Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 12 июль, душанба куни ўтказилган брифингдан сўнг журналистларнинг Афғонистондаги вазиятга оид саволларига жавоб берди, дея хабар қилмоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

«2012 йилда қабул қилинган ‘Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида’ги ва ‘Мудофаа тўғрисида’ги қонунимизга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас ва биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга ҳам қўшила олмаймиз. Бу қонунларда белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — таҳр.)га аъзо давлатлар томонидан ҳам бизга ҳеч қандай таклиф келиб тушгани йўқ», — деди Асадов.

У Америка ҳукумати томонидан Ўзбекистонга афғон аскарларини вақтинча ўзининг ҳудудида сақлаб туриш бўйича сўров бўлмаганлигини қайд этди.

«АҚШ томонидан бундай сўров бўлганини мен билмайман. Ўзбекистонга ҳеч қандай расмий таклиф бўлмаган. Биз бу вазиятда, аввало, Афғонистонни гуманитар ва иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаб, ёрдамимизни кўрсатишимиз мумкин.

Жорий ҳафта бўладиган конференциямизнинг ҳам асосий мавзуларидан бири мана шу, яъни нотинч пайтда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, ва умуман олганда, кенг жаҳон ҳамжамияти Афғонистонга қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳамда бу икки йирик ҳудуднинг кейинчалик қандай иқтисодий нуқтаи назардан барқарор ривожланиши таъминланиши муҳокама қилинади», — деди Асадов.