Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбега жўнаб кетганди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбарини Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Президент шу куннинг ўзида Тожикистон ва Эрон президентлари ҳамда Покистон бош вазири билан учрашувлар ўтказади.

ШҲТ саммити 17 сентябрь куни бўлиб ўтади. Ўзбекистон бу ташкилотнинг асосчи давлатларидан бири. 2001 йилда тузилган мазкур ташкилотга бугунги кунда саккизта мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек, анжуман доирасида «ШҲТ — КХШТ» форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Йиғилиш якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади.