Тан олиш керак, деярли барча даврларда Ўзбекистонда футзалга унчалик катта эътибор қаратилмаган. Ташкил этилган жамоалар эса ё қайсидир ташкилот, ё қайсидир футбол клуби муассислигида фаолият юритган. Миллий чемпионат баҳслари, умуман, мавсумлар ҳам ортиқча шов-шувларсиз ўтказиб келинади. Шунга қарамай Ўзбекистон футзал терма жамоаси доимо Осиёда ўз ўрнига эга бўлиб келган ва етакчилар қаторида тилга олинади. Ҳатто (футбол жамоасидан фарқли ўлароқ) ўзбекистонлик футзалчилар 2016 (Колумбия) ва 2021 йилларда (Литва) бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати баҳсларида ҳам иштирок этишга муваффақ бўлган. «Дарё» мухбири Билол Эркин Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг яхши ўйинчиларидан бири Дилшод Раҳматов билан суҳбатлашиб, унинг мамлакатда ушбу спорт турининг даражаси, миллий чемпионат, клубларнинг молиявий ҳолати, футзалчиларнинг маошлари ва бир қатор бошқа мавзулар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Жаҳон чемпионати ва Эронга қарши ўйин ҳақида

Жаҳон чемпионатида оддий жамоанинг ўзи йўқ. Эрон эса нафақат Осиёда, балки Жаҳонда ҳам энг кучли терма жамоалардан ҳисобланади. Биз у жамоага 8 та гол урдик. Ҳамма ҳам бу жамоага бунча гол ура олмайди. Ўйинга келсак, улар бизнинг ҳимоядаги хатоларимиздан фойдаланиб кетди. Ўз навбатида биз ҳам уларнинг хатоларидан фойдаланишнинг уддасидан чиқдик.

Иштирокимизга келадиган бўлсак, биз мусобақага жуда жиддий тайёргарлик кўргандик. Тошкентда Африка чемпиони Марокаш билан иккита ўйин ўтказдик. Бундан ташқари, амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина ва Осиё чемпиони Эронга қарши 2 тадан ўйин ўтказгандик. Мундиалда гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиқдик. Кейин азалий рақибимиз Эрон билан тўқнаш келдик, уларни ютишни жуда хоҳлагандик. Сабаби бунгача уларни ҳали ютмаганмиз. Биз ўша ўйинда ғалаба қозониб, олдинги аламларимизни ҳам олмоқчи эдик. Йигитлар билан кейинги босқичга ўтишга ҳаракат қилдик. Бироқ озгина етмай қолди. Худо хоҳласа, кейинги Жаҳон чемпионатларида бундан-да яхшироқ натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбек футзалида 2016 йилдан кейинги пасайишга нима сабаб бўлгани ҳақида

2016 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин футзал Ўзбекистонда жуда ривожланиб кетади деб ўйлагандим. Мундиалга чиқдик, унда иштирок этдик, энди зўр бўлади деган фикр бўлганди. Лекин акси бўлди, футзал орқага кетди. Менимча, бунга сабаб раҳбариятнинг алмашгани (ЎФАда) ва уларнинг футболни ҳамда футбол бўйича миллий чемпионатни биринчи ўринга қўйгани бўлди. Лекин шу орқага кетганимиз билан ҳам 2018 йили Хитой Тайпейида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 3-ўринни эгаллагандик. Аммо ҳозирги шароитларимиз анча яхши. Миллий чемпионат баҳслари ҳам ўтказилиб келинмоқда.

Жаҳон чемпионатидаги иштирокдан кейин терма жамоага қанча мукофот пули берилгани ҳақида

Жаҳон чемпионатидан кейин ассоциацияда (ЎФА) йиғилиш бўлди. Раҳбарлар ҳаммани йиғиб, делегациядаги ҳаммага 60 миллион сўмдан мукофот пули берди.

Футзал клубларининг молиявий ҳолати, маошлар ва мукофот пуллари ҳақида

Ўзимизнинг клубимиз ҳақида гапирсам, ҳозирда «Ҳуахин Жиззах» клубида ўйнаб келяпман. Клуб олдига катта мақсадлар қўйилган, 5–6 нафар терма жамоа ўйинчиси жалб қилинган. Ўтган йили Ўзбекистон чемпионатида биринчи марта иштирок этиб, 3-ўринни эгалладик. Бунда бизга Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев жуда катта ёрдам берди. Бизнинг клуб «Ҳуахин Цемент» заводига бириктирилган. Шу завод бизга ойлик ва мукофот пулларини чиқаради. Кўп жамоалар давлат ташкилотларига бириктирилган. Ойликлар жамоаларнинг олдига қўйган вазифасига қараб белгиланади. Жиззахда катта мақсадлар қўйилгани учун маошлар ўртача 3–5 миллион сўм. Ўрта ҳисобда терма жамоада ўйнайдиган футболчиларга 5 миллион сўм ойлик берилади. Оддий, олдига вазифа қўйилмаган жамоаларда эса билишимча, 2,5–3 миллион сўм берилади. Ундан ташқари, мукофот пуллари олишади.

Бу ердаги пулларни футбол билан солиштириб бўлмайди. Шунга қарамай, футзалчилар ўз ишини севади. Баъзида 3 млн сўмга қанақа қилиб, оила боқяпсан деб сўраб қолишади. Тўғри, бу ақлга сиғдириб бўлмайдиган нарса, худди «5600 сўм» иборасига ўхшаб қолади. Лекин биламан, шу футзалчилар ўз ишини яхши кўрганидан бошқа ишини ҳам қилади, ишидан чиқиб, футзал ҳам ўйнайди. Шу болалар (футзалчилар) ишини яхши кўргани учун ҳам бизда ривожланиш бор. Лекин топ-даражадаги ўйинчи бўлсангиз ва терма жамоада ўйнасангиз, бу бошқа нарса. Ойлик ва мукофот пуллари ҳам шунга яраша бўлади. Ўртамиёна футзалчилар эса қийналади.

Ўзбекистонда футзал клуби ташкил қилиб, ундан қандай фойда олиш мумкинлиги ҳақида

Тўғриси, фойда олишни билмадим. Хусусий клуб қилиш мумкин. Бунинг учун футзални яхши кўрадиган одам битта жамоа қилиши керак бўлади. Унга ўйинчи ва мураббийларни чақиради. Балки қандайдир енгилликлар берилар унга. Лекин бошқа тарафлама бундан қандай фойда олиш мумкинлигини билмайман.

Ўзбекистонда футзалнинг келажаги ҳақида

Мана шу энг яхши кўрган саволим. Чунки эртанги кунни ўйлаш керак. Ҳозир футзалимизнинг даражаси ёмон эмас. Мундиалга чиқиб, унда яхши иштирок этишнинг ўзи осон эмас. Бундан ҳам яхши бўлиш учун фикримча, футзал мактабларини очиш керак. Ўзимизда ҳозир Самарқандда ва Бухорода футзал мактаблари бор. Айниқса, Самарқанддаги мактаб яхши ишлаб келмоқда ва у ердан футзалчилар етишиб чиқмоқда. Шунақа мактабларни кўпайтирсак, бизда футзал янада ривожланади, рақобат ҳам шунга яраша бўлади. Бунинг яна бир яхши томони, футзал билан шуғулланиб келган бола хоҳласа, футболга ўтиши мумкин. Чунки футзалда майдон кичкина, техникаси ривожланади, катта майдонга чиққанида қийналмайди. Мана мисол учун, Неймар, Роналдиньо каби футболчилар футзалдан чиққан. Бунинг зарари йўқ, фақат плюс томонлари бор. Ўз вақтида испаниялик мураббий Хосе Мария Мендесдан сабоқ олган футзалчиларга ҳозир футзал мактаби очиб бериш керак, ассоциация бунга ёрдам берса яхши бўларди.

Шунақа Жаҳон чемпионатларига чиққанимизда даражамиз билиниб қолади. Эроннинг кучи нимада? Уларнинг ютуғи, улар ёшларга эътибор беради. Бизда ҳам шундай қилса бўлади. Бунга катта пул керакмас деб ўйлайман. Катта футбол билан солиштирилса, унинг ярмига ҳам келмайди. Олдинлари Эронга йирик ҳисобларда ютқазардик, улар яққол устун эди. Ҳозир унақа эмас, охирги ўйинларда улар биздан қўрқиб ўйнамоқда, айниқса Жаҳон чемпионатидаги ўйинда, прессинг қилганимизда улар шошиб қолди. Агар тўғри ишласак, бемалол Эрондан ўтиб кетамиз.

Ўзбек футзалида таниш-билишчилик йўқлиги ҳақида

Йўқ. Таниш-билишчилик йўқ. Футзалда пул каттамас-ку. Катта пул бўлганда айтса бўларди, «ўғлимни қўшиб қўй, 10–15 миллион сўм ойлик олиб юрсин. Охирида бориб, Ўзбекистон чемпиони бўлсин-да, кейин институтга кирсин», деб. 2–3 миллионга қарайди, «қўй, қанақа футбол, ишла бор ундан кўра. Таксичилик қил», дейди. Шунинг учун таниш-билишчилик бор деб ўйламайман.

Легионерлик фаолияти ҳақида

Бир неча йил давомида Хитойда тўп сурганман. У ерга кетишимга Хосе Мария Мендес сабабчи бўлган. Уни биринчи агентим десам ҳам бўлади. У ерни Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсам, уларнинг шароити анча яхши, лекин ўсиш йўқ. Сабаби, футзалчилари дангаса. Ўзимизда 2–3 млн сўм ойлик берса, у ерда 4–5 минг доллар тўлайди. Лекин ойлигига яраша меҳнат қилмасди улар. Мураббий бақирса, ундан норози бўларди. Бир сафар, ҳатто биттаси формасини ерга ташлаб, кетиб қолган. У мураббийга, «сиз менга бақиришингиз учун келмадим бу ерга, шунчаки футзал ўйнайман деб келгандим», деганди. Ўшанда ўзимга ўзим, «агар бизда 4–5 минг доллар ойлик тўласа, бориб, уйидаги ишини ҳам қилиб беради», дегандим. Майдонлар, шароитлар ҳаммаси аъло даражада. Мураббийлар ҳам чет элдан олиб келинганди. Бу ҳали клубда. Терма жамоада эса бундан ҳам зўр шароитлар, аммо улар бундан фойдалана олмайди. Ўзимизда битта майдон бор, берилган нарсадан максимал фойдаланиб, болалар меҳнат қилади. Уёқда шунча имконият бор, лекин улар ишламайди. Аҳолиси кўп, лекин гап аҳоли сонидамас. Агар ишини яхши кўрса, 3 миллион сўм билан яхши бўлиб кетади, агар мажбурласангиз, 100 минг доллар билан ҳам ҳеч нарса ўхшамайди. Солиштириб айтадиган бўлсам, ўзбек футзалчилари хитойликларга қараганда, ўша шароитга ва ойликка лойиқроқ.

Тўғри, уларнинг футболини ҳам биз билан солиштирганда жуда катта фарқ бор. Лекин бизнинг футболдаги ойлик маошлар билан ўзимизда яхши яшаса бўлади. Футзалчи 3 млн сўм ойлик олса... У бола уйланмайдими, оиласини боқмайдими, коммунал тўловлар, қолган харажатлар... Кетади-да барибир. Бунинг устига футзалчи ва футболчиларнинг фаолияти қисқа бўлади, улар 50–60 ёшгача бунақа пул олиб юра олмайди. Ҳозир кўплари 30 ёшга бормай йўқ бўлиб кетяпти.

Лекин мен ҳозир буни Хитой чемпионати билан солиштиряпман. Қирғизистон чемпионати билан солиштирсам, анча олдиндамиз. Уларда ҳатто майдони йўқ клублар бор.

Футзалдаги маошлар қачон кўтарилади?

2–3 млн сўмдан ойлик бераётган жамоаларнинг тепасидаги раҳбарлар футзални номига деб билмаслиги керак. Катта футболда мисол учун бир йиллик смета 25–40 млрд сўм бўлса, футзалга 3 млрд сўм қилиб бер, ўша жамоалар қийналмайди. Фарқини қаранг, жуда катта. Агар 4–5 млрд сўм харажат қилинса, жамоани чемпион қилса бўлади. Футбол билан солиштириш жуда қийин. Раҳбарлар сметани кўтариши керак деб ўйлайман. Яхши молиявий имкониятга эга жамоалар ҳам бор, лекин ёмонлари ҳам йўқ эмас, буни тан олиш керак. Ўзи 3–4 млн сўм олса, яна ойлигини вақтида бермаса, уч ойлигини бермасин, нима қилади у бола? Чиқиб бошқа иш қилади... Молиявий тарафга кўп нарса боғлиқ. Лекин шунга қарамай, болалар жонини бериб югуриб юради. Буни кўриб фақат хурсанд бўлиш керак.

Дилшод Раҳматов, футзалчи

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!