Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Туркманбоши шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Маълум қилинишича, учрашув чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

«Томонлар кўп қиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун устувор вазифаларни белгилаб, ўзаро савдони ривожлантириш учун шарт-шароитлар яхшилаш, шу жумладан, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни изчил бекор қилиш ҳамда икки мамлакат бозорларига Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқилган товарларнинг киришини соддалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирга бошлашга келишиб олдилар», — дейилади хабарда.

Мазкур чора-тадбирлар яқин келажакда Ўзбекистон—Туркманистон савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имконини бериши башорат қилинмоқда.

Шунингдек, хабарга кўра учрашув доирасида Ўзбекистон—Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналарини яратиш масалалари кўриб чиқилган.

«Бу икки томонлама савдо ривожига қўшимча туртки беради, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, нефть-кимё маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни оширади», — дея таъкидланади вазирлик хабарида.

Ташриф чоғида Туркманистонда 5−6 август кунлари бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3-маслаҳат учрашуви ва Марказий Осиё мамлакатлари Иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу тадбирда иштирок этади.