Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлигида 2 август, душанба куни Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган. Маълум қилинишича, йиғилишда иштирок этган бош вазир Абдулла Арипов Олмазор тумани ҳокими лавозимига Азизхон Умархонов номзодини Халқ депутатлари Олмазор туман кенгаши сессиясида тасдиқлаш учун тавсия этган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Азизхон Умархонов 2000 йилда Ўзбекистон ИИВ академиясини тамомлаган ва шу йиллар давомида тизимда самарали фаолият юритган. 2020 йилдан шу кунга қадар Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Депутатлар регламентга мувофиқ Олмазор туман ҳокими лавозимига Азизхон Умархоновнинг номзодини бир овоздан маъқуллаган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 18 июль куни Олмазор тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Абдумажид Муллажонов 51 ёшида вафот этганди.