Президент Шавкат Мирзиёев «Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қарорга кўра, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Президенти гранти жорий қилинди.

Қарорга кўра:

  • муайян таълим соҳаси учун ажратилган квота бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади;
  • Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
  • Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни «аъло» баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан танлов асосида аниқланади;
  • ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади;
  • ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Бунда талабага:

  • Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди;
  • ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи «аъло» баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади;
  • навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади;
  • ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМлари учун қабул квоталар тўлиқ тасдиқлангани, энди ДТМ сайтида йўналишларни танлаш мумкинлиги, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб таълим кредити 7 йил муддатга 14 фоиз ставка билан берилиши, Ўзбекистонда нодавлат таълим ташкилотлари давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тўғрисида хабар берилганди.