Коронавируснинг Ҳиндистонда аниқланган дельта штаммининг юқиши учун 5-10 сония кифоя қилади. Агар бу вақт давомида касалликка чалинган шахс ёнида турилса, COVID-19’ни оғир кечадиган шаклини юқтириб олиш хавфи юқори. Бу ҳақда ЖССТнинг биологик хатарларга чора кўриш бўйича эксперти Наталья Виноградга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

Унинг таъкидлашича, дельта штамм бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 1-рақамли муаммоси ҳисобланади.

«Вирус тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда бир нечта ёқимсиз тавсифга эга. Биринчиси — у юқувчанликни сезиларли даражада оширади. Яъни авваллари инфекцияни юқтириб олиш учун унга чалинган инсон билан 15 дақиқа мулоқот қилиш талаб этилган бўлса, ҳозирда бунинг учун 5-10 сония кифоя. Инфекцияга чалинган инсон атрофида бўлганларда касалликни юқтириб олишнинг юқори хавфи мавжуд», — дейди Виноград.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, дельта штамм том маънода «иммун жавобидан қочиб кетади». Бу вакцина билан эмланганлар ва касалликдан тузалганлар барибир уни юқтириб олиши мумкин бўлганларнинг хавф гуруҳига киришини англатади, бироқ уларда касаллик анча енгил шаклда кечади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ҳиндистонда коронавируснинг «ҳиндча» штаммини янги варианти тарқалди. Махараштра штатида аниқланган ушбу тур дельта-плюс деб номланди. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли зич жойлашган Махараштра, Керала ва Мадҳя-Прадеш штатлари ҳокимиятларини дельта-плюс хавфидан огоҳлантирди. Мутахассислар фикрига кўра, дельта-плюс ўта юқумли бўлиб, ҳатто унинг ташувчиси ёнидан ниқобсиз ўтиб кетиш ҳам хавфли.