Шавкат Мирзиёев ота-онасиз қолган болаларга маънавий ва моддий ёрдам бериш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Меҳрга ташна болаларни оила бағрида тарбиялаш бўйича кенг кўламли қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.

Бугунги кунда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 309 нафари чин етимлар, қолган 1 минг 514 нафари ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ҳисобланади. Ваҳоланки, бундай оилаларга ёрдам бериб, меҳрибонлик уйларидаги 70 фоиз болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш мумкин.

Шунингдек, 79 минг нафар ота-она меҳридан маҳрум, шундан 5 минг 700 нафар чин етим болалар васийлик ва ҳомийлик органларида рўйхатда туради, 35 минг нафари фарзандликка олинган. Лекин, бундай болаларни ҳолидан хабар олиш, улар билан алоҳида шуғулланиш туман (шаҳар)лардаги Халқ таълими бўлимларининг 1 нафар ходимига юклатилган.

Шу боис, ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимлигида Васийлик, ҳомийлик ва патронат ишлари бўлими ташкил этилади ҳамда уларга 4 нафардан штат ажратилади.

Бундан ташқари, Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилади ва улар васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар аҳволи, уларнинг оилавий шароитидан ҳафталик хабар оладиган тизим яратилади.

Шунингдек, васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларга 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетдан 1,2 миллион сўм, ногиронлиги бўлганларга эса республика бюджетидан 2,5 миллион сўм тўланади», – дейди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича ногиронлиги бўлган болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга, уларни парвариши даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади.

«1 сентябрдан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади.

Бундан ташқари, 122 минг нафар ‘темир дафтар’га кирган оила фарзандлари, шунингдек 370 минг нафар боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилади.

Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар ҳам олийгоҳларга киришда меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланади», – дейди Шавкат Мирзиёев.