Жазоир собиқ президент Абдулазиз Бутефлика билан видолашди. Дафн маросимининг ташкиллаштирилгани айни вақтдаги ҳукумат ҳақида икки хил таассурот уйғотди, улар мамлакат мустақиллиги учун кечган уруш қаҳрамони, давлатни 20 йил бошқарган ва халқ норозилигига сабабчи бўлиб якунда истеъфо беришга мажбур бўлган раҳбар билан қандай хайрлашишни билмасди. Шунга қарамай маҳаллий журналистлар ёзганидек Абдулазиз Бутефликанинг даври барча ижобий ва салбий жиҳатлари билан биргаликда мустақил Жазоир мамлакати тарихидаги муҳим босқичлардан бири бўлган. «Коммерсантъ» нашри Африка қитъасидаги ушбу мамлакат собиқ раҳбари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Фото: AP Photo

Қаҳрамон билан видолашув

Жазоир собиқ президенти 17 сентябрь куни 85 ёшда вафот этди. Эртаси куни мамлакат президенти Абдулмажид Теббун муайян танаффусдан кейин Жазоирда уч кунлик мотам эълон қилди, мустақиллик курашчиси Абдулазиз Бутефликанинг вафоти муносабати билан давлат байроқлари туширилди. Собиқ президентнинг ўлими муносабати билан минтақадаги кўплаб етакчилар ҳамдардлик йўллади, хусусан, ўзаро дипломатик муносабатлар ўтган ойда бекор қилинган мамлакат – Марокашнинг қироли Муҳаммад VI ҳам Жазоир ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдирди.

Абдулазиз Бутефликанинг дафн маросими 19 сентябрь куни пойтахтдаги Ал-Алия қабристони ҳудудида жойлашган Мазлумлар майдонида ўтказилди. Бу ерга Жазоир озодлиги учун курашган қаҳрамонлар дафн этилади. Гарчи икки йил аввал сайловолди кампанияси вақтида Теббун ўзини «Бутефлика режими» қурбони деб атаган бўлса ҳам маросимда шахсан иштирок этган. Бошқа юқори лавозимдаги амалдорлар, хориж дипломатлари ҳам қабристонга боришган. Жазоир миллий байроғи билан ёпилган тобут Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган транспортда собиқ президентнинг уйидан БТР-80 ҳамроҳлигида, мотоцикллар карвони билан олиб келинган. Аммо Абдулазиз Бутефликанинг дафн маросими президентлар билан видолашув даражасидаги ҳашамат билан ўтказилгани йўқ.

Одатда Жазоирда давлат раҳбарларининг ўлими муносабати билан эълон қилинган мотам саккиз кунгача давом этади. Собиқ президент жасади солинган тобут у билан видолашиш мақсадида Халқ саройига жойлаштирилиши тахмин қилинганди. Маҳаллий ОАВ саройда Бутефлика билан хайрлашув маросимига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай видолашув маросими бекор қилинди.

Президент Теббун ўзидан аввал мамлакатни бошқарган раҳбарни қандай дафн қилиш кераклиги борасида қийин масалага дуч келди. Сабаби бир томондан Бутефлика 20 йил давомида мамлакатни бошқарган қаҳрамон, бошқа томондан олиб қараганда эса 2019 йилда бир неча ой давом этган халқ норозилик намойишларидан кейин президентлик ваколатларидан воз кечиб, истеъфога чиққан раҳбар эди.

Абдулазиз Бутефликанинг бешинчи муддатга президентликка сайланиш учун номзодини қўйганлиги жазоирликларнинг қаҳрини қўзғатган, сабаби у 2013 йилда инсультни ўтказганди ва ҳамма унинг соғлиғи мамлакатни бошқаришига имкон бермаслиги мумкинлигига хавотирда эди.

Халқнинг норозилиги оқибатида юзага келган босим туфайли давлат раҳбари сайловларда иштирок этмасликка қарор қилди ва овоз бериш жараёни бошқа муддатга қолдирилди. Аммо президент ҳамда унинг атрофидагилар янги конституция ишлаб чиқилиб, сайловлар қайта ўтказилгунига қадар ҳукумат тепасида қолиши ҳақидаги хабарлар мамлакат аҳолисининг навбатдаги аввалгисидан кучлироқ норозилик намойишларини бошлашига сабаб бўлди. Оқибатда Абдулазиз Бутефлика истеъфога чиққанини эълон қилди. Шундан кейин президент омма олдида бошқа кўриниш бермади. Ҳеч ким уни таъқиб қилмади, у умрининг сўнгги йилларини хотиржам ўтказди. Бироқ президент атрофидаги юрган кишиларга нисбатан айбловлар эълон қилинди, хусусан, унинг укаси ва маслаҳатчиси Саид коррупция ҳамда давлатга қарши фитнада айбланиб таъқибга учради. Кейинчалик унга қўйилган айблов бекор қилинди, лекин суд суриштируви ҳанузгача давом этмоқда.

Намойишлар яна қайта бошланишидан хавотирланган Жазоир ОАВ собиқ президентнинг ўлими ҳақида иложи борича камроқ маълумот беришди ва у билан видолашув маросими ҳақида ҳам кам гапирилди. Деярли барча нашрларда марҳумнинг таржимаи ҳоли чоп этилди. Жазоирнинг «Аш-Шуруҳ» ахборот портал «Унинг бошқаруви даври ижобий ва салбий жиҳатлари билан биргаликда Жазоир тарихидаги энг муҳим босқичлардан бирига айланди»,— дея собиқ президент олиб борган сиёсатга баҳо берган.

Абдулазиз Бутефликанинг юксак натижалари ва қулаши

Абдулазиз Бутефлика 1937 йил 2 мартда Марокашнинг Ужде шаҳрида туғилган. У араб мадрасаси ва француз лицейида таълим олган, фалсафани ўрганган. 19 ёшида ўқишни ташлаган ва ноқонуний йўл билан Марокаш – Жазоир чегарасидан ўтиб, Жазоир «Миллий озодлик фронти» армияси таркибига кирган, ушбу қўшин Франция мустамлакачиларга қарши уруш олиб бораётган эди. 1962 йилда мамлакат мустақиллиги учун олиб борилган уруш тугагач, Абдулазиз Бутефлика Тлемсен шаҳридаги таъсис мажлисининг раиси, бир вақтнинг ўзида ёшлар, спорт ва туризм масалалари бўйича вазир лавозимини эгаллаган. Бир йил ўтгач ТИВ раҳбарлигига тайинланиб, дунёдаги энг ёш ташқи ишлар вазири бўлди ва вазирликни 14 йил давомида бошқарди. Жазоир унинг раҳбарлиги остида бетарафлик ҳаракатининг етакчисига айланган.

Аммо сиёсатчи позициясини йўқота бошлади. 1980 йиллар бошида уни молиявий айёрликлар қилганликда айбланди. У «Миллий озодлик фронти» марказий кенгаши аъзолигидан чиқарилди, бироқ кейинчалик президент Шадли Бенжедид қарорига кўра амнистияга тушди. Собиқ вазир 1987 йилгача ўз хоҳишига кўра сургун қилинди.

Абдулазиз Бутефлика 1999 йилда сиёсатга қайтди ва президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этишга қарор қилди. Сайловларда ғолиб чиққанидан кейин қуролланган гуруҳлар иштирокчиларнинг кўпчилик қисмига амнистия берадиган қонунни имзолади. Мамлакатнинг 1991 йилдан 2000 йилларгача бўлган фуқаролар уруши шароитидан чиқиш жараёни унинг номи билан боғлаб келинади. Энергия Энергия манбаларининг нархи ўсиши билан президент армияни мустаҳкамлади ва инфратузилмани ривожлантиришга инвестиция киритди. Аммо дунёда иқтисодий вазият ўзгара бошлагач, Жазоирнинг имкониятлари ҳам ўзгарди. мамлакатда ёшлар орасида ишсизлар сони ўсди, сиёсий элитанинг коррупциялашгани халқнинг ҳукуматга бўлган ишончини камайтириб юборди.

Бутефлика минтақадаги бир нечта мамлакатда кузатилган «араб баҳори» вақтида Жазоирдаги барқарорликни сақлаб қолди, бироқ бу ҳам узоққа чўзилмади.

«Бутефлика — фожиавий тимсол. У миллий ҳаракат вакилларининг энг ёрқин шахсларидан бири сифатида фаолиятини бошлаган. Унинг фаолиятида нафақат Жазоирнинг ташқи сиёсатини, балки бошқа учинчи дунё мамлакатлари ташқи сиёсатининг шаклланишида муҳим ўринга эга. Якун эса шарафли кечмади. Бир нарсани баралла айтиш мумкин — у мустақиллик учун курашган инсонлар авлодидан чиққан Жазоирнинг охирги етакчиси. Шунингдек, у нафақат мамлакат балки Шимолий Африка минтақасида ўтмишда қолган ХХ асрнинг энг охирги раҳбари эди»,— дея «Коммерсантъ»га интервью берган Россия фанлар академияси араб ва ислом тадқиқотлари институти раҳбари Василий Кузнецов.

Олимнинг сўзларига кўра президент Бутефлика Жазоир сиёсий тизимини шакллантирган ва ушбу тизим ҳукумат алмашганига қарамай ҳанузгача ишлаб турибди.

«Элитада қисман ўзгариш содир бўлди, аммо Бутефлика даврида юқори лавозимларда ишлаган сиёсатчилар авлод қолди ва ҳали тизимдан чиқиб кетмаган. Бугун Жазоирда трансформация жараёни аста-секин давом этмоқда, ҳукумат бутун дунё каби нафақат пандемия ва унинг асоратлари билан, балки халқнинг давлатга ишончсизлигини камайтириши, шунингдек халқаро таҳдидларга қарши тура олиши талаб этилади»,— деган Кузнецов.

Унинг фикрича Бутефлика бошқарувининг дастлабки давридаги тажрибага қайтиш ва унинг дипломатик меросидан ҳозирги шароитларда фойдаланиш Жазоир фойдасига хизмат қилиши мумкин.