Сенат раиси Танзила Норбоева коронавирусга қарши эмланган. Бу ҳақда Сенат раисининг масъул ходими «Дарё»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, Танзила Норбоева 2021 йилнинг май—июнь ойларида Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари нисбатан суст кетмоқда. Шу муносабат сўнгги икки ҳафта ичида вакцинация жараёнида қатнашиши мумкин бўлган аҳоли тоифалари кенгайтирилди, хусусан, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 18 ёшдан катта барчани эмлашга рухсат берилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 июнь куни «Мен вакцина олдим» акцияси бошланганини эълон қилди. Акция доирасида вазирлик матбуот хизмати деярли ҳар куни вакцина олган юқори мартабали ўзбекистонликлар ҳақида ахборот бериб келмоқда. Улар орасида катта тиббиёт муассасалари раҳбарларидан тортиб, вилоят ҳокими-ю вазирларгача бор.
Хусусан, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов «Спутник V» вакцинаси билан, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирусга қарши ўзбек—хитой вакцинаси билан, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов «Спутник V» вакцинаси билан эмланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўлланилган вакциналар сони 6 июль ҳолатига кўра 4,3 миллион дозадан ошди. Улардан 93 358 дозаси биринчи босқичда, 20 916 дозаси иккинчи босқичда ҳамда 22 014 дозаси учинчи босқичда қўлланилган.
Изоҳ (0)