат «Феррокарил Оэсте» жамоасига қабул қилинади.

«Феррокарил» ўртамиёна жамоа ҳисобланса-да, 1980 йиллар бошида олтин даврни бошидан ўтказган, икки марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Эктор Купер эса Роберто Марио Гомес, Хуан Доминго Роккя ва Оскар Гаррелар билан биргаликда мустаҳкам ҳимоя қўрғонини ташкил этган.

Шонли ўн йилдан сўнг (1978–1988) Купер «Ферро» сафидан «Уракан»га ўтади. 1992 йил, 37 ёшида бутсисини михга илади. Ўша ерда унинг мураббийлик фаолияти бошланади. Бир йилдан сўнг «El Globo» жамоасини бошқаради.

Фото: «Sport Express»

1995 йилда «Ланус» Экторни бош мураббийликка таклиф қилади. 1996 йилда у жамоа билан KONMEBOL кубогини (УЕФА Кубогининг Жанубий Америкадаги аналоги) қўлга киритади. Бу «Ланус» тарихидаги илк кубок эди ва Купернинг фаолиятидаги ягона йирик соврин бўлиб қолди.

Айнан Аргентинада Эктор Купер такрорланмас услубини яратди ва уни бошқа жамоаларга ҳам мослаштира бошлади. Уни қисқача шундай таърифлаш мумкин: «Тартиб барча нарсадан устун».

Купер қўл остидагилар жамоавий футбол ўйнайди, асосий урғу ҳимояга қаратилган, футболчилар тезкор қарши ҳужумга таяниб, бир нечта тўп узатишлар орқали рақиб дарвозаси томон боришга уринади. Тезкор, ҳаракатчан ярим ҳимоячилар тўпни ҳужумчиларга ошириб, мувозанатни таъминлаб туради.

Купер «Мальорка»да яхши натижалар қайд этган, аргентиналик мутахассис Балеар оролларида жуда қадрланарди

1997 йил ёзида Эктор Купер «Мальорка» билан шартнома имзолади. «Мальорка» эндигина Сегундадан юқори дивизионга чиққан, раҳбариятнинг мақсади клубнинг Ла Лигадаги ўрнини сақлаб қолиш эди. Купер жамоани кучайтира бошлади. «Ланус»дан дарвозабон Карлос Роа ва таянч ярим ҳимоячи Оскар Мена таклиф этилди. Лекин жамоанинг молиявий аҳволи яхши эмасди, Купер асосан эркин агентларга эътибор қаратарди.

Эктор шогирдларидан бир нарсани талаб қиларди: қатъий интизом ва машғулотларга жиддий ёндашиш. «Агар машғулотларда ўлмасангиз, майдонда жон бера олмайсиз», дерди у футболчиларга.

Фото: Getty Images

«Мальорка» 1997/98 йилги мавсумни 5-ўрин билан якунлади. Испания Кубогида эса финалга қадар етиб борди. «Мальорка» «Месталья»да «Барселона»га қарши баҳс олиб борди. Мезбонлар биринчи бўлиб гол урди: 6-дақиқада Йован Станкович рақиб дарвозасини ишғол қилди. Иккинчи бўлимда Ривалдо ҳисобни тенглаштирди. «Мальорка»нинг икки футболчиси: Мена ва Ромеро қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Асосий вақт дуранг натижа билан якунланди. Пенальтилар сериясида эса «Барселона» ғалаба қозонди.

1998 йил «Мальорка» учун муваффақиятли ўтди. «Барселона» Испания чемпионлиги ва мамлакат Кубогини қўлга киритгани учун «Мальорка» финалчи сифатида Суперкубокда қатнашадиган бўлди. Шунингдек, жамоа Кубок эгалари Кубогига ҳам йўлланма олади. Энди Купер шогирдларида «Месталья»даги аламли мағлубият учун қасос олиш имкони пайдо бўлди. Биринчи ўйинда Купер жамоаси 2:1 ҳисобида ғолиб бўлди, «Камп Ноу»даги жавоб учрашувида Данининг голи эвазига кичик ҳисобда ғалаба қозонади.

Фото: Getty Images

«Ланус»да бўлгани каби «Мальорка»да ҳам Купер клуб тарихидаги биринчи совринни қўлга киритишга ёрдам беради. Эктор бу билан тўхтаб қолмади — 1998/99 йилги мавсумда жамоа Испания чемпионатининг бронза медалига эга чиқди. Кубоклар Кубогида эса «Мальорка» финалга қадар етиб борди. Шотландиянинг «Хартс», Бельгиянинг «Генк» ва Хорватиянинг «Вартекс» жамоалари устидан ғалаба қозонган испан жамоаси ярим финалда «Челси»ни ҳам таслим этади.

Ҳал қилувчи ўйин Бирмингемнинг «Вилла Парк» стадионида «Латсио»га қарши бўлиб ўтади. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда 81-дақиқада Павел Недведнинг голи римликларга ғалаба келтирди.

Йирик мусобақа финалидаги иккинчи омадсизликка қарамасдан, Купер кичик мўъжизани амалга оширганини барча билиб турганди. У келишидан аввал «Мальорка» бир неча йил Сегундада ўйнаганди.

Эктор Купер «Мальорка» ўзининг юқори поғонасига чиқиб бўлди деб ҳисобларди. Энди у янги чақириқларга «лаббай» деб жавоб бериши керак. Шу пайт «Валенсия»дан таклиф тушади. Купер бу таклифни рад эта олмайди.

«Валенсия» Купер қўл остида Чемпионлар Лигасида шов-шув кўтарди, лекин маҳаллий мухлислар доим унга ҳуштакбозлик уюштирарди

1999 йилда Клаудио Ранери ўрнига Эктор Купер «Валенсия» бош мураббийига айланади. «Валенсия»да ажойиб футболчилар етарлича эди: дарвозабон Сантьяго Канисарес, тажрибали Амедео Карбони ва Миро Жукич, аргентиналик сеҳргар Клауио Лопес, улкан истеъдод соҳиби Гаиска Мендета ва бу рўйхат давом этади. Ёзда жамоага Херард Лопес, Кили Гонсалес, Давид Албелда, Маурисио Пеллегрино каби футболчилар келиб қўшилди.

Фото: Getty Images

Купер кетма-кет иккинчи йил «Барселона»ни Суперкубокдан маҳрум қилди (Купер Испанияда ўтказган йиллари давомида каталонияликлар учун ҳақиқий «ёвуз даҳо»га айланган эди) — «Месталья»даги биринчи ўйинда «Валенсия» Клаудио Лопеснинг голи эвазига ғалаба қозонди, «Камп Ноу»да эса жанговар 3:3 ҳисоби қайд этилди.

Валенсиялик мухлисларнинг қувончи тез орада ғазабга алмашди. Испания чемпионатининг дастлабки 5 турида «кўршапалаклар» атиги 1 очко жамғара олди ва мусобақа жадвалининг охирги ўрнидан жой олди. «Месталья»да жамоанинг ўйини ҳуштакбозлик билан қарши олинар, мураббийга қарата эса: «Купер, йўқол!» деган ҳайқириқлар бўларди. 6-турда «Валенсия» меҳмонда «Реал» устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва секин-аста мусобақа жадвалида юқорилай бошлади (ўша мавсум жамоа Испания чемпионатини 3-ўрин билан якунлаган).

Танқидлар бир муддат тинчиди, лекин кейинчалик янада кучли тарзда авж олди. «Месталья»да «Куперча футбол» қабул қилинмасди. Умуман олганда, Испанияда ҳимоявий футбол танқид остига олинарди — мухлислар ҳиссиётларга бой, қизғин футболни кўришни истар эди.

Фото: Getty Images

Жамоанинг ички муҳити ҳам идеал даражада эмасди. Жамоада аҳиллик йўқ эди, клубга янги келган Кили Гонсалес янги жамоадошлари томонидан қабул қилинмагач, кийим алмаштириш хонасида улардан бири билан тортишишгача борганди. Ундан ташқари, бир нечта ўйинчи Купернинг услубини қабул қила олмас, мутахассис Клаудио Лопес ва Фран Камараса билан эса очиқчасига конфликтга борганди, Эктор бирини бир ҳафтага машғулотлардан четлатган, иккинчисини эса академияга сургун қилган. Кейинчалик улар мураббий билан баҳслашмади, лекин муносабатлар таранглигича қолаверди. Нима бўлишидан қатъи назар, «кўршапалаклар» ажойиб ўйин кўрсатиб, Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидан муваффақиятли чиқа олди, чемпионатда эса «Барселона» устидан яна ғалаба қозонди (3:1).

Ҳуштаклар ва истеъфога чиқиш талаблари аргентиналик мутахассисни ҳамон таъқиб қиларди. «Реал» билан мезбонда дуранг натижа қайд этгач (1:1), «Месталья» ташқарисида Купернинг машинасига мухлислар томонидан ҳужум уюштирилди.

Валенсиялик мухлисларнинг бу хатти-ҳаракатлари бир қанча саволларни келтириб чиқарарди. Ҳимояга урғу беришига қарамасдан, жамоа услубини очиқчасига «автобус» деб бўлмасди. Купер буни баҳорда исботлаган эди. Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Валенсия» «Латсио»га тўқнаш келди. Испанияда бўлиб ўтган учрашувда Купер шогирдлари римликларни 5:2 ҳисобида мағлубиятга учратади. Ярим финалда «кўршапалаклар» «Барселона»га дуч келади. Каталонлар «Месталья»да 1:4 ҳисобида мағлуб бўлади. Херард, Ангуло ва Лопес яхши ҳаракат қилди, аммо «Лос Чес»нинг тактик қурилишида Гаиска Мендета асосий ролни ўйнарди. Ўша вақтлар ярим ҳимоячи учун Европанинг бир нечта гранд жамоалари харидор эди. Юқори футбол интеллекти, яхши паслар, майдонни кўра олиш, вақтида бериладиган зарбалар — бу хислатларнинг барчаси басклик даҳода мужассам эди.

Фото: Getty Images

2000 йил «Стад де Франс»да бўлиб ўтган Чемпионлар Лигаси финалида «Реал» «Валенсия»га ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Купер: «Ўша тунда нима содир бўлганини тушунтириш билан боғлиқ муаммоларим бор. Майдонга чиқишдан олдин онгимизда: ‘Йигитлар, сиз катта йўлни босиб ўтдингиз, бундан ортиқ ҳеч нарса сўраш шартмас’, деган сўзлар жаранглагандек эди». Бу аргентиналик мутахассис бой берган учинчи финал эди.

Учинчи бор жойда тўртинчиси ҳам бор. 2000/01 йилги мавсум олдидан «Валенсия»ни бир қатор футболчилар тарк этди (улар орасида Херард, Фаринос ва Купер билан тил топиша олмаган Клаудио Лопес бор эди). Уларнинг ўрнига эса Роберто Аяла, Рубен Бараха, Пабло Аймар, Жон Карю каби истеъдодлар олиб келинди. Ва «Валенсия» иккинчи марта Европанинг энг нуфузли мусобақаси финалига қадар етиб борди. Плей-оффда «Арсенал» ва «Лидс» таслим этилди, ҳал қилувчи баҳс «Сан Сиро»да «Бавария»га қарши бўлиб ўтиши керак эди.

Ўйин ғалати кечди. Учинчи дақиқадаёқ Мендета баҳсли пенальтини амалга ошириб, ҳисобни очди. Кейин эса ёпиқ ўйнаётган «Валенсия» дарвозасига иккита пенальти белгиланди — Шоллнинг зарбасини Канисарес қайтарган бўлса, Эффенбергнинг зарбаси аниқ бўлди.

1:1 ҳисоби ўйин сўнгига қадар сақланиб қолди, пенальтилар сериясида эса Оливер Кан ва Санти Канисарес ўз маҳоратини намойиш қилди, лекин Маурисио Пеллегринонинг ноаниқ зарбаси мюнхенликларга ғалабани тақдим этди.

Фото: Getty Images

Мавсум сўнгида Купер «Валенсия»да қолмаслигини эълон қилди. «Кўршапалаклар» мавсум охирида чемпионатни 5-ўрин билан якунлади, аммо аргентиналикнинг кетиш қарорига бу сабаб бўлгани йўқ. У шунчаки ношукур мухлисларнинг танқидларидан чарчаган эди.

«Барселона»га берилган рад жавоби, «Интер» Скудеттони қўлга киритишига бир бахя қолгани, Роналдо билан бўлган можаро ҳақида

2001 йилнинг ёзида Куперга «Барселона»дан таклиф тушди, лекин у каталонияликларни бошқаришни рад этди. Аргентиналикнинг қарши ҳужумга асосланган тактикаси «Барса»нинг майдонда биринчи рақам бўлиб ҳаракатланиши, тўп назорати ва майда пасларига тўғри келиши қийин масала эди. «Камп Ноу»даги мухлислар «Месталья»дагидан кўра талабчанроқ эканлигини тушунган Купер «Интер» вариантини маъқул кўрди. Унинг ҳимояга йўналтирилган услуби А Серияда муваффақият қозонишига ишонарди.

Массимо Моратти узоқ кутилган Скудеттони қўлга киритиш учун жамоанинг ярмини янгилади: Андреа Пирло, Робби Кин, Владимир Югович, Лоран Блан каби футболчилар жамоани тарк этди. Уларнинг ўрнини Франческо Толдо, Марко Матератсси, Кристиан Занетти, Сержио Консейсау, Адриано каби футболчилар тўлдирди. Ундан ташқари барча Роналдонинг қайтишини кутарди. Бразилиялик ҳужумчи оғир жароҳат сабаб мавсумни ўтказиб юборганди.

Фото: Getty Images

«Сўйлоқ» жароҳатидан қутулиб, 16 та ўйинда иштирок этган ва 7 та гол уришга муваффақ бўлганди. Аммо 2001/02 йилги мавсум кўпроқ мураббий билан можароси туфайли ёдда қолган. Роналдонинг тунги ҳаётни севиши ва машғулотларга муносабати кўпчиликка таниш. Купер эса тартибга риоя қилиш тарафдори эканлигини бир неча бор такрорлаган. Шунинг учун «феномен» бўлишига қарамасдан эркин ва эринчоқ футболчиларга тоқат қилмасди.

Роналдо Купернинг машғулотларини ҳамон даҳшат билан ёдга олади. У аргентиналик мутахассис футболчиларни ўрмонда 3-4 километрлаб югуришга мажбурлаганини айтади. Мураббий ва жамоанинг асосий юлдузи орасидаги муносабат борган сари совуқлашиб борарди, натижада улар кўришганда ҳам бир-бирига салом бермайдиган ҳолга борди. Роналдонинг Моратти рухсати билан «Интер»да эмас Бразилияда даволаниши Купернинг жаҳлини чиқарарди. «Клуб шифокорлари хизматидан фойдаланмайдиган қанақа футболчи ўзи у? У менга керак эмас!». Охир-оқибат «сўйлоқ» ЖЧ—2002 даги муваффақиятидан сўнг «Реал»га ўтиб кетади.

Клубдаги вазият таранглигига қарамасдан «Интер» мавсумнинг катта қисмини етакчи сифатида ўтказди, аммо Купер ва омадсизлик ёнма-ён юриши яна бир бор ўз исботини топди. Охирги тур олдидан «Интер» (69 очко) ҳамон етакчи эди. Ундан кейинги ўринларда «Ювентус» (68) ва «Рома» (67) бораётганди.

«Латсио»га қарши ҳал қилувчи меҳмондаги баҳсда Купер шогирдлари икки бор ҳисобда олдинда бориб, якунда римликларга 2:4 ҳисобида мағлуб бўлади. Асосий рақиблар ўша турда ғалаба қозонади ва «Интер» учинчи ўринга тушиб қолади.

Фото: Getty Images

Кейинги мавсумда «нераззурилар» чемпионатни иккинчи ўрин билан якунлади, бу сафар етакчидан 7 очко ортда қолганди ва Чемпионлар Лигасида эса ярим финалда «Милан»га мағлуб бўлди («россонерилар» меҳмондаги урилган гол эвазига финалга йўл олди). Эктор Купер истеъфога чиқарилди ва шу тариқа топ-жамоалар билан муносабатлар якунланди.

Кейинчалик «Мальорка»да омадсиз камбэк (чемпионатда 11 ва 17-ўрин), «Бетис», «Парма» ва Грузия терма жамоасидаги ўртамиёна натижалар қайд этилди. 2009 йилда Купер Грециянинг «Арис» жамоасига бош мураббий бўлди ва жамоа билан мамлакат Кубоги финалига қадар етиб борди. Ҳал қилувчи ўйинда «Панатинайкос»га имконият бой берилди, бу Купер учун 5-омадсиз финал бўлди. «Расинг», «Ордуспор», «Ал-Васл» каби жамоаларда ҳам Эктор ёмон натижалар қайд этган. 2015 йилда Миср терма жамоасини қабул қилган Купер ўзининг мураббийлик истеъдодини ёдга солиб қўйди. Африка Миллатлар Кубоги—2017 да Миср финалга қадар етиб борди ва Камерунга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди (6- марта!). Кейин эса аргентиналик мутахассис қўл остида Миср терма жамоаси 28 йилдан сўнг мундиалга чиқишни уддалади. ЖЧ—2018 да мисрликлар гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.

Ўзбекистонга «сафар»

2018 йил 6 августда Купер Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийига айланади. Купер билан 3+1 кўринишида шартнома имзоланади. Аргентиналик мутахассиснинг олдига Осиё Кубоги—2019 да муносиб иштирок этиш ва жамоани 2022 йилги Жаҳон Чемпионатига олиб чиқиш вазифаси топширилади. БАА майдонларида бўлиб ўтган қитъа биринчилигида Купер бошчилигидаги жамоа 1/8 финалда Австралия терма жамоасига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўяди. Жаҳон чемпионати саралашида эса Фаластиндан учралган мағлубият Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги тақдирини ҳал қилади. Купер билан тузилган шартнома бекор қилинади ва унга 7 миллион евро (айрим манбаларда 5 миллион) миқдорида компенсация тўлаб берилади. Кўплаб мутахассис ва мухлислар Купернинг ҳимоявий услубини танқид қиларди ва Ўзбекистоннинг ҳар доим ҳужумкор ўйин кўрсатганини таъкидларди. Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги умумий статистикаси: 17 та ўйин, 7 ғалаба, 4 та дуранг, 6 та мағлубият.

Фото: Getty Images

Кўпчилик унинг мураббийлик йўли ўз ниҳоясига етгани, «Валенсия»даги муваффақият бошқа такрорланмайди деб ҳисоблайди. Лекин 66 ёшли аргентиналик ҳамон мураббийлик фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаб кўргани йўқ. Ҳозирда у Конго демократик Республикаси терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Купер қўл остидаги Конго ДР ЖЧ—2022 саралашида гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, плей-оффга йўл олди ва март ойида бўлиб ўтадиган ўйинлардаги рақибини кутмоқда.