Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов «Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов натижаларини комплекс таҳлили» бўйича ахборотни эълон қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бурҳоновнинг ёзишича, ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошиб бормоқда.

Жумладан, 2021 йил январь ойида эълон қилинган Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллаб, 7 поғонага кўтарилган. 2019 йилда Ўзбекистон 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 158-ўринни ташкил этган. Ўзбекистон икки йил ичида 12 поғона кўтарилиб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда энг барқарор кўрсаткични намойиш этмоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида мамлакатда 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.

Таҳлилга кўра, жиноий жавобгарликка тортилган энг кўп мансабдорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритади (107 та), энг ками эса Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тизимида (4 та) қайд этилган. Шунингдек:

  • Халқ таълими вазирлигида — 74 нафар;
  • давлат улуши бўлган давлат ташкилотларида — 69 нафар;
  • банкларда — 66 нафар;
  • Мактабгача таълим вазирлигида — 64 нафар;
  • Транспорт вазирлигида — 55 нафар;
  • Энергетика вазирлигида 32 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 миллиард сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланиб, шундан 170,8 миллиард сўми ёки (28 фоиз) ундирилиб, 421,7 миллиард сўм Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ҳудудлар кесимида қуйидагича:

  • 245 та Тошкент вилояти,
  • 173 та Самарқанд вилояти,
  • 170 та Жиззах вилояти,
  • 130 та Сурхондарё вилояти,
  • 152 та Фарғона вилояти,
  • 109 та Наманган вилояти,
  • 100 та Андижон вилояти,
  • 95 та Қашқадарё вилояти,
  • 85 та Сирдарё вилояти,
  • 79 та Хоразм вилояти,
  • 78 та Тошкент шаҳри,
  • 78 та Қорақалпоғистон Республикаси,
  • 51 та Навоий вилояти,
  • 19 та Бухоро вилоятида мансабдорлик жиноятлари қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2020 йилда 1723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган эди.