Ўзбекистонда, айрим истисно ҳолатларни инобатга олмаса, катта ҳудудий бирликларнинг бари ҳокимлар томонидан бошқарилади. 2021 йилнинг июль ойида ана шундай ҳудудларга раҳбарлик қилувчи икки киши — Тошкентдаги Олмазор тумани ва Андижондаги Бўстон тумани ҳокимлари вафот этди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши Ўзбекистонда июль ойида ўзининг айни чўққисига чиққанига қарамай, ушбу икки амалдорнинг ўлимига мазкур касаллик сабабчи эмаслиги таъкидланади. Эътиборга молик томони, роппа-роса бир йил олдин, коронавирус айнан чўққига кўтарилган вақтда, Ўзбекистондаги бир неча ҳудуд раҳбарлари — улар орасида вилоят ҳокимлари ҳам бор — COVID-19 қурбонига айланган эди.

«Дарё» сўнгги йилларда ҳоким (ёки ҳудуд раҳбари) лавозими эгаси сифатида вафот этган ўзбек амалдорларини бир саҳифага жамлади.

Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокими лавозимига тайинланганига салкам етти ярим ой бўлган Асилбек Юсупов 2017 йил 3 октябрь куни мияга қон қуйилиши (инсульт) ташхиси билан касалхонага ётқизилган, орадан икки кун ўтиб, ўзига келмай вафот этган. У 57 ёшда эди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у пахта йиғим-теримига бағишланган йиғилишда ҳақорат эшитганидан сўнг аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетган.

Фото: «Kun.uz»

2019 йилдан Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманига ҳокимлик қилган Даулет Тўлибаев касалхонага ётқизилганидан икки ҳафта ўтгач, 2020 йилнинг 24 июль куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди. 37 ёшли бу йигит пандемия даврида айнан COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган Ўзбекистондаги биринчи ҳоким ҳисобланади.

Фото: ЎзА

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси мавқейи жиҳатдан Ўзбекистоннинг қолган энг йирик ҳудудий бирликлари раҳбарлари — вилоят ҳокимларига тенг. 2020 йил 31 июлга қадар ушбу лавозим эгаси Муса Ерниязов эди — 72 ёшли амалдор айнан шу санада коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Шуни қайд этиш ўринлики, Қорақалпоғистонга 18 йил раҳбарлик қилган Ерниязовнинг COVID-19 га чалиниб, даволанишда экани салкам 20 кун жамоатчиликдан яширилган эди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бош вазир ўринбосарлигига кўтарилган Ўктам Барноев ўрнига Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланган Карим Камолов бу лавозимда тўлиқсиз олти ой ишлади — у 2020 йил 22 август куни 65 ёшида коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Қайд этиш жоиз, орадан бир ой ўтар-ўтмас Ўктам Барноев ҳам коронавирус қурбонига айланган эди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

2020 йил 4 март куни Қашқадарёнинг Миришкор тумани ҳокими этиб тайинланган Ғайрат Бегалиев орадан ярим йил ўтиб, 8 сентябрь куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳокимда икки томонлама пневмония, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги қайд этилган. Таъкидлаш ўринли, ҳоким Бегалиевнинг ўлимидан икки кун аввал унинг ўринбосари Мансур Раҳимов ҳам COVID-19 дан вафот этган эди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

2020 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Андижон вилоятидаги тўртта ҳоким пневмониядан даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо, афсуски, уларнинг ҳаммасига ҳам соғайиб кетиш насиб этмади. 29 сентябрь куни Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этган; шифокорлар ўшанда 49 ёшли ҳокимда коронавирус аломатлари топилмаганини алоҳида қайд этиб ўтган эди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Пневмониядан даволанаётгани айтилган андижонлик тўрт ҳоким орасида, жумладан, 54 ёшли Назиржон Ўринбоев ҳам бор эди. У Олтинкўл тумани ҳокими этиб тайинланганига икки йил тўлишига 13 кун қолганида — 2020 йил 7 октябрь куни пневмония касаллиги асоратлари ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

2017 йилдан буён Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Аъзамхон Баҳромов 2020 йил 19 октябрь куни 60 ёшида вафот этди. Унинг вафотидан сўнг Каттақўрғон тумани етарлича узоқ муддат ҳокимга ёлчимади, айни вақтда Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирига унинг номи берилиши маълум қилинди. Баҳромовнинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган.

Фото: Каттақўрғон тумани ҳокимлиги

Ўзбекистон Марказий банки собиқ раиси Файзулла Муллажоновнинг ўғли Абдумажид Муллажонов 2021 йил 18 июль куни миокард инфаркти сабабли вафот этди. У 2021 йил январида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ҳокими этиб тайинланган эди. 51 ёшли подполковник туманни беш ярим ой бошқарди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

2020 йили 8 март байрами арафасида ҳокимлик лавозимларига тайинланган олти аёлдан бири — Андижон вилояти Бўстон (собиқ Бўз) тумани ҳокими Садбархон Мамитова 2021 йил 31 июль куни вафот этди. Маълумотларга кўра, у бир неча йил аввал нотўғри ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида юз берган ичак чириши хасталиги оқибатида вафот этган. 54 ёшли Садбархон Мамитова туман ҳокими лавозимини 2020 йил 4 мартдан то умрининг охиригача — салкам 17 ой эгаллади.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги