Нукус шаҳрида бир-бирига туташ қурилган хонадонларда ёнғин содир бўлди, дея хабар қилмоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни соат 15:45 да Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳар «Қумовул» МФЙ Чегинбаев кўчасида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:47 да етиб бориб, ёнғин соат 16:20 да қуршаб олинган ва соат 17:05 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида бир-бирига туташ қурилган 4 та уйнинг, тахминан, 357 квадрат метр майдонда томи, шифти ва ички қисми ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.