Ўзбекистонда киши бошига бир ойлик минимал истеъмол харажатлари (МИХ) 440 минг сўм деб эълон қилиниши ортидан, кутилганидек (буни ушбу миқдорни эълон қилган расмийлар ҳам бир йил аввал, ҳисоб-китобга киришган вақтидаёқ кутганди, кутишни бошлаганди), ижтимоий тармоқларда анча-мунча шов-шув кўтарилди. Ҳар томондан: «Ўзбекистондаги нарх-навода бир ойда 440 минг сўмга яшаб бўладими?», деган саволлар янгради.

440 минг сўм... Ким учундир бу ресторандаги битта тушлик тўловидир, ким учундир, эҳтимол, пардоз салонидаги бир марталик харажат. Уларнинг наздида «440 минг сўмга яшаб бўлмас», аммо орамизда ойига 440 минг, ундан ҳам камроқ, ҳатто бир тийин даромад топмай яшаётган бутун бошли оилалар ҳам бор. Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Умид Мадаминовнинг айтишича, «киши бошига даромади 440 минг сўм ҳам бўлмайдиган оилалар жами сўровда қатнашганларнинг 10—15 фоизини ташкил қилади».

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эълон қилган 440 минг сўмлик кўрсаткичга айнан шундай камхарж хонадонларни қамраб олган сўров маълумотлари асос бўлган. «Дарё» мухбири мазкур сўровда қатнашган (ва, қайсидир, 440 минг сўмлик кўрсаткичнинг «дунёга келиши»га сабаб бўлган) шундай хонадонларда бўлиб, уларнинг турмуш шароитлари билан танишди.

«Гўштни меҳмонга борганда еймиз»

Беш кишилик оила. Ўта ночор деб топилмаслиги учун ойига камида 2,2 миллион даромади бўлиши керак (оиланинг ҳозирги бошлиғининг фикрича, бу пулни «эпласа, бир ойга етказса бўлади»), бироқ май ойида уйга мутлақо пул келмаган.

Сергелидаги «Дарёбўйи» маҳалласига кириб бораркансиз, уй-жойлар қурилишидаги одмилик, оқланган пастак деворлар, ҳар қандай ҳашамдан йироқ дарича ва эшиклар, кўчага қараган чоғроқ деразалар ҳудуднинг ўзига хослиги бўлиб кўринади. Биз кўзлаётган хонадон шулардан бири чиқар, деган хаёлда эдим. Лекин дарвоза ўрнида беш-олти қатор шлакоблок терилган ва ўтса бўлгулик жойига тахта тиркаб қўйилган ерда тўхтадик.

Галия Мамаеванинг ҳовлисида; дарвоза ўрнига шлакоблоклар терилган.

Фото: «Дарё»

Хонадон эгалари исм-шарифларини яширмасликка қарор қилди. Оила каттаси — Галия Мамаева 56 ёшда. Аёл билан икки қизи ва уларнинг бир нафардан фарзандлари яшайди; жами беш жон. Аёл пенсия олмайди (бор-йўғи 5 йиллик стажга эга), қизларининг эса доимий иши йўқ. Иккаласи ҳам ёлғиз аёл, аммо болалар учун алимент ҳам йўқ. Нафақа пули ҳам берилмайди. Қизиқ, қандай кун кўришяпти?

«Холодилникни очиб қаранг, бир дона тухум йўқ. Нондан қарзимиз кўпайиб кетавермасин деб, қозонда нон ёпяпмиз. Болаларга сут-қатиқ олиш эсимиздан ҳам чиқиб кетган. Пул бўлиб қолса, югуриб бориб, товуқнинг ошқозонини олиб келамиз — шу бизга байрам, ‘гўшт едик’, деб хурсанд бўламиз. Гўштнинг ўзини меҳмонга борганда еймиз. Мана, бирин-кетин янги мевалар чиқяпти. Биз-ку еганмиз, аммо мана бу болаларнинг егиси келади-ку», — йиғлаб гапиради аёл.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, хонадоннинг коммунал хизматлардан умумий қарзи 5 миллион сўмдан ошиб кетган. «Чолим 28 декабрда вафот этди, энди солиқдан ҳам қарзмиз», — дейди аёл (марҳумнинг ногиронлиги бўлган, шу боис солиқ тўловидан имтиёз бўлган). Атрофдаги учта озиқ-овқат дўконининг ҳар биридан «ҳали берамиз» дея нон, шакар, яна бошқа егуликлар олишган. «Магазинлар олдидан айланиб ўтадиган бўлдим», — дейди Галия опа қайси дўкондан неча юз минг сўм қарзлигини санаркан. Ҳали буёқда қўшнилардан олинган қарзлар ҳам бор.

Галия опанинг айтишича, сўнгги икки-уч ойда вазият айниқса таранглашган. «Чолим борида бир миллион сўм пенсиясини у-бу қилиб етказиб, дориларни олиб бўлиб, қолганини рўзғорга сарфлардик. Ўзим яқинимиздаги цемент заводида ошпаз бўлиб ишлаб турган эдим. Мартнинг охирларида, ‘ишлай олмаяпсиз’, деб бўшатишди. Яна бир неварам бор, катта қизимнинг катта ўғли — уёқ-буёқларда устачилик қилиб, нон пули топиб турганди, яқинда армияга жўнади», — дея тушунтиради аёл.

Галия опанинг ўғли ҳам бор, аммо «сингилларим кўчада қолмасин» деб, ўз оиласи билан ижара уйга чиқиб кетган: «3 миллион сўм машина ижарасига, 100 доллар уй ижарасига тўлайди. Иккита ўғли бор. Келиним ҳам ишлаб, қўлларидан келганича бизга ҳам ёрдам беришяпти. Лекин қачонгача?!».

Унинг катта қизи Зарифа болалар бўтқаси учун пул тополмаганидан эмизикли боласига икки ойлигидан бошлаб печенье берган. Боланинг отаси Зарифа ҳомиладорлигини билгач, уни ташлаб кетган. «Мен иккинчи хотинман, унинг учта боласи бор, оиласи бузилишини истамайман», — дейди аёл; табиийки, «иккинчи хотин» бўлгани учун қонуний никоҳ (ЗАГС)дан ўтолмасди, шу боис ҳозир беш ойлик боласи учун алимент ҳам ололмаяпти.

Зарифа Мамаева беш ойлик фарзанди билан.

Фото: «Дарё»

Бола пули учун берган аризалари эса мунтазам рад этилмоқда, шунинг учун ҳам у ҳайрон: «Бошида эри борлар ҳам бола пули олиб ётибди-ку». У гўдагини уйда қолдириб бўлса ҳам ишга чиқишга тайёр, аммо унга дуч келаётган ишлар 700—800 минг сўм атрофида маош таклиф қиляпти, бу пулнинг ярмидан кўпи йўлкирага кетиб қолиши эса кишини ўйлантиради. Шунга қарамай, режалар катта: «Бир-бири билан туташиб кетган ва айри эшик қўйишнинг имкони бўлмаган бу хонадонда қолишимиз ҳам қийин. Келгуси йили, болам армиядан қайтгач, уй-жойни, ҳатто ижара қилиб бўлса ҳам ҳал қилишим керак», — дейди Зарифа.

Зарифанинг фикрича, онаси маҳалладаги «Темир дафтар»га киритилган — ўтган ойда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган ёрдам қутиси уларга ҳам берилгани учун шундай деб ўйлаяпти. «Лекин компьютерларда чиқмаяпмиз, — дейди у, эътирознамо. — Маҳаллага чиқсангиз, ‘бу масала бизнинг қўлимизда эмас’, дейишдан нарига ўтишмайди, тайинли ёрдам йўқ».

Зарифанинг синглиси Динара суҳбатимизга аралашмади. У ҳам ишсиз, у ҳам ЗАГС дан ўтмаган, шу боис 12 ёшли қизи учун алимент ундиролмаган. Қизча мактабга боради. «Шу кунларда мактаб таъмир учун ўқувчилардан 110 минг сўмдан пул йиғиляпти...», — дейди бувиси Галия опа (суҳбат июнь ойи бошида бўлиб ўтган — «Дарё»).

Динара аёллар пардозхонасининг устасига шогирд тушмоқчи бўлганида, 100 доллар сўрашган. Шунинг учун, тинчгина, уйи яқинида очилаётган тўқимачилик корхонасида иш бошламоқчи. «Уни ишчи, ўзимни ошпазликка ёздириб қўйдим», — дея умид билан гапиради Галия Мамаева. Ҳозирча эса опанинг 82 ёшли онаси, ўз оиласи билан ижарада яшаётган ўғли, ҳар замонда хабар оладиган жияни ва яна кимлардир қўлларидан келган ёрдамни бераяпти. Кимдир бир қозончада овқати, яна ким бир кило қулупнайи билан.

Галия Мамаева.

Фото: «Дарё»

Хайрлашиш олдидан хонадонга яна бир марта разм соламан: бир вақтлар бу қадар муҳтож бўлмаганликлари сезиладиган, қариндошлар берган бир-икки мебель билан бўлса-да жиҳозланган, қачонлардир ёпиштирилган девордаги гулқоғозлар айрим жойларда қўпгани кўринса-да, хонадон бир қарашда шинамдек. Лекин томдан ўтган чакка сабаб қўпорилган шифтнинг таъмирга муҳтож ўринлари ҳам яққол кўриниб турарди. Ташқаридаги манзаралар эса янада кўзни оғритгудек...

«Энг катта қайғум — мени кўмишга ҳеч вақо йўқ»

Пенсионер она ва ногиронлик нафақасини олувчи ўғил яшайдиган кичик оила. Янги (аммо ҳали тўла тасдиқланмаган) назария бўйича, бу оиланинг минимал даромади ойига 880 минг сўм бўлиши керак, оила эса май ойида бундан 420 минг сўм кўп даромад топган. Аммо кейинги пенсия пули ярим ой қолганида оила ихтиёрида атиги 30 минг сўм қолган. Асосли сабаби бор.

«Дарёбўйи»даги навбатдаги хонадонда, ҳартугул, дарвоза бор. Айтишларича, дарвозани қайси бир ташкилот ўрнатиб кетган. Дарвозани очиш учун чиққан кекса аёл жуда секин юриб келди. Мунғайиб қолган кампирнинг иккала қўлида суянчиқ, аммо қўлидагиларни ҳасса дейиш қийин — бирида швабра, иккинчисида кетмон сопи. Ҳасса баландлигида кесилган, холос.

Вера Внуковская. Бир қўлида кетмон сопи, иккинчисида швабра — уларни ҳасса ўрнида ишлатади.

Фото: «Дарё»

Вера Внуковская 75 ёшда. У ногиронлиги бор ўғли — 33 ёшли Антон билан яшайди. Йигитнинг ногиронлиги бир қарашда сезилади — гавда тузилиши, нутқида ноқислик бор, ўзини тутиши ҳам хийла нотабиий. Шундай бўлса-да, она уни дўконга юборишга мажбур. Аёлнинг эса жисмоний ҳолати қанчалик заиф бўлмасин, нутқи шунчалик бийрон. Фикр юритиши ҳам мантиқли ва асосли.

«Ўзим 800 минг сўм пенсия оламан, ўғлим учун 500 минг берилади, ҳаммаси бўлиб 1,3 миллион сўм оламиз. Гапнинг очиғи, пенсия ҳар ойнинг 18-санасида берилади, лекин ҳозир (2 июнда) қўлимда 30 минг сўм қолди», — дейди аёл. Онахоннинг айтишича, охирги пенсиясидан электр ва газга тўлов қилган — гази қарздорлик сабаб ўчириб қўйилгани учун беш кун ўтинда овқат тайёрлашга тўғри келган.

«1,3 миллион сўм... балки, коммунал тўловлар бўлмаганида, икки кишига етармиди», — чуқур уҳ тортиб гапиради кампир. Вера Алексеевнанинг қўшимча қилишича, коммунал тўловлар қилинмаган ойларда ҳам улар барибир бемалол гўшт сотиб ололмайди: «Оч қоламан деёлмайман. Лекин кўнглинг тусаган нарсани ололмайсан. Нима топсак, ўшани еймиз».

Фото: «Дарё»

Холодилникни очаман: бир бош карам ва ичида неча кунлик бўтқаси бор қозон. Томат пастаси. Бори шу... Димиққан ошхонада ясси кострюлда қайнаб турган сувдан катта суякка ўхшаш нарса бўртиб кўринади, бошқа нарса йўқ. «Танишим чўчқа бошини икки-уч ойга қарзга берди», — дейди кампир.

Кичик оила асосан ҳомийлар ёрдамига суянади. Наврўзда ва 9 майда ҳокимлик томонидан ёрдамга маҳсулот берилган. Бундан ташқари алоҳида, хусусий ҳомийлар ҳам ора-сира хабар олиб туради (улар орасида Жанна исмли корейс аёл алоҳида тилга олинди). Дарвоқе, онахон охирги марта ўзига қачон кийим олганлигини эслолмайди.

«Кўп нарса етишмайди. Лекин энди уй учун ҳам, ўзим учун ҳам ҳеч нарса керак эмас — яқинда ўламан. Кўмишга ҳеч вақо йўқ, нимада кўмишади? Ана шунга қайғураман. Кўмишга ҳеч нарса йўқ», — дея такрорлайди аёл. У йиғламайди, лекин ҳар бир тортган оҳи юракка ханжар бўлиб ботгудек...

75 ёшли Вера Внуковская 33 ёшли ўғли Антон билан.

Фото: «Дарё»

Дарвоқе, Вера Алексеевнанинг жами беш нафар фарзанди бор. Қолган болалари келиб-кетиб туришади, аммо улар моддий ёрдам беришолмаган...

«Дўкондан кўра банкдан кўпроқ қарздормиз »

Тўққиз кишилик оиланинг даромади, «440 минг сўмлик кўрсаткич» бўйича, ойига 40 минг сўми кам 4 миллион бўлади. Бу оила эса май ойида 2,7 миллион ишлаб топган. Аслида кўпроқ бўлиши мумкин эди, бироқ хонадондан «баракани қочирган» муаммо бор (аслида у «муаммо» ҳам йўқчилик ортидан пайдо бўлган).

Вилоятлардан келиб Тошкентда яшаб қолганлар, шу ерда тиниб-тинчиб, томир отганлар қанча? Аслида уларни пойтахтга етаклаган нарса жойлардаги ишсизлик. «Дарёбўйи» маҳалласида яшайдиган навбатдаги оила Тошкентга кўчиб келганига 20 йилдан ошяпти. Хонадон бекаси исми-шарифини очиқламаслик шарти билан суҳбатга рози бўлди. «Ўзбекчилик, уйдагиларнинг боши эгилмасин», — дейди у.

Оила тўққиз кишидан иборат. Атиги бир йил аввал бу беш кишилик — ота-она ва уч ўғилдан иборат хонадон эди. Пандемия оиланинг кенгайишига катта ёрдам берди — қишлоққа бориб, 30 кишилик тўйда қўшкелин туширишган. Иккинчи ўғил энди 20 ёшга тўлгани, ҳали тайинли касб-кори йўқлигини ҳам ўйлаб ўтиришмаган. Келинлар бирин-кетин фарзандли бўлди, лекин даромад манбаи — ўша-ўша.

Катта ўғил бир корхонада қонуний асосда ишлайди, яъни стаж кетяпти. Унга ҳар ойда 1,5 миллион сўм атрофида маош ёзилади, аммо бу маош қурғур тўлиғича рўзғорга етиб келмайди. Ўғилнинг иши учун муҳим деб берилган планшет, тўй олдидан сўралган 4 миллион сўм, 20 йилдан буён рўзғорда бўлмаган ва бу иссиқларда асқатаётган холодилник — буларнинг бари банкдан олинган кредити «маҳсули». Банк олдидаги қарздорлик маошдан чегириб қолинмоқда — шунинг учун ҳам май ойида тўнғич ўғилнинг пластик картасига 800 минг сўм пул тушган.

Оила бошлиғи ва кенжа ўғил устачилик қилади. Иш мавсумий — бирда бор, бирда йўқ. Иш топилди дегани ҳам ҳар доим хурсандчилик эмас. Масалан, бир неча ой аввал уларни ишлатган хонадон эгалари иш ҳақини бермаган. Ҳуқуқ-тартибот органлари аралашувидан сўнг, май ойида 1,9 миллион сўмни ундириб олишган. Шундай қилиб, май ойида оила бюджетига жами 2,7 миллион сўм пул тушган.

Дўкондан майда-чуйда қарзлар бор, оилада икки гўдак... Лекин суҳбатдошимнинг сир бой бергиси йўқ: «Қора қозонимиз қайнаб турибди», — дейди. «Ҳафтасига қанча гўшт оласизлар?», — деб сўрайман. «Ҳафтада эмас, ойда бир кило—ярим кило олиб келишади», — жавоб беради аёл. Унинг айтишича, уйда асосан суюқ овқат қилинади. Аммо ора-сира, гўштсиз бўлса ҳам, картошкали манти, сомса ҳам тайёрлаб турилади.

Аёлнинг сўзларига кўра, келинлари ҳам ўзлари каби камхарж оилалардан, уйдаги гап ҳозирча ташқарига чиққани йўқ. Унинг ўзи ҳам қийналганини ҳатто яқин қўшнисига ҳам айтмайди. Аксига олиб, аёлнинг ўзи касалманд, ишлай олмайди: умуртқа поғонасининг бир неча жойида чурра бор, шу боис қон босими мунтазам кўтарилади, бир оёғининг суягида емирилиш кузатиляпти. Оила аъзолари уни даволатиш учун кўпдан бери ҳаракатда.

«Магазиндан қарзга маҳсулот олиб турамиз. Бир-икки эмас, кўп оламан қарз. Лекин энг катта қарзимиз банкдан. Бизларни алдаб, биттаси кредит берган. Катта ўғлим жўраларига, ишчиларига қизиқиб, маиший техникага кредит олган. Биз 13 миллион сўмлик нарса олганмиз. Лекин ўғлимни 20 миллионга туширишди. Беролмай қолдик. Қаматаман деб телефон қилади. Болам 10 миллионини қийналиб тўлади», — дейди аёл, кўзда ёш билан, оиладан баракани кўтариб юбораётган қарздорлик ҳақида гапираркан.

Маълум бўлишича, кредит онани даволатиш учун нақд пул топиш мақсадида олинган. Банк ходими кредитни тезроқ чиқариш учун 4 миллион сўм сўраган. Пул зарур бўлгани боис йигит бу ноқонуний талабга рози бўлган. Кейин ҳужжатлар бошқа қўлга ўтди, деб яна 1 миллион ва бошқа важлар билан 13 миллион сўмлик ашёлар учун 20 миллион сўм қарздор қилинган. Холодилник ва кир ювиш машинаси дўкондан олиниши билан савдогарга қайта сотилган... Аммо она ҳали ҳам даволана олгани йўқ...

Оиланинг яна бир катта бошоғриғи — 20 йилдан буён яшаётган уйларининг кадастр ҳужжатлари ҳали ҳам йўқ (айтишларича, бир адвокат бу ҳужжатларни «тўғрилаб бериш» учун 5 минг доллар сўраган). Суҳбатдошим унга асосан қишлоқдаги яқинлари кийим-бош қилиб беришларини ҳам айтди. Яқинда қудалари ҳеч бир тадбирсиз бешик келтирган, шунда унга ҳам кийимлик матони аташган...

«Йўқчилик туфайли уч йилдан буён болам дийдорига зорман»

Беш кишилик (назарий жиҳатдан даромади 2,2 миллион сўм бўлиши керак бўлган) навбатдаги оила. Аммо, хомаки ҳисоб-китобга кўра, май ойида 1 миллион сўм атрофида даромад кўрган. Ҳатто ундан ҳам камроқ бўлиши мумкин, чунки оиланинг боқувчиларидан бири яқинда автоҳалокатга учраган...

Тошкент шаҳрининг чекка бир маҳалласидаги танишувлардан сўнг Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳрида ҳам бўлдик. Биз «меҳмон бўлган» биринчи хонадон — дарвозадан киришингиз билан нураб ётган, таъмири чала қолган уй-жой йўқчилик бу остонада ҳам ўз ҳукмини сураётганидан дарак беради. Оила бошлиғи қазо қилганига кўп бўлган. Исмини очиқламасликни сўраган 70 ёшли пенсионер онахон суҳбатга рози. «Болаларим 10 та, ҳаммаси ҳар жойда, ҳаммаси деярли ижарада», — дейди у.

Фото: «Дарё»

Аёлнинг айтишича, ҳозир фақат бир қизи у билан бирга яшайди. Қизининг доимий иши йўқ — боласи туғилгунича доимий ишлаган кафесига ҳозир ойига уч-тўрт марта, иш ўрни бўшаб қолган кунларда чақиришади, кунига 70—80 минг сўм атрофида иш ҳақи берилади. Унинг 15, 13 ва 2 ёшли фарзандлари бор. «Эри билан ажрашган», — дейди онахон (никоҳ қонуний расмийлаштирилмаган), лекин болалар учун (уларнинг оталари ҳам бир эмас) на алимент, на давлатдан бола пули олинади. Дарвоқе, кенжа фарзанднинг отаси (унинг ўз қонуний оиласи бор) боласи учун ойига 200 минг сўм пул бериб туради.

Шундай қилиб, хонадонга бир ойда 1 миллион сўм атрофида пул киради — онахоннинг 550 минг сўм атрофидаги пенсиясини ҳам ҳисобга олганда.

«Ёрдам пули сўрадик — бўлмади, бола пули сўрадик — бўлмади, алимент ҳам бўлмади. Қийналяпмиз, аммо қийналганимиз билан нон-понимизни топиб турибмиз, болалар бериб туради. Егиси келганида тухум оламиз. Тухумни қўшнидан сотиб оламиз, қарзга ҳам беришади. Ўзим гўштли овқат еявермайман. Аммо егимиз келса товуқ гўшти оламиз. Мол гўштини ойда бир оламиз, егимиз келганида... Одам уялади, гапнинг рости...», — гапи тугалланмай қолади суҳбатдошимнинг. Кейин бирдан дадиллашиб, қўшиб қўяди: «Жуда оч қолган жойимиз йўқ!».

Ҳовли каттагина, 10-15 та товуқ ёки 3-4 та қўй боқса бўладиган. Аёлнинг эслашича, бир вақтлар, чоли ҳаёт бўлган вақтларда уйда бир сигир ҳам бўлган. Маҳалладан 2-3 марта озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. Яқинда, экишга кечроқ бўлса ҳам, иссиқхона қуриб берилган. Ҳовлидаги экинзорнинг 1 сотих жойига иссиқхонанинг темир конструкциялари ўрнатилган.

Ҳовлига ташқаридан шарқираб сув оқиб турибди, лекин бирор экин тайинли ҳосил бергани кўринмайди. Қишга ярамайдиган иссиқхона ичидаги бармоқ билан санарли помидор кўчатлари бегона ўтлар орасида қолган. «Ичига кучимиз етганича экиб қўйдик. Помидор экдик — аслида бошқа, қишлик учун ярайдиган нарса экмоқчи эдик. Кун иссиқлигигами, яхши униб кетмаяпти, ўлиб қоляпти», — дея тушунтирган бўлади аёл.

Фото: «Дарё»

Ерга ишлаши мумкин бўлган ўғиллар Тошкентнинг турли нуқталарида, иш излаб кетган. Ҳовлида онаси билан яшаётган ва уч фарзандини ёлғиз катта қилаётган қизи эса яқинда автоҳалокатга учраган. Ҳозир зўрға, қийшайиб юряпти.

Онахон болалари уйсиз бўлса ҳам, унинг кўзини операция қилдириш учун пул йиғиб беришганига шукрлар айтади. «Битта кўзим кўряпти», — дейди хурсанд бўлиб. Туғилган кунида, отаси вафот этган кунда келишларини фахрланиб гапиради. Онанинг шу кунлардаги энг катта нияти — 1990 йилда туғилган ўғлини уйлантириш. 1992 йилда туғилган ўғли эса Навоий вилоятидаги қамоқхонада. «Шу ўғлингизни охирги марта қачон кўрдингиз?», — деган саволдан сўнг аёл кўз ёшларини тўхтата олмай қолади.

«Қўлим калталиги туфайли Навоийга боролганимиз йўқ. Ўзи телефон қилиб туради. ‘Она, сиқилманғ, дейди. Ака-опалари ўзларининг ташвишлари билан бўлиб қолган, боролмайди. Лекин ‘передача’ жўнатиб туришади. Боламни энди манзил-колонияга ўтказишса керак. Шу Тошкентларга тушса эди», — ният қилади онаизор. У тенгдош аёллар орасида урф бўлган саёҳатлар, зиёратларга қизиқмаслигини қўшимча қилди.

«Ногиронликни белгилаш учун шифохонага ётиш керак, шифохонага ётиш учун пул керак»

Олти кишилик хонадон, ўта ночор деб топилмаслиги учун ойига камида 2,640 минг сўм даромади бўлиши керак. Аммо май ойида тахминан 1,5 миллион сўм атрофида пул тушган, холос.

Нурафшон шаҳридаги навбатдаги хонадон. Бу ерда ота-она бир қиз ва бир ўғилни вояга етказган. Биз билан суҳбатлашган 32 ёшли Дилдора оиланинг ёлғиз қизи. Унинг ўзи ногирон фарзандни улғайтирмоқда. Укасининг ой-куни яқин аёли бор. Ҳаммалари — ҳозирча олти киши — шу ҳовлида яшайди. Лекин ҳеч бирининг муқим иши йўқ.

Фото: «Дарё»

Шу уй-жойни кўтариб, кунлик иш орқасидан бўлса ҳам болаларини оёққа қўйган оила бошлиғи 55 ёшда. У ҳар куни, олишса-олишмаса, ишга деб чиқиб кетади. Лекин сочларига оқ тушган эркакни ҳар доим ҳам мардикорликка олишмайди. Қишлоқда кўпчилик мардикорликни чиройли қилиб «кунлик иш» деб атайди. Не деб аташса ҳам, мардикорга доимий иш йўқ. Ўғли ҳам «кунлик ишга» деб чиқиб кетади — у яқинда ота бўладиган, ишлаши керак. Оила бекаси ҳам 50 ёшдан ошган, оёғи оғрийди, бирор ерда ишлашга саломатлиги йўл бермайди. Яқин-яқинларгача ҳам ғишт заводида ишлаган, аммо стаж «ёзилмаган», шу боис стажга кўра пенсияга чиқолмайди.

«Эрталаб нон билан чой ичамиз, помидор еймиз, обедда ҳам шу. Бир кун қозон қайнаса, эртасига қайнатолмай қоладиган вақтларимиз бўлади. Макарон, шунга ўхшаш овқатлар қиламиз. Сариёғ олайлик десак, холодилник ҳам йўқ. Гоҳида келиннинг олдида уялиб ҳам қоламиз. Магазиндан қарзга ул-бул нарса олган вақтларимиз бўлади, ҳозир 540 минг қарзимиз бор. Укам иши ҳақининг кунлигини олмай, ҳафталигини оляпти, пул йиғиши керак — хотини туғадиган, пул керак бўлади», — дейди Дилдора.

Фото: «Дарё»

Бу хонадонда гўштни охирги марта Янги йил байрамида сотиб олишган. «Гўшт-пўштга пул орттиролмаймиз, нон фақат, нон!». Бахтга қарши, оиланинг иқтисодий муаммолари фақат еб-ичиш билан чекланмайди: газдан 1 миллион сўмга яқин, электрдан 500 минг сўмдан ортиқроқ, сувдан 900 минг сўм қарздорлик бор. Айнан қарздорлик сабаб қишдан буён газ йўқ. «Қани энди бирор мол-ҳолинг бўлса, сотсанг-да, мана, ол, эшигимнинг тагига келма бошқа деб, қарзни бериб юборсанг», — деб иложсизлигини тушунтиради суҳбатдошим. Ҳовлида мол-ҳол тугул товуқ-жўжа деган нарса ҳам йўқ. Бир сотихча ерга помидор, қалампир экилган, улар ҳосил бергунча вақт бор ҳали.

Дилдоранинг 4 ёшли ўғли албинос — териси оппоқ, сочлари ҳам оқ-сарғиш, кўзлари қамашади. «Ногиронлик нафақаси олиш учун ҳар ярим йилда шифохонада даволаниб, ҳужжат тайёрлаш керак. Бир марта ётдик ҳам, мана, яна вақти келди. Лекин шифохонага ётишнинг ўзи бўладими?», — дейди аёл. Отасиз ўсаётган бола учун давлат ваъда қилган бола пули йўқ, ҳеч йўғи алимент пули бўлса ҳам, эҳтимол, даволаниш харажатлари бирмунча енгиллашармиди (ушбу материал учун тасодифан танлаб олинган беш камхарж оиланинг учтасида етти нафар боланинг аҳволи шундай).

Дилдоранинг албинос ўғли ўйинчоқлар ўйнайдиган хона.

Фото: «Дарё»

Дилдоранинг ўзи ҳам баъзида боласини онасига қолдириб, мардикорликка чиқиб туради. Охирги марта Янгибозор томонга, маккапоя чопишга чиққанди. «Эрталаб соат 5 ларда ‘питакъка чиқасиз, машина бир неча жойда тўпланган аёлларни йўл-йўлакай йиғиб, олиб кетади. Ўзингиз билан кетмон ва тушлик учун егулик олишингиз керак», — дейди у. Дилдоранинг айтишича, маҳалладан келиб, маоши 800—900 минг сўмлик иш таклиф қилишган, аммо бу пулнинг бир қисми йўлга, 350 минг сўм боғчага кетса, барака бўлмайди, деб ҳисоблайди у. Авиачиптага пул топилса, Дилдора боласини васийликка қолдириб, ишлагани Туркияга кетмоқчи...

Сўнгсўз ўрнида

Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 440 минг сўм миқдорида белгиланаётган минимал истеъмол харажатлари тушунчасини жорий этишдан кўзланган бош мақсад — давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига ҳақиқий муҳтож аҳолини аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдир. Ойлик даромадинг 440 минг сўмдан камми, сенга «дафтар»-пафтар демай дарҳол ёрдам бериш зарур, деб эълон қилмоқчи давлат (ҳар ҳолда, биз яхши гумонда шундай тушуняпмиз).

Юқоридаги дардга тўла суҳбатлардан кўриниб турибди — ҳар хил «дафтар»лар ёмон эмас, аммо «ҳаммаси жойида» дейишга нимадир халал беради; камбағал эмас, ғирт қашшоқлигинг очиқ кўриниб турган бўлса-да, «компьютерда чиқмаслигинг», мададкордек кўринган маҳалла «қўлимдан ҳеч нарса келмайди» деб қолиши мумкин. Боз устига, ғалати-ғалати шартлари қулоққа чалинади — сен икки ойдан бери бир тийин пул топмадинг, ёнилғиси йўқлиги учун уйингда чанг босиб турган машинанг сабаб сени «дафтар»ларга киритишмайди, бола пулидан маҳрум қилишади, масалан.

Минимал истеъмол харажатлари ва унинг ортидан келиши кутилаётган «мевалар» юқорида саналган ва бошқа (эҳтимолий) муаммоларнинг барини бир кунда тўла йўққа чиқариб ташлайдиган идеал ечим эмас, албатта. Аммо ҳозирда мавжуд барча чоралардан мақбулроқдек кўринади. Ҳар ҳолда, у ҳовлингда ишламай ётган машинага эмас, сен ҳақиқатда ҳам даромад топдингми-йўқми, шуни эътиборга олади, шу асосда хулоса чиқаради ва охир-оқибат ёрдам қўлини чўзади.

Зора шунда фарзандини оғир шароитда ёлғиз ўзи катта қилаётган оналар бироз бўлса-да енгилроқ нафас олар, сут-қатиқ ичмай отасиз ўсаётган болалар алиментга қарам бўлиб қолмас, давлатдан ўз ҳақи — бола пули(га ўхшаш тўловлар)ни олишга ортиқча бюрократиядан холи равишда ҳар доимгидан ҳам яқинроқ бўлар. Бўлсин. Яхшиликлар бўлсин!

Муаллиф:Мустаҳкам Тангриёрова