АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегация Ўзбекистонда чегара хавфсизлиги масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм ўзининг Twitter’даги саҳифасида ёзиб қолдирди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Аввалроқ Американинг Politico нашри АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари октябрда Ўзбекистондаги ташриф давомида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи эканини ёзган эди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов ушбу хабарга изоҳ бера туриб, Ўзбекистон ҳудудида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти «муҳокама қилинмаяпти ва бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ», дея таъкидлаган эди.

«Мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегациянинг ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳукумати билан сўнгги бир неча кун ичида икки томонлама ҳамкорлик бўйича самарали музокараларда иштирок этиш ва чегара хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилишдан жуда хурсандман», — деб ёзади Дениел Розенблюм.

Май ойида The Wall Street Journal АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшинларини Марказий Осиёда ёки Яқин Шарқда жойлаштириш вариантларини кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Мақбул вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон келтирилганди.

Ўзбекистоннинг 2018 йил январь ойида қабул қилинган Мудофаа доктринасига кўра, мамлакатда хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштиришга рухсат берилмайди.