The New York Times фотожурналисти Киана Ҳайери 2021 йилнинг июнь ойида Афғонистондан катта фоторепортаж тайёрлайди. У Афғонистоннинг (2001 йил) 11 сентябридан кейинги авлодини — Америка босқинидан сўнг нисбатан очиқроқ жамиятда ўсиб-улғайган ёшларни суратга олишни кўзлаган, Америка қўшинлари чиқиб кетиши арафасида болаларнинг юрт келажагига бўлган ишончсизлигини тасвирга тушириш ниятида эди. Бироқ бунинг ўрнига улар кўниккан ҳаёт интиҳосини камерага муҳрлади.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

2021 йил бошида президент Жо Байден сентябрь ойигача Америка қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишини тугатиш ҳақида эълон қилгач фотосуратчи Киана Ҳайери 20 йиллик ишғолнинг поёнини АҚШ босқинидан кейин вояга етган ёш афғонистонликлар кўзи билан ҳужжатлаштиришга қарор қилди. 2014 йилдан бери Кобулда яшаб келаётган Ҳайери ушбу ёшлар тасаввур қилган келажак тез орада саробга айланишини билган-у, бунинг қачон ва қай тариқа амалга ошиши жумбоқ эди.

Улар Facebook, Twitter, Америка фильмлари, телешоулари, янгича эркинлик ҳамда имкониятлар даврида улғайди. Улар уруш, терроризм, қашшоқлик, тартибсизликларга дош бериб, виждонсиз ҳукумат ва жиҳодчиларнинг портлатиш таҳдидлари остида бир амаллаб омон қолди. Шунга қарамай, улар одам ўз келажагини ўзи ярата олишига бўлган ишонч билан улғайганди. Энди бу келажак сўроқ остида қолганини кўришди. Ҳайери суратга олган йигитларнинг бир қанчаси ёз бошида мамлакатни тарк этишга уриниб кўрган; бошқалари воқеалар ривожини сабрсизлик билан кузатиб, доимгидек яшашда давом этган. Уларнинг ҳеч бири ҳаёти бу қадар тез ва кескин ўзгариб кетишини кутмаганди.

Репортаж ва матн муаллифлари: Киана Ҳайери, Кристина Гольдбаум, Азмат Хон ва Дэвид Зуккино

15 ёшли Карим (чапда), 14 ёшли Гул Аҳмад (ўртада) ҳамда 15 ёшли Саид. Улар Ҳирот вилоятидаги Хархон қишлоғида бирга ўсган. Бу болалар ўз ҳаётини ўзгартириш мақсадида уйдан чиқиб кетган.

Карим (чапда), Гул Аҳмад (ўртада) ва 15 ёшли Саид. 

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Гул Аҳмад ўрта мактабда фақат бешинчи синфгача ўқиган. Отасининг ўлимидан кейин онаси яна турмушга чиққан. 12 ёшга тўлганида ўгай отаси уни Эронга бориб пул ишлаб келишга мажбурлаган. Юқоридаги фотосурат олинган вақтда болалар иш топиш илинжида Эронга борган, аммо Афғонистонга қайта депорт қилиниб, муҳожирлар марказида ўз оилалари бағрига қайтарилишини кутиб ётган бўлган. Ҳайери уларни учратганда болалар қўлларидан телефонни қўймай, нуқул шу билан андармон эди. Гул Аҳмад ўйин ўйнар, Карим эса эронлик ёш аёлларнинг чилим чекиб, гитара чалаётган видеоларини томоша қиларди.

Карим, Гул Аҳмад ва Саид муҳожирлар марказида.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Карим билан бирга суратга тушган Гул Аҳмад Эрондан уч марта ҳайдалишга улгурган. Ҳайери уларни учратган вақтда болаларнинг учови ҳам имкон бўлиши билан Эронга яна қайтишни режалаштираётганди.

Гул Аҳмада (чапда) ва Карим (ўнгда).

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Қўрқув борасидаги саволга Саид: «Нимадан қўрқаман, ўлим билан аллақачон юзма-юз келган бўлсам! Икки марта ўлим билан тўқнашдим, бир сафар мени Эронга яширинча олиб ўтишганда икки ўртоғим билан машина юкхонасида эдим, бўғилиб ўлишимга сал қолди. Бошқа сафар Эронга пиёда кетаётганимизда етти кун саҳрода сувсиз қолиб кетдик. Охир ҳушимни йўқотганимда кимдир мени ўша яқин атрофдаги тоғ бошига олиб чиқиб, булоқ сувидан ичирди ва тирик қолдим», – дейди.

Август ўрталарига бориб, толиблар босиб олгач, Гул Аҳмад Эронга қайтишга муваффақ бўлганди. У ўшанда қурилишда ишлаётган ва оиласи билан алоқаси узилиб қолганди. Мамлакатни яна тарк этганидан бери Карим ва Саид билан учрашмаганди. «Афғонистонни соғинаман. Афғонистон учун куйинаман. Толиблар Кобулни эгаллаб олганидан хабарим бор. Мамлакат уруш ва одам ўғриликларига тўлиб кетса керак», — дейди Гул Аҳмад. У келажакда ким бўлмоқчилиги ҳақидаги саволга кулиб юборди.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Карим ҳам ҳозир Эронда ва у иш топишда қийинчиликларга дуч келган. У Афғонистонда аҳвол ёмонлашганидан бери одамлар кўпайиб, иш камайиб кетганини таъкидлайди. У дўстлари Гул Аҳмад ва Саид билан анчадан бери кўришмаётганди. У Гул Аҳмаднинг қўшиқлар айтиб далда берганларини ёдга олди: «У бизга қўшиқ куйлаб берса, чарчоқларимиз чиқиб кетарди. Кайфиятни кўтаришга уста эди».

Ёзнинг бошларида 20 ёшли Исмат ўзининг поччаси ва бир гуруҳ ёшлар билан бирга Туркияга йўл олди. У шифокор бўлишни истаганди.

Қизалоқнинг қўлида Исматнинг сурати турибди.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Пандемия авж олиб, Исмат ўқишини давом эттиролмай қолди, Афғонистондаги сиёсий вазият таранглашгач, уч нафар катта акалари қатори отаси унинг ҳам хориж ўлкаларида янги ҳаёт қуриши керак деган қарорга келганди. Исмат чет тилларини билар ва компьютерда ишлашни ўрганиб улғайди. У тиббиёт институтига ҳужжат топширишни орзу қилаётганди: «Шифокор бўлишни истайман, сизга ва бошқа аёлларга, барча хаста одамларга ёрдам бериш учун», — дерди у онасига.

Исмат. 20 ёшлигида олинган сурат

Фото: Исматнинг онаси архивидан

Мактабдан бўш вақтларида Исмат рўзғорга қарашиш учун дўконда сотувчи бўлиб ишларди. Озроқ бўш вақт топса, спорт билан шуғулланарди. Июнда у Афғонистонга кетишга қарор қилди. Саёҳат Эрон чегарасидан кесиб ўтишни тақозо қиларди. Оила аъзоларининг айтишича, бир куни тунда Туркия чегараси яқинида Исматнинг тоби қочиб қолган. Келаси тонгда эса уйғонмаган. Беш кундан сўнг унинг жасади Ҳиротдаги оиласига қайтарилди. Бир неча кун ўтиб, дафн этилди.

Исматнинг дафн маросими.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Одамлар тобутни кўтарган вақтда ўнлаб аёлнинг дод-у фарёди фалакни тутди. «Менинг тўққиз фарзандим бор, ўзимни тўққиз бўлакка бўлиб ташлангандай сезяпман», – деди Исматнинг онаси (қуйидаги суратда ўнг томонда, бошига кимдир қўл қўйиб турган аёл). Унинг тўрт қизи ва беш ўғлини уруш, камбағаллик, янги ҳаёт бошлаш мажбурияти ҳар томонга сочиб юборганди.

Дафн маросимида дод солиб йиғлаётган Исматнинг яқинлари.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

«Исматнинг орзу-истаги унинг ука ва сингиллари бир ерга жам бўлиб, қаердадир бирга яшаётганини кўриш эди», – деди унинг онаси бир неча ҳафта ўтиб. «Уларнинг бари сўнгги вақтларда бир-биридан узоқда эканликларидан қийналишаётганди». У қўшимча қилди: «Мен истаган ягона нарса — фарзандларимнинг бахт-у камолини кўриш, қачондир шундай бўлишига ишончим қолмади».

Исмат қабрга қўйилди.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Улар майитни қабрга қўйишганидан сўнг Исматнинг энг яқин дўсти Қиёмиддин бўйнидаги оқ шарфни ечиб, Исматнинг юзига аста ёпиб қўйди. Белкуракни олиб йигитчанинг устига тупроқ тортди. Унинг кўзёшлари тинмай қуйилавергач, бошқалар озроқ нафасини ростлаб олиши учун қўлидаги белкуракни олиб қўйишмоқчи бўлишди. «У эртанги кун келишига ишонмайдиган кишилар тоифасидан эди», — деб эслайди Қиёмиддин. «Агар ундан эртанги куни ва келажакда қайси касбда ишлашни орзу қилиши ҳақида сўрасам, у ҳеч ўз келажаги тўғрисида бирор нима дея олмасди. У шундай дерди: ‘Умр қисқа. Мен буни режалаштирадиган даражада узоқ яшайман деб ўйламайман’».

17 ёшли Марям актриса бўлиб, таниқли шахсга айланишни орзу қилганди.

Марям.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Марям атрофидаги кўплаб одамларнинг аёл киши саҳнада ўзини намоён қилишни ёқламаслигидан ва кўпчилиги ҳатто театр нималигини билмаслигидан изтиробга тушарди. У Women Equality Ambassadors’га (Аёллар тенглиги элчилари) — озроқ бўлса-да эркин яшашни истаган, анъанавий оилалардан чиққан аёллардан ташкил топган кўча томошалари гуруҳига — қўшилди. Тепадаги расмда у иккисидан бирини — ё турмушга чиқиш, ё полиция офицери бўлиш орзусини амалга оширишни танлаши керак бўлган аёл ролини ўйнамоқчи бўлиб турганди. Тўйи куни аёл бомба ўрнатилган автомобилда ҳалок бўлди.

Театр гуруҳи актёрлари учун воқеалар чизиғи оғриқли кечинмаларга бой эди: июнь ойида қаллиқ ролини ижро этган 23 ёшли Тойиба Мусавийнинг ўзи Кобулда бомба ўрнатилган машинанинг портлаб кетишидан ҳалок бўлганди. (У сунний фундаменталистлар томонидан нишонга олинган Ҳазара озчилиги яшайдиган туманда турарди.)

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Унинг ўлимидан аввалги томошаларда актёрлар хотира саҳнасини ижро этишда кўпинча топшириқдан кўра йиғлашларига тўғри келарди. Кейин эса кўзёшлар ўз-ўзидан қуйилиб келадиган бўлганди.

Марям синглиси билан.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Ушбу суратлар олинганидан кейин етти ҳафта ўтиб, Марям Кобул аэропортининг ташқарисида самолётга чиқа олмай қолишдан қўрқиб турарди. «Толибон» одамларни ўраб олган ва у гапираётган пайтда ўқ ёмғири ёғиларди. «Тирик қоламизми, йўқми, билмайман. Ҳозирча бир нима дея олмайман. Улар бизни отишга чоғланишяпти. У ёғига нима бўлишини билмайман». У қизил йўлакчадан юриб бориб «Оскар» мукофотини олиш орзуси ҳақида гапираётган вақтда овози титраб кетди. «Мен ўз орзуларимни йиғлаб ёдга оламан», – деди у. «У рўёбга чиқишига ишончим комил эмас». Энди у толиблар даврида уйдан чиқишга умуман рухсат бермай қўйилишидан қўрқиб қолган.

«Улар аёлларга ишлашга рухсат берилади дейишяпти. Бу аёлларни ўйлаб қилинмаяпти, балки улар бошқарув илмига нўноқ. Шу сабабли уларнинг офис ишларини юритадиган одамлар керак. Эҳтимол, чодра — ҳамма жойни ёпиб турадиган — кўк либос киядиган аёллар ишларини давом эттира олар», – деди у. «Бироқ мен каби театр ёки кинода ишлайдиган қизлар-чи? Улар энди ишлай олмайди». Марям нишонга олинишига ишончи комил эди. «Улар ҳазаралар, журналистлар ва актрисалар билан осонликча келишиб кетмоқчи эмас. Барчамизни қириб ташлашмоқчи». У қўшимча қилди: «Агар сиз бу ҳақида ёзсангиз, илтимос, Афғонистондаги вазиятни дунёга етказинг».

22 ёшли Носир Хон Кобул жанубидаги Логар вилоятининг кўчманчи қабиласидан чиққан ёзувчи, ўз қабиласидаги олий маълумот олган кам сонли кишилардан бири.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Носир Хон Логар университети газетасида ўзининг мақолалари ва муаллифлик ишлари билан чиқишлар қилиб турарди; у яна сиёсатшунослик, ҳуқуқ бўйича таълим олганди. Икки ярим йил аввал у «Севги нима?» номли мақола эълон қилиб, севги тарғиботи мамлакатдаги урушларга барҳам бериши мумкинлигини олға сурганди. Шу воқеадан кўп ўтмай толиблар унинг уйига келиб, мақолалар ёзишни тақиқлаганди. Лекин у ёзишда давом этди.

Шундан сўнг, саккиз ой аввал ўша университет газетасидаги бошқа бир ёзувчини ўлдиришди. Йиғисини тия олмаган Носир Хон қорнида беш ойлик фарзандини кўтариб юрган рафиқаси билан бирга яшириниш мақсадида контрабандачилар билан учрашув белгилади. «Толибон» ҳокимиятни эгаллаб олган вақтда унинг онаси барча газета бўлакларини ёқиб юборганди. «Онам уйда, мени излаётганлар эшигимизни қоқиб келишини кутиб ўтирибди», — дейди у. Носир Хон шу кунларда мамлакатни ташлаб — қонуний ё ноқонуний бўлса ҳам — Канадага чиқиб кетишни режалаштиряпти.

15 августда толиблар Кобулни қўлга олиб, Ислом Амирлигини тиклади. Ундан бир ҳафта олдин одамлар топган-тутганларини ғамлаб, пулларини йиғиб, автобус бекатлари ва аэропортларда йиғилиб уларнинг келишига қурблари етганча тайёргарлик кўрганди. Кўплар ҳали ҳам бунинг бир неча кунлик эмас, балки бир неча ҳафталик иш эканлигига ишонарди. Якшанба куни эрталаб одамлар Кобулдаги паспорт столи олдида йиғиди. Навбатга тизилган одамлар уч шаҳар мавзесини айланиб ўтиб, ушбу таҳликали огоҳлантириш билан бирга муҳожирлар сурати солиб қўйилган девор ёнидан ўтиб кетди: «Ўзингиз ва оилангизнинг ҳаётини хавф остига қўйманг. Муҳожирлик ечим бўла олмайди».

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

Даллоллар бутун шаҳар бўйлаб уй жиҳозларини арзон нархларда сотиб олаётганди. Кобулда тартибсизлик бошланган вақтда Ҳайери қизига тегишли барча нарсаларни сотишга уринаётган аёлни учратди. Даллол унинг сотишдан бошқа чораси йўқлигини кўриб, нархни пасайтирди. Охири у ҳамма буюмларни 35 минг афғон пулига сотиб олди, бу, тахминан, 400 доллар дегани.

Фото: The New York Times / Киана Ҳайери

15 август куни, «Толибон» жангарилари шаҳарга етиб келай деганда, Ҳайери Кобулни айланиб, қўлидан келганича суратга олди. Тирбандлик жуда катта эди, одамлар қўрқув аралаш қаергадир шошарди, жадал юришарди. У гўзаллик салони ишчиларининг деворлардаги аёллар сурати туширилган суратларни йиртиб ташлаётганини кўрди. Уйига қайтгач, унга қўнғироқ қилиб, эвакуация учун аэропортга ҳозирлик кўришга ярим соат вақти борлигини айтишди. У шоша-пиша камерасини, қаттиқ диски ва яна бир нечта буюмларини йиғди. У турган турар жой биносидаги қўшнилари ҳам нарсаларини йиғиштираётганди. Ҳайери пастга тушгунича бутун бино ҳувуллаб қолганди. «Ҳамма ёқ алғов-далғов, қиёмат қўпгандек эди», — эслайди у. «Бир соатга қолмай ҳамма у ердан кетди».

Ташқарида турган тўрт қоровул аллақачон кийимларини алмаштириб, қуролларини ташлаганди. У Қатарга учиб кетаётган ҳарбий учоққа чиқиш учун аэропортга етиб келганида ўзидан бир неча мил наридаги президент саройига толиблар бостириб кирганидан хабар топди. У ўзи суратга олган афғонистонлик ёшлар ва бошқа кўплаб ўзи учрашолмаган кишилар ҳақида ўйлади. У сўнгги бор бир кеча аввал суратга олган одам Носир Хоннинг сўзлари у ва унинг тенгқурлари бошидан кечираётган чорасизликни ифода этишини эслади: «Беш йил олдин мен бошимни кафтларим орасига қўйгандим», — деганди у ўлишга тайёр эканлигини англатувчи афғонча ифода билан. «Йўқотадиган ҳеч нимам қолмади».