Дўстига ёзган хати сабаб Сталин қамоқхонасига ташланган, кейин Сибирга сургун қилиниб, ўн йилини таҳқир, хор-зорликда ўтказган, шўроларнинг қамоқхоналар тизими кирдикорларини фош қилувчи «ГУЛАГ архипелаги» асарлар туркумини ёзиб, қишлоқ мактабларида математика фанидан дарс берган Александр Солженицин 51 йил олдин, 8 октябрь куни адабиёт бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилган эди.
«10 ёшга тўлмаёқ «Уруш ва тинчлик»ни ўқиб тугатдим»
1918 йилнинг 11 декабрида Кисловодскда туғилган Солженицин дунёга келмасидан аввал етимга айланиб улгуради: отаси ов пайти ўқ еб ҳалок бўлган, онаси Таисия Шчербакнинг ҳикояларигина ўғлининг хира тасаввурларини тўлдириб турарди. «Отам Москва университетининг филология факультети талабаси эди. Ўқишни тамомлашга улгурмай, 1914 йили урушга кўнгиллилар қаторида отланади. Немис фронтида артиллерия офицери бўлган. Урушнинг охиригача қатнашган. Туғилишимга олти ой қолганида вафот этган», — деб ёзганди адиб автобиографиясида.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бутун Россияда болшевиклар ҳокимияти буткул ўрнатилади-ю, оммавий талон-торож, ур-йиқитдан Солженицинлар хонадони ҳам четда қолмайди — уйдаги катта-кичик жиҳоз, кўзга кўрингулик буюмнинг бари тортиб олинади. Ҳали ёшига етмаган гўдагини бағрига босиб, Таисия Ростов-Донга кўчиб кетади ва у ерда стенографистликка ишга жойлашади. Ўша пайтлари инглиз, француз тилларини бошқалардан тузукроқ билишига қарамай, қулоқнинг қизини ҳеч ким юрак ютиб баландроқ ҳақ тўланадиган ишга олавермасди.
«Отамнинг Биринчи жаҳон урушидан олган уч ордени онам иккимизни доим қўрқувга соларди. Эсимда, қўрққанимиздан, ўра қазиб, ўшанинг ичига кириб олганмиз бир гал... Онам мени жуда қийин шароит, замонда тарбиялади. Ҳар доим аллақандай мулкдорлардан катта ҳақ эвазига бошпана олардик ва кўчиб кирганимизда бошпана қайта тикланаётган отхона бўлиб чиқарди», — дея эслаган ёзувчи хотираномаларида.
1926 йили ўрта мактабга қадам қўйган митти Солженицин Лев Толстой асарлари шайдосига айланади ва 10 ёшга тўлмай «Уруш ва тинчлик»ни ўқиб битиради. Болалигидан ёзувчи бўлишни орзу қилган болакай ўзича саргузашт ҳикоялар ёзар, ҳатто иштиёқи зўрлигидан иккита қўлёзма газета ҳам «нашр» этади.
«Адабиёт эмас, математика ўлимдан қутқарди…»
1936 йили мактабни олтин медал билан тамомлагач, кириш имтиҳонларисиз Ростов давлат университети талабалари сафига қўшилади. «Адабиёт бўйича дурустроқ таълим олишни хоҳлардим, лекин менга маъқули Ростовда йўқ эди. Ёлғиз ва касалманд онамни ташлаб, яна камтарона турмушимиз сабаб Москвага бориб ўқишга имкон тополмадим. Шунинг учун Ростов университетининг математика факультетига ҳужжат топширдим. Математикага қобилиятли эдим. Ўқишда қийналмадим. Бу фан ҳаётимни икки марта асраб қолди. Математик деб тўрт йилча ‘Шарашка’да сақлашмаганида, билмадим, лагердаги 8 йилни қандай ўтказардим. Сургунликда физика ва математикадан дарс беришимга рухсат тегди. Бу эса қийноқларни сал енгиллаштириб, ёзишга имкон берди. Агар адабий таълим олганимда, бошимдан ўтган синовлардан омон қолишим даргумон эди. Олдимга жуда катта тақиқ, чекловлар қўйилган бўларди. Тўғри, 1939–1941 йиллари Москва институтининг Тарих-фалсафа-адабиёт бўлимида сиртдан ўқиб олгандим», — деганди адибнинг ўзи.
Университетдаги математика ўқитувчиси Дмитрий Мордухай-Болтовский ёзувчининг «Биринчи айланада» романидаги Дмитрий Горяинов-Шаховскийнинг прототипи. Мордухай-Болтовский ўша йиллари Нью-Йорк фанлар академияси ва Сорбонна университетининг фахрий аъзоси эди, бироқ СССР олимнинг зодагонлар оиласидан келиб чиққанини «инобатга олиб», жамики унвонларини бекор қилганди.
Рўзғорга қарашиш, ёлғиз онасига кўмаклашиш илинжида талаба Солженицин вокзалларда ҳаммоллик, катта курсларга репетиторлик қилиб, уч-тўрт танга топишга уринади. Университетдаги дарслардан ортиб, адабиётни астойдил ўрганади. Факультет газетасига муҳаррирлик қилиб, адабий тўгаракларда қатнашади, «Қалдирғоч», «Ўн тўққиз», «Эварист Галуа» каби илк асарларини ёзади.
Ўқишда бўлғуси рафиқаси Наталя Решетовская билан танишади-ю, севги-муҳаббатни тезда никоҳ билан маҳкамлаш учун ота-оналаридан яширинча оила қуришади. «Бу таржимаи ҳолимдаги энг оғриқли нуқта, — деганди ёзувчи. — Онам билан қил ўтмас дўст эдик, унга ҳар доим кўмаклашардим. Ҳар қандай ҳолатда ўзимга ҳеч нарса талаб қилмас, на ўйинчоқ, на бирор совға сўрардим. Лекин юқори синфга ўтгач, онамдан узоқлаша бошладим. Мустақил ҳаётимни қургим келди. Наташа Решетовскаяга муносабатим мутлақо тушунарсиз эди. Онам уни ёқтирмаслиги аниқ, лекин ўта фаросатли бўлгани учун менга лом-мим деб оғиз очмади, таъсир кўрсатишга уринмади, руҳимни чўктирмади. Мен эса бундан жуда фойдаландим — истаганимча яшадим».
Отбоқардан офицер чиқса
Ички ишлар вазири Вячеслав Молотовнинг 1941 йил 22 июнда «Уруш бошланди!» деган хитобини эшитгач, Солженицин ҳаммадан бурун Москвага шошади. Тўппа-тўғри ҳарбий комиссариатга бориб, тезда урушга жўнатишларини сўрайди. Лекин ёнида ҳарбий билети йўқлиги учун ортга қайтарилади. Ростов-Донда эса унга негадир соғлиғини рўкач қилиб, ҳарбий билет берилмайди. Ўрнига хотини иккисини Ростов вилоятидаги дўппидек шаҳар — Морозовскка, маҳаллий мактабга математикадан дарс беришга юборишади. Қайсар Александр таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмай, қайта-қайта ҳарбий комиссариатга бораверар, урушга жўнатишларини талаб қилиб ҳатто шеър ҳам ёзади.
Солженицин мақсадига етади: 1941 йилнинг 18 октябрида урушга сафарбар қилиниб, отлиқ транспорт батальонига оддий аскар сифатида олинади. Отларга қараш, боқиш ва парваришлаш унинг зиммасига ташланади.
1942 йил декабрида Солженицин Саранскдаги артиллерия разведка батареяси командири этиб тайинланади. Унга душман ўқларини кузатиш, кейин артиллериянинг аниқ координаталарини узатиш топширилади. Жангнинг биринчи соатларида Совет қўшинлари 17 та душман батареясини бостиради, уларнинг бештасини Солженицин аниқлаган координаталар сабаб йўқ қилишади. Хизмати эвазига унга II даражали Ватан уруши ордени берилади.
Хатлар учун жазо — 10 йиллик қамоқ
1943 йили ёзувчи фронтда дўсти Николай Виткевични учратиб қолади. Учрашув бадали эса жуда қимматга тушади. Иккиси ўзаро хат алмашиб, хизматда дуч келаётган муаммо, хато-камчиликларни мактубларида ёза бошлашади. Армиядаги цензурадан иккиси ҳам чўчимай, бор гапни рўй-рост сўзлайверади. Секин-аста дўстлар ҳукумат, ҳокимият, Сталинни Ленин ғояларини «бузиш»да танқид қилишга ўтишади. 1944 йил январида иккиси яна учрашиб, урушдан кейинги террордан сўзлайдиган «Резолюция-1»ни ёзиб, атрофдагиларни режимга қарши бош кўтаришга чақиради.
Ушбу ҳужжат ортидан 1945 йил 9 февралда Солженицин қамоққа олиниб, бор унвон, орденлари бекор қилинади. Тинтув вақти бундан-да «даҳшатли» қоғозлар: «Резолюция» қаторида ҳарбий дўстларининг ҳикоялари битилган кундаликлар топилади. Ўн кундан кейин Москвага олиб кетилган адибни совет режимига қарши тарғибот ва контрреволюцияда айблаб, 1945 йил майигача сўроқ-савол қилишади. Солженицин эса ҳамма айбловларни тан олади.
«Қамоқдалигим аҳамиятсиз. Менимча, отишмаса керак. Аксинча, бу ерда янаям ақлим тўлади. Бу ерда кўп нарсани англайман, Осмон! Хатоларимни тўғрилайман — уларнинг олдида қилганларимни эмас – сенинг олдингдагисини, Осмон! Бу ерда уларни тушуниб етдим — ҳаммасини тўғрилайман», — дея кейинчалик ёзади адиб «ГУЛАГ архипелаги» романида.
1945 йилнинг июлида ёзувчи 8 йиллик мажбурий меҳнат лагери ва муддат тугагач умрбод сургунга ҳукм этилади. Беш йилини Москва яқинидаги лагерларда ўтказгач, Янги Қуддусдаги пунктда бир қанча вақт гил (махсус лой) чуқурида ишлашга ўтказилади. Кейинчалик Калуга постидаги қурилиш лагерига кўчирилади.
«Қамоққа олингунимча кўп нарсани тушунмаган эканман. Адабиётни тузук-қуруқ билмай, унга нега кераклигим ва у менга нега кераклигига сира фаҳмим етмасди. Ҳикояларга ҳадеб янги мавзу топаверишдан охири чарчадим. Қамалмаганимда, ёзувчи бўлардим (бўлдим) деган ўйнинг ўзи қўрқинчли», – дея хотирлаганди адиб.
Солженицин лагердаги айрим тўгаракларга жон-дили билан қатнашар, ҳатто мусиқа ансамблига қўшилиб, турмалар бўйлаб гастрол «сафарлар»и уюштиришарди. Ушбу ғариб санъаткорлар жамоаси ҳақида кейинчалик «Меҳнат республикаси» асари дунёга келади.
1946 йил баҳорида Солженициннинг фронтдаги бўлинмаси негадир ижобий характердаги тавсифномани юборади. Ўша пайтлари қулоққа онда-сонда Лаврентий Берия олий маълумотлиларни ўта махфий вазифага жалб этаётгани ҳақидаги миш-мишлар чалинарди. Қўрқувини таваккалга алмаштириб, Солженицин ҳам лагердаги махсус карточкага «ядро физиги» деб ёзиб қўяди ва тез орада сўроққа чақирилади. Аммо унинг ёлғон ишлатганини билиб қолишиб, Рибинскдаги радиотехникумга — судланган муҳандислар ишлаётган авиация корхонасига ўтказишади. Олти жон базўр сиғадиган хона, кунига бир маҳал иссиқ овқат, 800 грамм нон ва 40 граммча шакар берилиши ҳисобга олинса, Солженицин ГУЛАГдаги шароитдан жаннатга тушгандек эди. Негадир уни тез-тез бошқа корхоналарга ўтказишарди. Энг кўп ишлаган жойи эса Марфино махсус объекти бўлиб, бу ерда кутубхоначиликка тайинланади.
1947 йили Марфинога икки маҳбус: файласуф Дмитрий Панин ва адабиётшунос Лев Копелев келтирилади. Учовлон дўст тутиниб, «Биринчи айланада» романининг бош қаҳрамонларига айланади. Шу йиллари адиб «Йўлгинам» поэмаси ва «Инқилобни сев» қиссасини ёза бошлайди. Асар матнини сақласа, боши кетишини билгани учун бутун бошли қисса, романларини эсида сақлаб, хотирасига маҳкам муҳрлаб, кейин ёқиб юбораверади.
1948 йили Солженицинни қамоққа тушишига сабабчи бўлган дўсти Николай Виткевич ҳам Марфино махсус объектига юборилади. Эски ошначилик қайтадан тикланади. Ўша пайтлари адибнинг рафиқаси Наталя Решетовская ажрим ҳақида тинмай хат ёзиб, жавобини беришини сўрар, Москва давлат университетининг кимё лабораториясида янги поғоналарга кўтарилаётгани ва эри билан алоқани узмаса, мансабда юқориламаслигини шама қилиб, қатъий талабини қўяди.
Йилларни ўмарган бир кун
Рафиқасига жавобини бергач, Солженицин Марфинодан Қозоғистонга — сиёсий маҳбуслар лагерига тош терувчи қилиб юборилади. Худди шу ерда хаёлига ғалати фикр келади. Маҳбуснинг кунлари қандай ўтишини тасвирлаш, «йилларни ўмарган ўша кун» ҳақида ёзиш ишқи тинчини ўғирлайди.
Сталин қамоқхоналаридаги 8 йиллик ҳукм тугагач, Солженицинни энди умрбод сургун кутарди. Қозоғистоннинг олис Кўктерак қишлоқларида юраркан, сал бўлса-да эркинликка чиққани, қамоқдаги зах, чирик хоналардан қутулганига қувониб, ўпкасини тўлдириб нафас олади.
«Эшаклар куйлайди! Туялар куйлайди! Ҳаммаси менга қараб куйлайди: озодлик! Озодлик!», – деб ёзади «ГУЛАГ архипелаги»да.
Ёзувчини бу ерга 1953 йил 4 март куни келтиришади. Бир кечани очиқ осмон остида ўтказгач, эртаси куни миллатлар доҳийсининг вафоти хабари етади. Бир ойдан кейин маҳаллий мактабда математика ва физикадан муаллимлик қила бошлайди.
1956 йил — жамики «халқ душманлари», таҳқирланган-хўрланган, отилганлар, сургун қилинганлар оқланмагунича Солженицин Қозоғистонда қолиб, ўқитувчилигини давом эттираверади. 1955 йили «Биринчи айланада» романи устида жиддий иш бошлайди. Ҳар эҳтимолга қарши, қоғоздан кўра фотоаппарат негативларини яшириш қулайлиги учун, фотоаппарат сотиб олади ва қўлёзмаларини бирин-кетин фотокамерага муҳрлаб қўяверади.
1959 йили – оқланганига 3 йил тўлиб, собиқ рафиқаси билан алоқаларни қайта тиклаб, ҳаётини изга тушириб олгач, «Иван Денисовичнинг бир куни» асарини ёзишга ўтиради ва 40 кунда барини тугатади-қўяди. Бироқ бу қиссаси ва яна бир қанча асарларини чоп эттиришга негадир шошилмайди, узоқ ўйлайди, иккиланади, орқага сураверади. «Новый мир»га ўзим бормадим: оёғим тортмади, муваффақият қозонишга уринмадим. 43 га кирганман. Таҳририятга бошловчи болакай каби саланглаб боришга анча улғайган эдим. Қамоқдаги дўстим Лев Копелев қўлёзмаларни элтишни зиммасига олди. Олтита юпқа-юпқа, икки тарафига зич қилиб битилган қоғозлар эди. бердим-у, вужудимда титроқ уйғонди. Йўқ, ёш, шуҳратга ўч муаллифнинг эмас, лагернинг қари, қичима, ўзидан из қолдиришга ярамайдиган маҳбусининг ҳиссиётлари эди».
«Новый мир» муҳаррири Александр Твардовский мамнуният билан қиссани қабул қилиб, Солженицинни Москва таҳририятига таклиф этади. Қиссага ҳақ икки баравар кўп тўланади – биргина бўнакнинг ўзи ўқитувчининг икки йиллик маошига тенг эди. Тўлиқ бир йил Твардовский асарни чоп этишга рухсат сўраб тинкаси қурийди. Ўша йиллари номи улуғ, мансаби баланд, димоғи чоғ ёзувчилар — Самиул Маршак, Константин Симонов, Корней Чуковскийларнинг тақризларини жамлаб, охири Никита Хрушчёвнинг қабулига шахсан ўзи отланади. Бош котиб «асар партия позициясига мослаб ёзилган» деб рухсат бергач, 1962 йили «Иван Денисовичнинг бир куни» дунё юзини кўради.
Асар биргина СССРда эмас, балки Париж, Лондон, Нью-Йоркда ҳам шуҳрат чўққисига чиқади. Муаллифни Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилиб, Ленин мукофотини беришади.
Хрушчёв амалидан тушгач, Солженицинга ҳам муносабат бирдан ўзгаради. Асарлари ўзидан ўзи «қора рўйхат»га тиркалиб, нашри тўхтатилади. Ёзувчининг Л. И. Брежневга ёзган мактублари эса фойда бермайди.
227 + 1 маҳбус тақдири жамланган асар
Тушкунлик нималигини қамоқхоналарга ташлаб келган Солженицин тинмай ёзишга чоғланади. Матнларни машинкада теришга қийналгани учун дўстларидан бирор ёрдамчи топиб беришларини сўрайди. Ўртоқлари уни Наталя Светлова билан таништириб қўйишади. Вақт ўтиб, иккиси бир-бирига кўнгил қўяди ва бу гал Солженициннинг ўзи биринчи рафиқасидан ихтиёрий ажрашади.
«ГУЛАГ архипелаги» романи бирин-кетин қоғозга тўкила бошлайди. Асар СССРдаги қатағонларни ўзида жамлаб, 227 маҳбус ва ёзувчининг кўрган-кечирганлари асосига қурилади. Ишни тугатгач, Солженицин ҳар эҳтимолга қарши, қўлёзманинг бир нусхасини ёзувчи Леонид Андреевнинг набираси Александр Андреев орқали хорижга чиқариб юборади. «Қуйидагича буйруқ олгандим. Олдиндан белгиланган метро бекатига бордим, таниш кишини кўргач, у билан бирга вагон ичига кирдим, бир-биримизни танимайдиган бегоналардек кетдик. Метродан чиқиб, биз ‘Москвич’га ўтириб, Москва бўйлаб айландик... ‘Ўриндиқ тагига қара!’, – деди у. Оёғим остида иккита банкада тузлама бор эди – бири камроқ, бири кўпроқ. Иккисида 35 миллиметрли плёнкага ўралган ‘Архипелаг’ турарди», – деб эслайди асарни хорижга элтган воситачи.
1970 йили адибга «Улуғ рус адабиёти анъаналаридан озиқланган маънавий кучи учун» Нобель мукофоти берилади. СССРга қайтишига рухсат бермасликларидан чўчиб, ёзувчи тақдирлаш маросимига бормайди. Дўсти, виолончел устаси Мстислав Ростроповичнинг дала ҳовлисида ўтириб, маросим радиотрансляциясини эшитади, холос. 1974 йилга келибгина, барибир, Россиядан қувиб солишгач, мукофотни расман қўлига олади.
«ГУЛАГ архипелаги»нинг нашр этилиши СССРда гўё бомбадек портлайди. «СССР фуқароси унвонига доғ туширган хатти-ҳаракатлари учун» муаллифнинг фуқаролиги олиниб, мамлакатдан бадарға қилинади. Аввалига Франция, сўнг Швейцариядан қўним топиб, охирида Американинг Вермонт штатида кун кечиришни афзал билади. Бу ерда публицистик материаллар ёзиб, «Россия маҳбуслари ва уларнинг оилаларига ёрдам бергувчи жамоат фонди»га асос солади.
«Қалам ҳақларимнинг бешдан тўрт қисмини фондга ажратдим, бир қисминигина оилам харажатларига сарфладим. Қувғиндалигимда ‘Архипелаг’нинг қалам ҳақини маҳкумларга тортиқ этганимни ошкора айтгандим. ‘Архипелаг’дан келадиган даромадни ўзимники санамайман — у Россиянинг ўз-ўзиники — баридан аввал сиёсий маҳбуслар, биродарларимизга тегишли. Шундай қилиб вақти келди, кечиктирманг! Ёрдам бир марта эмас, балки иложи борича тезроқ керак бўлади», — деганди у муҳожирликда яшаган вақти.
Қайта қуриш йиллари ёзувчи ва СССР ўртасидаги алоқалар анча юмшади. 1989 йили «ГУЛАГ архипелаги»дан бўлимлар нашр этилди ва келаси йили ёзувчининг ўзи Россияга қайтиб, РСФСРнинг Адабиёт мукофотига лойиқ топилади. Солженицин эса буни рад этиб: «Мамлакатимизда ГУЛАГ касаллиги бугун ҳам – на ҳуқуқий, на маънавий жиҳатдан енгилмаган. Бу китоб миллион-миллион мазлумларга бағишланган ва мен бунинг эвазига мукофот, шуҳратга кўмилолмайман», — дейди. 1993 йили рафиқаси билан ўзаро келишиб, «Европага хайр» деганча умрбод яшаш учун Россияга қайтиб келган ёзувчи 2008 йил 90 ёшга киришига тўрт ойгина қолганда она юртида вафот этади.
Изоҳ (0)