21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қонун билан республикада гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Солиқ кодексига қўшимча киритилмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритиляпти.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат 19 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган эди.

«Gazeta.uz»нинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевга таяниб ёзишича, қонуннинг қабул қилиниши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун тиббиёт нормаларга кўра, 1,5 миллион тонна гўшт, яъни ҳар бир киши учун йилига 42,8 килограмм гўшт талаб этилади. 2021 йилда 1,4 миллион тонна гўшт ишлаб чиқариш режалаштирилган, бу 2020 йилга нисбатан 4 фоизга кўп.

«Бу миқдор аҳоли истеъмоли талабининг 93 фоизига тенг. Демак эҳтиёжнинг қолган қисми импорт гўшт ҳисобидан қопланиши керак», — дейди у.

Эркин Гадоев импорт гўштнинг ўртача нархи 43,2 минг сўмни ташкил этишини, шундан 5700 сўм ҚҚСга тўғри келишини маълум қилган. Ички бозорда эса 18 сентябрь ҳолатига гўштнинг ўртача нарзи 62 минг сўмга тенг, бу эса 2020 йилга нисбатан 13 фоизга (55 минг сўм) қимматлаганини англатади.

Сенаторнинг таъкидлашича, картошка импортига ҚҚСни бекор қилиш ортидан бюджет — 76,5 миллиард сўмни, савдо айланмасидан эса — 30 миллиард сўм йўқотади. Агар гўштга қўлланадиган солиқ имтиёзини қўшиб ҳисобласа, бюджет 251,1 миллиард сўм йўқотади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг майида Президент Шавкат Мирзиёев гўшт ва ўсимлик ёғининг жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши кераклигини таъкидлаганди.

Бундан аввал Марказий банк ўзбекистонликларни айрим асосий озиқ-овқат нархлари кескин ошишидан огоҳлантиргани, Тошкентда айрим маҳсулотлар Европа пойтахтларидан ҳам қимматроқ экани аниқлангани ҳамда Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархларининг ошишига изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.