Россияда автоҳалокатга учраган ва қийин аҳволда қолган икки фуқаро Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати

Улардан бири сурхондарёлик Ч.Ю. бўлиб, 2021 йилнинг май ойида Россияга ишлаш мақсадида борган ва август ойида автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган.

У Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташаббуси билан 26 сентябрь куни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ростов-Дон—Тошкент авиарейси орқали ватанга қайтарилган.

Фуқаро агентлик ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида тез тиббий ёрдам бригадасини жалб қилган ҳолда кутиб олиниб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган.

Яна бир фуқаро — Москва вилоятига ишлаш учун борган навоийлик 58 ёшли С.Я. муқим бир жойда ишлай олмаганлиги сабабли ишсиз ва пулсиз қолган. У ҳам ҳомийлар ҳисобидан Москва—Бухоро авиарейси орқали Ўзбекистонга олиб келинган.

Бундан аввал Россияда саломатлиги ёмонлашиб, қийин аҳволда қолган 5 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилганди. Шунингдек, Россиядаги корхона ичкиликка берилган 47 нафар ўзбекистонлик мигрант билан меҳнат шартномасини бекор қилиб, ватанга қайтариб юборганди.