Япониянинг Токио шаҳрида 23 июлдан 8 августга қадар ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди.
Мусобақада Ўзбекистон номидан 17 та спорт тури бўйича жами 65 та йўналишда атлетлар иштирок этди. Ўзбекистонликлар спортчилар Олимпиадада умумий ҳисобда 5 та (3 та олтин ва 2 та бронза) медални киритди ва умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллади.
Биринчи ўринни Америка Қўшма Штатлари вакиллари эгаллаган бўлса, Хитой ва Япония иккинчи ва учинчи поғоналарни банд этди. Медаллар умумий рейтинги билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.
Ўзбекистон Осиё қитъасида Хитой (2), Япония (3), Жанубий Корея (16) ва Эрондан (27) кейин бешинчи энг яхши натижани қайд этди. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса Россиядан (5) кейинги бўлди.
Бу медаллар сифати бўйича Ўзбекистон учун Олимпия ўйинлари тарихидаги иккинчи энг яхши натижа бўлди. 2016 йилда Риода ўтган Олимпия ўйинларида 13 та медал (4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза) жамғарилганди. Ўшанда Ўзбекистон делегацияси 21-ўрин билан мусобақани якунлаган.
Токиодаги Олимпиадада жами 1080 та медал (340 та олтин, 338 та кумуш ва 402 та бронза) ўз эгаларига топширилди. 93 та мамлакат вакиллари камида биттадан совринга эга бўлди. Шунингдек, 65 та делегация, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз ҳисобига олтин медал ёздириб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадасида Улуғбек Рашидов (таэквондо), Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Баҳодир Жалолов (бокс) олтин, Давлат Бобонов (дзюдо) ҳамда Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) бронза медалига эга чиқди.