Германиянинг автоуйлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Volkner компанияси Dusseldorf Caravan Salon кўргазмасида навбатдаги янги модели — 12 метрли ғилдираклар устидаги уйни тақдим этди. Унинг асосий ўзига хослиги — автомобиль, масалан, Bugatti Chiron’ни ташишга қодир кенг жойга эга эканлигида. Автоуй гараждан ташқари, Volvo ва Mercedes-Benz дизеллари, ажойиб интерьери ва том қисмидаги қуёш панеллари билан мақтана олади, деб хабар беради Motor.
Мobil Performance S кузови қирмизи рангга бўялган. Автоуй том қисмига олтита 2000 ваттли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар электр қурилмаларнинг қувватланиши учун етадиган электр энергиясини ишлаб чиқаришга қодир. Ғилдираклар устидаги уй 460 от кучига эга Volvo двигатели ёки 430 от кучини тақдим этишга қодир Mercedes агрегати ёрдамида ҳаракатга келади. Агрегатлар автоматик трансмиссия ёрдамида бошқарилади.
Ғилдираклар устидаги уйнинг салони табиий ёғоч ва чармдан ишланган, муҳандислар раковина, плита, идиш ювадиган машина, шунингдек, микротўлқинли печ ва тушлик столига эга тўлиқ ўлчамли ошхона ўрнатган. Бундан ташқари, автоуйда катта ванна, бир нечта ётиш жойи, шунингдек, иситиш тизими, винолар учун шкаф ва ҳатто 300 минг евро турадиган Burmester аудиотизими мавжуд.
Аммо Volkner Mobil Performance S’нинг ўзига хос жиҳати барибир машина ўқлари орасидаги жойлашган, сурилувчи платформали гараж ҳисобланади. Bugatti Chiron каби автомобиллар учун мўлжалланган яширин омборни битта тугмани босиш орқали фаоллаштириш мумкин. Немис муҳандислари ўзларининг янги моделини 2,035 миллион еврога баҳоламоқда. Бироқ автоуй прайсига ҳозирда 3 миллион доллар турадиган гиперкарнинг қиймати киритилмаган.
Аввалроқ ғилдираклар устидаги уйларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Airstream компанияси ва Американинг уйлар учун товарларни тақдим этувчи Pottery Barn тармоғи ҳамкорликдаги лойиҳаси — 8,5 метрли Airstream х Pottery Barn Special Edition номли трейлерини тақдим этганди.