«Дарё» «Қизларга мактуб» лойиҳаси доирасида турмуш зарбаларига енгилмай, ривожланишдан тўхтамаган, ҳаётда ўз ўрнини топаётган аёлларнинг мактубларини чоп этишда давом этади.
Бу галги қаҳрамонимиз — тушунмовчилик сабаб чақалоғи билан турмушидан ажралган аёл.
Лойиҳа қаҳрамонининг илтимосига кўра унинг исми ўзгартирилди.
Исмим Ҳабиба, яқинда 36 ёшни қаршилайман. Ўзимни жуда кучли аёл деб ҳисоблайман. Сабаби ёлғиз бошим билан не-не машаққатларни енгиб ўтдим. Бугун менда аксарият инсонлар орзу қилган барча нарса бор. Шахсий машина, уй-жой, обрў-эътибор, дўстлар, даромадли иш. Қўлимни чўзсам, кўп нарсага етиши мумкин.
Бироқ бу кунларга осонликча етиб келмадим: юзимга ёпилган эшиклар, ортиқча гап-сўзлар, хиёнатлар, йўқотишлар...
Тўғри, жуда қийин бўлди, кўп бор синдим, синдирилдим. Аммо вақт ўтиб, ўша кўнгил синиқларидан янги «мен»имни яратдим. Ҳаёт зарбалари мени журъатли, кучли аёлга айлантирди. Ўзимни қўлга олиб, мақсадларим сари интилишдан тўхтамадим.
Агар бу ҳаётий тажрибамга аввалроқ эга бўлганимда, балки, камроқ хато қилиб, қийналармидим билмадим...
Оила қуриш арафасида турган сингилларим, эрининг хиёнатига учраган аёлларимиз учун бу ҳаётий ҳикоям ибрат, мотивация бўлар деган мақсадда мактуб йўллашга қарор қилдим.
Бу ерларда номим чиқмай ўлиб кетишни истамайман
Фарғонанинг энг чекка қишлоқларидан бирида туғилиб ўсганман. Яқинда 36 ёшни қаршилайман.Болаликдан орзулари осмон қиз бўлганман. Энг катта орзум шифокор бўлиш ва яхши жойларда ишлаш эди.
Болалигим деярли далада ўтган. Пахта териб юрган пайтларим «Бу ҳаёт мен учун эмас. Бу ерларда номим чиқмай ўлиб кетишни истамайман. Ҳали шундай кунлар келади, зўр бўлиб кетаман, шаҳарда яшайман» дердим. Дугоналарим «бу жинни бўлиб қолибди» деб устимдан куларди. Онам «кел, энди ишингни қил», деб эътибор бермасдилар. Гўё орзуларим бошқалар учун етиб бўлмас чўққидек туюларди.
9-синфни битириб, тиббиёт коллежига топшираман деганимда ота-онам томонидан қаттиқ қаршиликка учрадим: «Шаҳарда ўқиш учун кўп пул керак. Сени қандай қилиб ўқитамиз? Йўлкиранг, ётоғинг, озиқ-овқатингга қаердан пул топиб берамиз?»
Ўша пайтлари тиббиёт коллежларига 200-300 доллар бериб киришарди. Оилавий шароитимиз яхши бўлмагани учун отам-онамни қийнагим келмади. Ноилож шаҳарда ўқиш фикридан воз кечдим.
Дадам бемалол пиёда бориб келаверишимни ўйлаб, уйимиз яқинидаги техникумга киргизди. У ерда икки йил тикувчиликка ўқидим.
Техникумни битириб, университетга ўқишга кираман деганимда ота-онам яна рози бўлмади: «Ўзи энди ўқишни битирдинг-ку, яна ўқийсанми? Яна ўқисанг, қариқиз бўлиб қоласан».
Хуллас, тинчгина дадамнинг айтганини қилиб, мактабга ишга кирдим.
Мақсадим — оила қуриш орқали орзуларимга эришиш эди
Ўшанда 20 ёшда эдим. Табиийки, қишлоқда бўйи етган қизларга харидорлар кўпаяди. Мени ҳам сўровчилар кўп эди, аммо ҳаммасини рад қилардим. Чунки турмушга чиқишга орзуларимга етишишнинг сўнгги имконияти сифатида қарардим. Совчиларнинг эса кети узилмасди.Уйимдагиларга ўқитувчи йигитдан келаётган совчилар маъқул келди. Олий маълумотли, оилавий шароити ҳам ёмон эмасди. Учрашувга чиқдим, гаплашдик, очиғини айтсам, унга кўнглим бўлмади.
Кейинроқ эшитишимча, йигитнинг уйдагилари ҳам ўқимаганим учун мени келин қилишни истамаган. У эса «майли, ўзим ўқитиб оламан» деб оёқ тираб туриб олган. Тақдир экан, қаршиликларга қарамай тўйимиз бўлди.
Мен ҳамма орзуларимни унутдим-да, келинлик хизматларига киришиб кетдим.
Орадан бироз вақт ўтиб, мен ҳам эрим дарс берадиган мактабга ишга кирдим. Биргаликда ишга бориб кела бошладик.
Тезда бўйимда бўлиб, токсикоз бошланди. Тинмай асабийлашаверардим. Гўё эрим ўқувчиси билан менга хиёнат қилаётгандек туюлаверарди. Чунки у қиз ҳар хил баҳоналар билан эримга тинмай телефон қилар, эримнинг ҳам унга мойиллиги бордай кўринарди. Турмуш ўртоғим нотўғри ўйлаётганимни айтса-да, барибир хаёлимга ёмон ўйлар келаверарди. Вақт ўтиб, гумоним ҳақиқатга айланди.
Уйларни тозалаётиб, бир неча бор хонадан йиртилган хатларни топиб олдим. Эринмай тиклаб ўқидим. Биласизми, улар нафақат ўқувчи қизнинг, балки эримнинг ҳам жавоб хатлари эди.
Ишга борганимда ҳамкасбларим ҳам «эринг билан ҳали ўқувчисини кўрдим, индамайсанми? Бунақада эрингни ёш қизга бериб қўясан», деб қайрайверарди.
Охири чидолмай, ўша қизнинг уй рақамини топиб, телефон қилганман. Гўшакни бувиси кўтарган. Аламда набирасини йиғиштириб олишини, эримга тинмай телефон қилиб, оиламизни бузаётганини айтганман. Кечки пайт турмуш ўртоғим ишдан келиб мен билан қаттиқ жанжаллашган.
Билишимча, қиз мактабдан келганида бувиси ва онаси дадангга айтиб бераман, энди мактабга бормайсан деб урган. У эримга телефон қилиб, «Хотининг туфайли калтак едим, ўзимни ўлдираман. Сабабига сени ёзиб кетаман, хотининг ёки сен қамалиб кетасан» деб таҳдид қилган.
Эрим эса келиб, бор аламини мендан олган.
«Битта ўқувчингизни ортидан мени шунча хафа қиляпсизми? Ҳомиладорман, қорнимда болангизни кўтариб юрибман», деб ичимдаги бор аламимни сочганман.
Гўзал эдингиз, сизга кимлар ҳавас қилмасди. Ҳамма орзуларингиздан кечиб, бир йигитни деб келасиз. Уни рози қилиш учун ҳомиладор ҳолингизда саҳардан катта ҳовлидаги бор ишни қиласиз. Ишдан чарчаб келиб, овқат тайёрлаб, мол-қўйига қарайсиз.
Эрингизни пайпоғигача ечиб, тирноқларигача оласиз. Бир аёл эрига қандай хизмат қилиши керак бўлса, ортиғи билан бажаришга, миннатдор қилишга ҳаракат қиласиз-да, аммо у сизни ташлаб, ёш қиз билан дон олишиб юради.
Қаерда хато қилдим, нимани нотўғри қилдим? Ё эскириб қолдимми, ёки кўнглингиздагидек хизматингизни қилолмадимми, деб йиғладим.
У гапларимни эшитмай «сендек аёл керак эмас, йўқол, уйингга кет» деб туриб олди. Майли, агар кетсам кўч-кўроним билан кетаман, дедим. У эса қаршилик кўрсатмади.
Қўшнилар кўриб қолиб, гапирмасин деб ҳатто ҳожатга ҳам чиқмасдим
Қизлик уйимга қайтдим. Сал ўзига келиб, айбларини тушуниб, мени олиб кетади, ахир қорнимда боласи бор-ку, деб умид қилдим.Ўша пайтлари остона ҳатлаб кўчага чиқмаганман. Биров олти ойлик келин қайтиб келибди демасин, ота-онамга иснод бўлмасин, деб ҳовлига ҳам чиқмасдим.
Сандалга ўраниб, йиғлаб ётаверардим. Эрталаб вақтли туриб, намозимни ўқиб олардим-да, шомгача ҳатто ҳожатга ҳам чиқмасдим (Ҳозир шунчалик орият кучли бўлган эканми деб ўйлаб қоламан).
Шу зайлда ой-куним етиб, қизли бўлдим, ҳеч йўқ фарзандини кўргани келмади. Фақат ота-онам бошимда турди. Эрим тараф келавермагач, ўзимиз хабар бердик. Бир неча кундан кейин эса уйимизга ажрим қоғози келди.
Нималар бўлаётганини тушунмасдим. Айбим нима? Рашк қилганимми? Ахир ўзимдан ўзим рашк қилмадим-ку? Хўп, мен ноҳақ бўлган тақдиримда ҳам қайси аёл эрини қизғанмайди, шунга ажрашиш керакми деб ҳазм қилолмасдим.
Дунёда онани йўқотишдан ортиқ бахтсизлик йўқ экан
Пешонада бор экан, ажрашдик. Орадан олти ой ўтиб онам қаттиқ касал бўлиб қолди. Синглим ишларди. Укам ёш. Боламни белимга боғлаб, олти ой шифохонада ётиб қарадим. Операция қилдирдик. Аммо соғлиғи ёмонлашиб бораверди.Онам ҳалиям эримнинг келишига умид қиларди. Она, ўз боласини кўришга келмаяпти-ку, қандай сизни кўришга келади, дердим ичимда. Ўшанда эримдан шунақанги нафратланардимки... Ҳали ҳам ўша аламзадалик ичимда бор.
Болам бир ёшга кирганда онам вафот этди. Онангизни сизга кўзи мўлтиллаб, болаларимни уйли-жойли қилиб, бахтини кўролмаганидан қийналиб, ўлгиси келмасдан ҳаётни тарк этишини кўриш... Мен ўшанда ҳақиқий бахтсизлик нима эканлигини ҳис қилганман.
Аслида эрингизни ташлаб кетиши, хиёнати, моддий етишмовчиликлар онани йўқотиш олдида ҳеч нарса эмас экан.
«Қўй, қизим, йиғлайверма», дейишса қулоқ солмаган эканман. Кўз ёшларимни кўриб, онажонимни ичи дардга тўлиб кетган экан. Ўшанда фарзандлар ғам-ташвишини онасига ҳеч қачон билдирмаслиги кераклигини тушунганман.
Ҳаётимни укаларимга, қизимга бағишладим
Онамдан сўнг оилада асосий одамга айландим-қолдим. Қайтиб турмуш қурмадим. Ўзимни оиламга, боламга бағишладим.Дадам, укаларимнинг ейиш-ичиши, кири, уй ишлари менинг зиммамда эди. Ҳар куни эрталаб улар ишга чиқиб кетишарди. Мен эса боламни аравачага боғлаб, мева-чеваларга, экинларга қарардим.
Қўшниларимиз «сен белим дейсан, шунақа иш қилганингдан кейин оғрийди-да» дерди. «Тирикчилик-да» деб елкамни қисиб кетардим. Синглимнинг бўйи етганди. Сеп йиғиб, эрга бердик.
Икки йилдан сўнг эрим уйланди. Энг қизиғи, ўқувчисига эмас, ҳамкасбим билан оила қурди. Улар билан кўришмаслик учун мактабга қайтиб бормадим.
Эрим йўқлигини эшитиб, кўпчилик оғиз соларди
Олий маълумотли эмаслигим сабаб ишга киришга қийналганман. Уйимиз яқинидаги коллеж директори расман ишга олгиси келмаган. Жуда ялинтирган. Охири етакчи сифатида ишга кирдим. Коллежда арзимаган 50 минг сўм ойликка ишлардим. У пулга бир литр ёғ, ортганига боламга печенье олардим.Ўша пайтлари алиментдан 14 минг сўм олардим. У боғча пулига ҳам етмасди.
Яна пул топиш учун уйда деҳқончилик қилардим. Имкон борича рўзғорга керакли маҳсулотларни еримизга экиб, уйдан чиқарардим. Саҳарда мева-чеваларимизни териб, бозорга олиб чиқиб сотардим.
Пулим кўпайсин деб қўшниларимизнинг ҳам меваларини қўшиб олардим.
Бозорчилар «бизни жойимизда ўтирма», деб жанжал қиларди. Улар билан уришиб, тортишиб, савдо қилаверардим. Эҳ-ҳе, ҳозир ўша кунларни эсласам...
Бозордан тўплаган пулларимга вақт ўтиб компьютер, принтер сотиб олиб, коллежда компьютер хизмати очганман.
Янги келган коллеж директори меҳнаткашлигимни кўриб, мени 0,5 ставкага ишга олган. Ойлигим ошган. Тушликкача коллеждаги ишларимни битириб, қолган пайт ўқувчиларга қоғоз чиқариб ўтирардим.
Коллежга энди ўрнашдим деган пайтимда яна директор алмашган. У негадир ҳеч мен билан чиқишмасди. Пахтага чиқмаяпсан деб гапирарди, чиқсам яна бошқа баҳоналарни келтириб, уришаверарди. «Камолот» етакчилигидан олиб, кутубхоначи қилиб қўйган. Роса йиғлардим, лекин ҳеч кимга айтолмасдим. Кейинроқ билсам, эрим йўқлигини эшитиб, ялинтирмоқчи бўлган экан.
Очиғини айтсам, эрим йўқлигини эшитиб, кўпчилик оғиз соларди. Гап тегиштирарди. Лекин ён бермасдим. Эркак кишидан шу даражада кўнглим қолганки, қайтиб оила қуриш ҳақида ўйламасдим.
Ажрашишим сабабини 7 йилдан кейин билдим
Аллоҳга шукр, қизим ота меҳрига зор бўлмай улғайди. Чунки дадамни «дада» деб катта бўлди. Бизга бермаган меҳрини ҳам боламга берди. Аямдан кейин боламга жуда суяниб қолди.Бир куни қизим, дадамга гапираётганимда «ойи, нега доим менинг дадамни дада дейсиз, ўзингизнинг отангиз қаёққа кетган?» деб сўради.
Шунда дадам «Қизим, мен ойимнинг дадасиман. Сенинг даданг узоққа кетган» деб тушунтирганди.
Болам беш ёшдан тайёргарлик курсига бора бошлади. Топганларим етмай қолди. Ўшанда алимент берадиган ташкилотга бориб, эримнинг устидан ариза ёздим. Шундан кейин эрим менга телефон қилиб, ҳеч қаерга расмий хат билан мурожаат қилмаслигимни, ҳаммасини тўлашини айтиб, қизимни кўрсатишимни сўради.
Яқин дугонамга бу ҳақда айтдим. Унинг «Кўрсат, шу пайтгача кўрмаган бўлса, шундай боласи борлигини кўриб, куйсин, меҳри тушсин. У барибир болангнинг отаси» деган маслаҳатидан сўнг рози бўлдим.
Мактабга бориб, қизимни олдим. Собиқ эримнинг машинасига чиққанимизда қизим қаёққа кетаётганимизни сўради.
Шунда отаси «Ассалому алайкум, қизим» деди. У ҳам ҳали тили тўлиқ чиқишга улгурмаган тиллари билан салом берди.
Отасини умуман кўрмаган эмасми, мендан «Ойи, бу ким?» деди. Эрим қизимнинг саволларига ўзи жавоб берди.
— Даданг бўламан, қизим.
— Ие, менинг дадам бор-ку?
— У сенинг бобонг, ойингни дадаси, сенинг даданг менман.
— Унда шу пайтгача қаерда эдингиз?
Эрим ғалати бўлиб кетди.
— Узоқда, сафарда эдим, энди келдим, қизим, — деб ўзини оқлашга уринди.
Бироз айланганимиздан сўнг, қизим ухлаб қолди. Машинада ўтириб, гаплашиб қолдик.
— Нега турмушга чиқмадинг?
— Вақтим бўлмади, онам ўлиб кетди. Қолаверса, дадам ҳам уйланмади. Уни, укаларимни ташлаб қаёққа кетардим.
— Агар бошқа турмушга чиқмасанг, мен сенга ёрдам бераман. Айб ҳаммамиздан ўтган, ёш бола бўлганмиз.
— Ўзи мендан нима айб ўтган? Айбим — ўз эримни рашк қилганимми? Ким эрини рашк қилмайди?
— Ўзинг ёзавериб тинч қўймадинг-ку!
— Қанақа ёзув? Тушунмадим.
— Менинг устимдан ҳокимиятларгача ёзибсан, аризаларни деб анча югур-югур бўлдим...
— Мен ёзмаганман.
— Сен ёзмасанг ким ёзади?, — эрим асабийлашиб кетди.
Эрим мактабда ўқитувчилик қилиш билан бирга «завхоз» бўлиб ҳам ишларди. Тушунишим бўйича мен кетганимдан сўнг, мактабдаги нарсаларни ўзлаштирган деб унинг устидан кимдир ёзиб берган. Уйдагилари буни мен қилди деб ўйлаган. Опалари ёзувчи аёл сенга ҳеч қачон хотин бўлмайди, деб ажрашишини маслаҳат берган.
Қаранг, ҳаёт қанчалар бешафқат. Бировнинг бир оғиз гапи, тахмини билан оилам бузилди, болам отасиз катта бўлди. Емаган сомсамга ёшлигим билан товон тўладим.
Ўзимни тутиб туролмадим. Ўшанда олдимда келиб «Нега ундай қиляпсан?» деб бир оғиз сўрасангиз бўлмасмиди? Етти йил нимага ажрашганимни билмай юрдим. Худога шукур, юзим ёруғ экан. Мени айбсиз ҳолимда шунча азобга маҳкум қилдингиз. Тақдиримга куйиб онам ўлиб кетди. Сиз ҳам бола-чақа қиляпсиз, илоҳим, улардан қайтсин, деб йиғладим.
У мендан тинмай кечирим сўрарди: «Ҳамма нарсангни, уй-жойинггача қилиб бераман. Ўзим ҳамма нарса билан таъминлайман, фақат кечирсанг бўлди».
Аммо унинг ҳеч бир сўзи қулоғимга кирмасди. Онамнинг қабрига бориб, тўйгунимча йиғладим...
Энди кўз ёшлардан фойда йўқ!
Болам катта бўлгани сари ўзимни қўлга олишим, кучли бўлишим кераклигини тушундим. Болаликдаги орзуларимни амалга ошириб, қизимни яхши жойларда ўқитишни мақсад қилдим.Коллеждаги ишларим билан бирга дугонамнинг салонига бориб, ҳунар ўргандим. Қўлимдан иш келганидан сўнг кредит олиб, гўзаллик салони очдим. Тошкентдан келин кўйлаклар олиб келиб, ўзим макияж қилиб, қўшимча пул топдим.
Орада дорихоначи ўртоғим ишга таклиф қилди. Ишим — жойларга дориларни элтиб беришдан иборат эди. Салонда мижозлар йўқ пайтлари дориларни етказиб берардим. Шу ишдан барака топдим. Орада фармацевтликка ўқиб ҳам олдим.
Шу соҳадан кўпроқ пул топганим учун коллеждан ишдан кетдим. Салонни ёпдим. Бир дугонам билан ҳамкорликда хусусий мактаб очдик. Ишлари юришиб, оёққа турганида у шерикчилигимиз тугаганини айтди. Ҳа майли, деб қўлимни қўлтиғимга уриб, индамай кетдим.
Аламзада эдим. Бор кучимни ўша дори-дармонга бердим. Яхши ишлаганим учун фирмадан қўшимча иш беришди. Қаттиқ меҳнат қилдим. Ишимиз юришиб кетиб, шаҳардан уй, машина олдим. Орзу қилганимдек, қизим яхши мактабда таҳсил оляпти. Ҳалиям диплом олиш ниятидаман.
Ҳабиба бўлиш осон бўлмади. Бу кунлар учун Аллоҳга қандай миннатдорлик билдиришни билмайман. Нима орзу қилган бўлсам ҳаммасига битта-битта эришиб келяпман.
Агар ўтмишга қайтганимда ажрашмасдим
Агар ҳозирги ақлим билан ўтмишга қайтганимда оилани танлардим. Исталган аёлга эр топилади, эркакка хотин, лекин фарзандларга ўзиники каби ота-она топилмайди. Фарзанд тарбиясида менинг қаттиққўллигим меҳрим камлик қилади. Қайта оила қуришга эса жуда қўрқаман. Қизим катта бўлиб қолди, бундай таваккал қилолмайман.Биласизми, мен ўша келинчаклик пайтимда қолиб кетганман. У кунларни кўп ўйлайман. Ажрашиб кетишга лойиқ эмасдим, деб баъзида ҳам йиғлайман. Аммо Аллоҳнинг иродаси. Нолимайман, лекин агар ўша пайтга қайтсам, эрим билан асло ажрашмасдим.
Бориб катта одамлардек гаплашиб, вазиятга ойдинлик киритиб олардим. «Айбим бўлса, кечиринг, сиздан ўтган бўлса, майли мен кечирдим» дердим. Нима бўлган тақдирда ҳам оиламни асраб қолишга ҳаракат қилардим.
Аёл жанжал, тўполон билан бирон нимага эришолмайди
Опа-сингилларимга маслаҳатим — бирор касб-ҳунар эгаси бўлмай дипломсиз бировнинг хонадонига борманг. Агар олий маълумотли бўлганимда пул топишда бунчалик қийналмасдим деб ўйлайман. Шунинг учун кўп китоб ўқинг, илм олинг.Ўзингизга эътиборли бўлинг. Аллоҳ берган танангизни парвариш қилинг. Аёл кишининг ўзи, қалби, ҳаракатлари гўзал бўлиши лозим. Агар эрингиз билан қандайдир келишмовчиликлар бўлса, бақир-чақир қилиб, аразлаб кетиб қолмай ўтириб, гаплашиб олинг. Нима ёқмаса, чиройли йўл билан тушунтиринг, дўстона муносабатда бўлинг. Аёл жанжал, тўполон билан бирон нимага эришолмайди. Бу тажрибамдан кўп ўтган.
Бир иш бошлашдан қўрқманг. Меҳнатдан қочманг. Биров қилдими, демак, сизни ҳам бу қўлингиздан келади. Аллоҳ ҳеч бандасини ташлаб қўймайди. Ҳар ким ҳаракатига ярашасини олади. Шундай экан, фақат интилинг, ҳаракат қилинг.
Лойиҳа муаллифи ва суҳбатдош: Хонзодабегим Аъзамова
Муҳаррир: Дилшод Шарипов
Мавзуга доир: Қизларга мактуб»: Ажрашган аёллар иккинчи «сорт» эмас
Лойиҳада иштирок этишни истаган аёлларимиз Telegram’даги @daryomuxbiri’га мурожаат қилишлари мумкин.
Изоҳ (0)