«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
07:56, 05.07.2021 138289

«Толибон», АҚШ ва Марказий Осиё. Афғонистондаги вазият ҳақида

АҚШ бошчилигидаги НАТО давлатлари қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши фонида мамлакатдаги «Толибон» ҳаракати ўз назорат ҳудудларини кенгайтиришда давом этмоқда. «Дарё» колумнисти Сарвар Жалолов бу сафарги чиқишида «Толибон» ҳаракатининг тарихи, Афғонистондаги вазият ва бўлаётган воқеаларнинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида фикр юритади.

2 июль куни АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаси — Баграмдан бутунлай чиқиб кетгани маълум қилинди. АҚШ президенти Жо Байден икки ой олдин эълон қилган 20 йиллик урушдан кейин 2021 йил 11 сентябргача Афғонистондан ҳарбийларини тўлиқ олиб чиқиш режасида бу катта қадам бўлиб, эндиликда мамлакатда коалициянинг 2500—3500 атрофида аскарлари қолгани айтилмоқда.

1 май куни АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистондан сўнгги ҳарбийларини чиқаришни бошлагач, «Толибон» ҳаракати ўз назоратидаги ҳудудларни кескин кенгайтира бошлади. Шу пайтгача «Толибон» ҳам музокара, ҳам жанг, шунингдек, ҳукумат чекиниши туфайли 50 дан ортиқ туманни эгаллаб, умумий назоратидаги туманлар сонини 80 дан оширди. Афғонистондаги вазият кескин ўзгаришларга учраётган бир пайтда бу мавзуга чуқурроқ назар ташлашни тақозо этмоқда.

«Толибон»нинг қисқача тарихи

«Толибон» Собиқ Иттифоқ қўшинлари 1989 йилда Афғонистонни бутунлай тарк этгач 1992 йилда Афғонистон Демократик Республикаси қулаши натижасида совет қўшинларига қарши курашган турли кучлар ўртасида бошланган фуқаролик уруши пайтида, 1994 йилда мударрис Муҳаммад Омар томонидан ўз талабалари иштирокида ташкил этилган.

Дастлаб Афғонистон жанубидаги дала қўмондонларининг аҳолига нисбатан зулмига қарши курашни мақсад қилган ҳаракатга Покистондан муҳожирликдан қайтган ўн минглаб талабалар қўшилиб тез орада Қандаҳор вилоятини, 1995 йилда Ҳирот вилоятини, 1996 йилда Қобулни эгаллаган ва Афғонистон Ислом Амирлиги номли давлатсифат тузилмага асос солган.

1996—2001 йилларда мавжуд бўлган ушбу тузилма Афғонистон ҳудудининг 75 фоизини назорат қилган. Фақатгина шимолдаги 25 фоиз ҳудуд тожиклар етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуд, ўзбеклар етакчиси Абдурашид Дўстум, шунингдек, ҳазоралар ва «Толибон»га мухолиф пуштунлар томонидан назорат қилинган. «Толибон» ҳукумати фақатгина уч давлат – Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Покистон томонидан тан олинган.

2001 йилда 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ бошчилигидаги коалиция Афғонистонга бостириб кириб, терактларни уюштирган «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти билан ҳамкорлиги учун «Толибон» ҳукмронлигига ҳам чек қўйди. «Толибон» етакчилари қўшни Покистоннинг пуштунлар яшайдиган ҳудудларига қочиб ўтди ва ҳаракатни ўша ердан туриб бошқара бошлади.

100 минглаб Ғарб қўшинлари Афғонистонда бўлишига қарамай «Толибон» аста-секинлик билан мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари устидан назоратни қайтариб олди. Булар асосан қишлоқ ҳудудлари бўлиб, вилоят марказини биринчи марта 2015 йилда эгалланди – ўшанда ҳам, бир йил кейин ҳам Қундуз шаҳри АҚШ ҳаво қўшинлари ёрдамида қайтариб олинди.

Бир қараганда «Толибон» ўта тартибли бошқарув тузилмасига эга ва ўз назоратидаги ҳудудларда параллел ҳукумат, жумладан, суд вазифаларини ҳам бажаради. Бошқа тарафдан сўнгги йилларда кўплаб кичик гуруҳлар ҳам ўзларини «Толибон»нинг бир қисми деб эълон қилган, бироқ мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлари марказлашган етакчилик мавжуд эмасдек тасаввур уйғотади.

2013 йилда Қатарда ўзининг сиёсий бюросини очишини эълон қилгач «Толибон» халқаро музокараларда тўғридан-тўғри қатнашишига имконият пайдо бўлди. АҚШнинг ўзи «Толибон» билан 2018 йилда тўғридан-тўғри музокараларни бошлаган ва 2020 йил февралда келишувга эришган эди. Унга биноан АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга, «Толибон» эса коалиция қўшинларига ҳужум қилмай турмасликка, шунингдек, «Ал-Қоида» ва бошқа жангари ва террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмасликка рози бўлганди.

Афғонистон ҳозир кимнинг назоратида?

НАТОнинг охирги ҳисоб-китобларига кўра айни пайтда «Толибон»нинг 85 минг кишилик мунтазам армияси бор ва мамлакатнинг 20 дан 35 фоизгача ҳудудини назорат қилади. Афғонистонда жами 421 та туман бўлиб, 34 та вилоятдан 26 тасида «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати ўртасида ҳудудни назорат қилиш учун кураш кечмоқда. «Толибон»нинг сиёсий бюроси баёнотига кўра ҳаракат мамлакат ҳудудининг 80 фоизини назорат қилаётганини даъво қилмоқда. Жумладан, кўплаб туманларнинг марказлари ҳукумат назоратида бўлса ҳам, атрофдаги ерлар «Толибон»га қараши айтилган.

Фото: The National

Сиёсий вазият ҳам беқарор – президент Ғани атрофидаги 3-4 киши ва хотинидан бошқа ҳеч кимни эшитмаслиги, ҳаммага шубҳа билан қараши туфайли яхши мавқега эга эмаслиги айтилган. Ғани «Толибон»ни янги сайловларгача муваққат бирлашган ҳукумат таркибига кириб туришга ундамоқда, бироқ «Толибон»га бу қизиқ бўлмай қолган. Ҳукумат ҳозир ҳам, Ғарб қўшинлари чиқиб кетгач ҳам нима қилиш кераклиги бўйича режага ҳам, тасаввурга ҳам эга эмас.

«Толибон»нинг охирги икки ойда эгаллаётган ҳудудларнинг аксарияти айнан ўртача ва катта шаҳарлар атрофидаги ерларга тўғри келади, шаҳарларнинг ўзини Ғарб қўшинлари чиқиб кетиши билан эгаллаши кутилмоқда. Шундай бўлса ҳам «Толибон» йирик шаҳарларни эгаллаш учун кутиб ўтирмаяпти – аввал ҳам бир неча марта «Толибон» қўлидан қайтариб олинган Қундуз ва мамлакатнинг йирик марказларидан бўлган Мозори Шариф каби вилоят марказларига киришга уриниш бўлган.

АҚШ ташлаб кетмоқда

Ғарб махсус хизматлари коалиция қўшинлари Афғонистонни бутунлай тарк этгач Ашраф Ғани бошчилигидаги мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати олти ой ичида қулашини ва Афғонистон бутунлай «Толибон» қўлига ўтишини тахмин қилмоқда. 24 июнь куни Вашингтонда Ашраф Ғани ҳамкасби Жо Байден билан учрашувидан олдин АҚШнинг 650 нафар ҳарбийси Афғонистонда қолиши маълум қилинди. Улар асосан Қобулдаги АҚШ элчихонаси ҳамда Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропорт ва ундаги ҳарбий объектларни қўриқлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Аэропортни кенгроқ кўламда қўриқлаш ва назорат қилиш Туркияга таклиф қилиниши мумкин.

Ғани билан учрашув чоғида Байден мамлакат тақдири афғонларнинг ўз қўлларида эканлигини эслатиб, АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўхтатилмаслигини, кейинги ёрдам асосан молиявий кўринишда бўлишини тасдиқлади. «Бизнинг қолишимиз тинчлик ўрнатилишига ёрдам бермаяпти», — деган АҚШ раҳбари.

Оғир оқибатларга қарамай айтилган рамзий сана – 11 сентябргача қўшинларни чиқариш қарорини ўзгартирмаётгани туфайли АҚШ президенти Жо Байден ҳам танқидларга учрамоқда. Жумладан, Байден айнан рамзийликни ўйлаб Афғонистонни «қурбон» қилаётгани ҳам таъкидланган. Шунингдек, АҚШ Баграмдан чиқиб кетишни Афғонистон расмийлари ва ҳарбийлари билан мувофиқлаштирмаган, шунчаки чиқиб кетган.

Афғонистонликлар коалиция қўшинлари бунчалик тез чиқиб кетаётганидан қаттиқ хавотирда – сўнгги кунларда паспорт идораларида навбатлар кескин кўпайган. Паспорти кучи энг пастки ўринларда бўлишига қарамай аҳоли «Толибон» қўли остида яшашдан кўра қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатни тарк этиш йўлларини изламоқда.

Марказий Осиё учун хавф борми?

Афғонистон шимолидаги 8 вилоят (Бадахшон, Тохар, Қундуз, Балх, Жузжон, Форёб, Бадгис ва Ҳирот) Марказий Осиё давлатлари — Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегарадош. 1990 йиллардаги фуқаролар уруши даврида асосан айнан шу вилоятларда «Толибон»га қаршилик кўрсатган Шимолий Альянс етакчилари 2001 йилдан кейин Афғонистоннинг муваққат ва мунтазам ҳукуматлари асосини ташкил қилиб келади.

Умуман, Афғонистон шимоли яқин йилларгача мамлакатнинг нисбатан тинчроқ ҳудуди ҳисобланар эди. Бироқ 2013 йилдан бошлаб «Толибон» ушбу ҳудудларни ҳам назоратга олишга урина бошлади. Жумладан, 2014 йилда «Толибон» жангчилари Мурғоб дарёсини кесиб ўтиб Туркманистонга киргач ва чегарачиларни ўлдиргач Ашхобод қўшнилари ва Россиядан ёрдам сўраган эди. Кейинчалик Абдурашид Дўстум қўшинларидан қочиб Туркманистонга кирмоқчи бўлган «Толибон» жангчилари қайтариб юборилган. 2019 йилда эса «Толибон»дан қочиб Туркманистонга ўтмоқчи бўлган 100 га яқин афғон ҳукумати ҳарбийлари қайтариб юборилгач «Толибон» томонидан ўлдирилган эди.

Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилоятида эса «Толибон» 2015—2016 йилларда фаоллашиб, икки марта вилоят марказининг бир қисмини эгаллаган ва ҳар сафар АҚШ ҳаво кучлари ёрдамида чиқариб юборилган эди.

Июнь ойидаги жадаллашув натижасида «Толибон» Афғонистон шимолидаги саккизта вилоятнинг барчасида қатор туманларни эгаллаган. Форёб вилоятида, Туркманистон чегарасидан 10 километр узоқликдаги Андхой шаҳри ва бир қатор туманлар, Жузжон вилоятида 6 та туман (иккитаси Туркманистон билан чегарадош) «Толибон» назоратига ўтган. Қундуз вилоятининг Тожикистон билан чегарадош учала тумани ҳам, жумладан, Шер Хон Бандар чегара пункти билан бирга, Тохар вилоятидаги 12 та туманнинг 8 таси «Толибон»га ўтган.

Ўзбекистон билан чегарадош ягона вилоят – Балхнинг Шўртепа туманидан Ўзбекистон ҳудудига дастлаб 53 нафар, кейин 47 нафар афғон ҳарбийлари қочиб ўтгани ва қайтариб юборилгани маълум қилинган эди. Тожикистон эса Шер Хон Бандар чегара пунктидан қочиб ўтган афғон ҳарбийлари қолишига рухсат берган; Тоғли Бадахшон вилояти раҳбари Ёдгор Файзов 5000 дан 10 минггача қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини, бироқ уларнинг сони 30 минггача чиқиши мумкинлигидан хавотирдалигини айтган.

«Толибон» юзлаб туманларни бунчалик тез ва осон назоратга олаётганининг асосий сабабларидан бири сифатида аксарият ҳолларда бу жангсиз амалга ошаётгани айтилмоқда. «Толибон» жангчилари кирган ҳудуддаги ҳукумат ходимлари ва ҳарбийлари кўпинча шунчаки ўша ҳудудни ташлаб кетмоқда, баъзида ҳатто қуролларини ҳам қолдириб кетмоқда.

Ҳукумат бу ҳолатни расман тактик чекиниш деб атаб, асосий мақсад тинч аҳолига зарарни минималлаштириш эканлиги билан изоҳлаган ва «Толибон» билан аҳоли йўқ жойда урушишини маълум қилган. Бир қатор туманлар ҳақиқатан ҳам 1-2 кун ичида ҳукумат назоратига қайтарилаётгани бу баёнотни қисман тасдиқлаши мумкин, бироқ аксарият эгалланган туманлар барибир «Толибон» назоратида қолмоқда.

Хулоса: тарих такрорланмоқда ва янгиланмоқда

20 йил давом этган ва 3 триллион долларга яқин маблағ сарфланган АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Афғонистондаги уруши рамзий сана – 11 сентябрда тугатилиши режалаштирилмоқда. Бироқ тақдир вазиятни ўша 20 йил олдингидек ва ҳаттоки ундан ҳам жиддий қилиб қўймоқда. Зеро ҳозирда «Толибон» аввал умуман оёғи етмаган шимолий ҳудудларга ҳам етиб келган.Шундай бўлса ҳам, Толибоннинг мақсади фақатгина Афғонистонда тўлиқ назорат ўрнатиш бўлиб, Марказий Осиёдаги қўшниларининг ҳудудига киришдан манфаатдор эмаслиги экспертлар томонидан таъкидланмоқда. Марказий Осиё учун асосий таъсир ўн минглаб афғон муҳожирлари ва иқтисодий алоқалардаги ўзгаришлар билан чекланиши мумкин.

АҚШнинг чиқиб кетиши 32 йил олдинги Собиқ Иттифоқнинг чиқишидан кейин бўлгани каби унинг ёрдамида ўрнатилган ҳукумат тузилмаси қулашига олиб келиши мумкин. 1990 йиллардагидан фарқли равишда афғон халқи энди «Толибон»да дала қўмондонларининг зулмидан нажотни кўрмайди ва яхши кутиб олмайди. Ҳукумат ва армиянинг иложсизлигини кўрган аҳоли яна дала қўмондонлари атрофида бирлашиб, ўзларини ҳимоя қилишни бошламоқда. Айниқса шимолда тожиклар, ўзбеклар ва ҳазоралар бу борада фаоллик кўрсатишга киришган. Аҳолининг ҳарбийлашган бригадалар тузиши шундоқ ҳам заиф афғон армиясини яна ҳам мавқейи тушишига олиб келиши тайин.

Афсуски, кўпчилик экспертлар коалиция қўшинлари чиқиб кетгач Афғонистонда яна фуқаролик уруши муқаррарлигини тахмин қилмоқда. Бу ўз навбатида турли гуруҳларнинг ортида турувчи давлатларнинг прокси урушига ҳам айланади. Биринчи ўринда Афғонистон учун энг муҳим давлат – Покистон пуштунлари «Толибон»ни қўллаб-қувватлашига жавобан Ҳиндистон шимолдаги этник озчиликлар ва пуштунлар ортида фаоллашади. Марказий Осиё давлатлари ва Эрон сингари. Ҳаммаси худди 1990 йиллардагига ўхшайди – тарих такрорланмоқда. Фақат бу сафар «Толибон» ҳам ҳамма билан гаплашишни ўрганиб олган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Бошқа янгиликлар