ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда коронавирус пандемияси масаласига тўхталиб ўтди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев бутун дунёни забт этган пандемия шароитида вазиятни яхшилаш учун 80 триллион сўм маблағ кетгани ҳақида гапирган.

«Тасаввур қилинглар, агар бу бало бўлмаганда бу пулларга қанча мактаб, қанча касалхона қанча йўл ва ҳоказолар қилишимиз мумкин эди. Лекин 80 триллиондан кўра, менга биргина инсоннинг ҳаёти, соғлиғи афзал!», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев коронавируснинг бошқа штаммлари келиб чиқаётганини билдирар экан, ўз навбатида қиш мавсумида Тошкентда грипп касаллиги кучайиб бораётганини қайд этган. «Ҳозир грипп кучайган, айниқса, Тошкентда грипп кўпайди. Душанба куни гриппга ҳам қарши вакциналар олиб келяпмиз. Аммо ‘коронавирус грипп экан’, деган гаплар ёлғон», — дейди Мирзиёев.

У аҳоли вакциналаниши кераклиги, натижада касаллик осон ўтиб, асоратлари камроқ бўлишини таъкидлаган.

Маълумот учун, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилган эди. Айни пайтда ушбу маблағ тўлиқ ўзлаштирилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида коронавирусга қарши курашиш ва вакциналар сотиб олиш учун қўшимча 1,3 триллион сўм ажратилгани маълум қилинди.