Қашқадарёда президентлик сайловида муддатидан олдин овоз берганлар овоз беришнинг дастлабки уч кунида 4402 нафарни ташкил қилди. Бу ҳақда «Дарё»га 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси матбуот маркази масъули Толиб Темиров хабар берди.

Фото: 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси матбуот маркази

Қайд этилишича, бу ҳақда вилоят округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинган.

«Йиғилишда сайловга кўрилаётган ҳозирлик, айни пайтда кечаётган жараёнлар, хусусан, жойларда муддатидан олдин овоз беришнинг бориши, сайлов участкаларининг муҳим сиёсий жараёнга тахтлиги ҳолати ва комиссия ваколати доирасидаги бир қатор масалалар муҳокама этилди. Йиғилишда таъкидландики, сайловнинг кўтаринки кайфиятда ва юқори ташкилий даражада ўтиши сайлов участкаларида унга нечоғли пухта тайёргарлик кўрилганига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан вилоятдаги сайлов участкаларида барча шароит яратилиб, шай ҳолатга келтирилди. Улар миллий сайлов қонунчилиги доирасида жиҳозланди. Пандемия шароитидан келиб чиқиб, мамлакатимизда белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя этиш чоралари кўрилди», — дейди Толиб Темиров.

Толиб Темировнинг маълумот беришича, муддатидан олдин овоз бериш бошланган кун — 2021 йилнинг 14 октябрь кунидан 17 октябрь куни кечгача вилоятда овоз берганлар сони 4 минг 402 нафарни ташкил қилган.

Масъулнинг қўшимча қилишича, бу йилги президентлик сайловида вилоятдан 1 миллион 870 мингга яқин сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Шундан 143 мингдан ортиғи сайловда биринчи маротаба иштирок этаётган ёшлар ҳисобланади.