Apple компанияси App Store дўконидан вакцинациядан ўтмаганлар танишиши учун мўлжалланган Unjected мобил дастурини ўчириб ташлади, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: EPA

Unjected дастурчилари томонидан йўлланган хатда мобил дастур «ўз концепцияси ёки мавзуси доирасида коронавирус пандемиясига ноўрин муносабатда» эканлиги айтилади.

Таъкидланишича, Apple коронавирусга боғлиқ барча дастурларда манбаси ҳукумат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги нотижорий ташкилотлар ёки таълим муассалари бўлган ишончли маълумотларни тақдим этишни талаб қилмоқда.

Компания дастурчилар Unjected’ни «тиббий даҳлсизлик ва сўз эркинлиги тарафида бўлган фикрлилар учун» бирлашма деб атаган интервьюдан иқтибос келтирган.

Аввалроқ Google компанияси ҳам Unjected’нинг айрим фойдаланувчилари ёзишмаларига таяниб, дастур ёлғон маълумотларга қарши курашга етарлича эътибор қаратмаётганини қайд этганди. Гап вакциналар «биологик қурол», «генетик модификатор» ва «микрочип» деб аталган постлар ҳақида кетмоқда.

Google Unjected’ни Google Play’дан ўчириб ташлаш билан таҳдид қилган ва дастурчилар ундан хабарларни олиб ташлашга мажбур бўлган. Unjected’ни 2021 йилнинг май ойида гавайилик икки аёл ишга туширган. Айни вақтда сервис 18 минг маротаба юклаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, америкаликларнинг 40 фоизидан кўпроғи коронавирусга қарши эмланишни истамаслигини маълум қилган. Вакцина олишни истамаётганларнинг 66 фоизи коронавирусга қарши препаратнинг ножўя таъсиридан хавотирда бўлса, қолган 33 фоизи вакцинани самарасиз деб ҳисоблайди.