Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Андижонда ҳокимлик таклифига кўра замонавий бозор қурган компания, қўлида суд қарорлари бўлса-да, ўз мулкидан ўзи хоҳлаганича фойдалана олмаяпти. Бунга ҳокимликнинг ўзи қаршилик кўрсатмоқда, хусусан, ҳокимлик тадбиркорга қарши навбатдаги суд жараёнига тайёргарлик кўрмоқда. «Дарё» мухбири вазиятни ўрганди.

Муаммо тарихи

Андижон шаҳар ҳокимлиги президентнинг 2017 йил 27 мартдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» компанияси (бозор маъмурияти) ҳудудидаги яйдоқ ерда замонавий талаблар асосида бозор қуриш ҳақида қарор чиқарган. Бозор маъмурияти маблағ йўқлиги боис қурилиш қилолмаган, шу боис бозорни қуриш бўйича бир қатор тадбиркорларга таклиф билан чиқилган. Бироқ бозор чекка ҳудудда жойлашгани, бозорни қургач, қурилган бино ва иншоотларни сотиб, бозор ҳудудидан чиқиб кетиш талаби борлиги сабаб талабгор топилавермаган.

«Ҳамкор Транс Барака» компанияси томонидан қурилган бозор иншоотлари.

«Ҳамкор Транс Барака» компанияси томонидан қурилган бозор иншоотлари.
Фото: «Дарё»

Орадан бир йил ўтган. Президент қарори ижроси кечикаётгани учун (янги бозор 2018 йилда ишга тушиши керак эди), шаҳар ҳокимлиги яна тадбиркорларга таклиф билан мурожаат қилган. Таклифга «Ҳамкор Транс Барака» компанияси розилик билдирган, хусусан, қурилиш якунлангач, ерни бозор тасарруфида қолдириб, чиқиб кетиш ҳақида кафолат хати (бу хатни эслаб қолинг) ҳам берган. Аммо орадан маълум фурсат ўтгач, компания эгалари агар доимий фойдаланиш ҳуқуқи бўлмаса, бозор қуриш бефойда деган фикрга келган ва ҳокимликдан шундай ҳуқуқ тақдим этишни сўраган.

Оғзаки келишувдан сўнг, 2018 йил 25 август куни Андижон шаҳрининг ўша вақтдаги ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев «Ҳамкор Транс Барака» компаниясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори жойлашган ҳудуддан 4,7 гектар ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш ҳақида қарор чиқариб берган. Шундай қилиб, 15 миллиард сўм эвазига замонавий типдаги бозор бино-иншоотларини қуришга киришилади. Бу орада, 2019 йил мартида Андижон тумани ҳокимлиги қарори билан бозор ҳудудига яна 0,9 гектар ер қўшиб олинади.

Асрор Маҳмудов.

Асрор Маҳмудов.
Фото: «Дарё»

Қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунлангач, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси орқали «Ҳамкор Транс Барака» компанияси томонидан мол-мулкка нисбатан кадастр ҳужжатлари электрон тартибда расмийлаштирилган. «Мулк ҳуқуқини олганимиздан сўнг, бозорни янгидан ташкил этиш мақсадида бир неча бор шаҳар ҳокимлигига хат билан чиқдик, лекин ҳеч қандай жавоб бўлмади. Қонунчиликка мувофиқ, янги бозорни ҳокимликнинг 51 фоизлик улуши қўшилган ҳолда ташкил қилиш мумкин», — дейди «Ҳамкор Транс Барака» иш бошқарувчиси Асрор Маҳмудов.

Бино-иншоотлар ҳам, мулк ҳуқуқи ҳам «Ҳамкор Транс Барака»га тегишли бўлса-да, бозорда патта пулини эски маъмурият («Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» компанияси) йиғишда давом этавергани низога сабаб бўлган, томонлар судга мурожаат қилган. Биринчи инстанция суди тадбиркор фойдасига қарор чиқарган. Аммо 2020 йилнинг 22 июль куни шаҳарнинг янги ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров тадбиркорга эски ҳоким чиқарган «доимий фойдаланиш ҳуқуқи» ҳақидаги қарорни «қонунга мувофиқлаштириш» баҳонаси билан «доимий ҳуқуқ»ни чеклаш ҳақида янги қарор чиқарган ва бунга компаниянинг икки йил аввал, қурилишни бошлаш арафасида берган (ва деярли ҳамманинг эсидан чиқиб кетган) кафолат хатини асос қилиб кўрсатган.

«Биз ўшанда кафолат хатини берганимиздан сўнг, ўйлаб кўриб, бу қурилиш бизга тўғри келмаслигини, фақат доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратилсагина қурилиш бошлашимизни ҳокимликка билдирганмиз. Шаҳар ҳокимлиги ўзи розилик билдириб, бизга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан қарор чиқариб берган. Хўш, нега шу қарор қабул қилинаётганида кафолат хатига эътибор бермай, миллиардлар сарфлаб, бозорни қуриб бўлганимиздан кейин бу гап айтиляпти? Бугун келган ҳоким ўзидан аввалги ҳокимнинг қарорини бекор қилиб ташлайверса, бирор иш қилиб бўладими ахир?», — дейди «Ҳамкор Транс Барака» иш бошқарувчиси.

Тадбиркор Баҳромжон Ҳайдаровнинг 2020 йил 22 июлдаги қарори устидан судга шикоят қилган. Вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳокимликнинг бу қарорини ҳақиқий эмас деб топиб («қарорни қабул қилишда қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган»), қонун талабларига риоя қилинмагани учун Андижон шаҳар ҳокимлигига нисбатан хусусий ажрим чиқарган. Бироқ иш шу билан тугаман — можаро Олий судгача борган. Олий суд ҳам 2020 йил 28 декабрда тадбиркор фойдасига қарор чиқарган, «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» компаниясининг бозордаги фаолиятини ноқонуний деб топилиб, унга бозордан чиқиш ҳақида кўрсатма берилган.

Олий суд қароридан кўчирма.

Олий суд қароридан кўчирма.
Фото: «Дарё»

Ҳоким олдида МИБ ҳам ожиз

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Андижон шаҳар бўлими ижрочиси томонидан 2021 йил 13 апрель куни ижро ишини тамомлаш ва ҳолатни расмийлаштириш юзасидан далолатнома тузилганига қарамай, «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» суд ҳужжати ижросини бажаришдан бўйин товламоқда. Асрор Маҳмудовнинг айтишича, МИБ ижрочисига нисбатан унинг эътирози йўқ, чунки у «қўлидан келганича ҳаракат қилди».

«Лекин қарздор тарафда маҳаллий давлат ҳокимияти манфаати борлиги боис ижро охирига етмаяпти, суд ҳужжати ижроси таъминланмаяпти... Агар тадбиркор қарздору, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ундирувчи бўлганидами, ижро узоққа чўзилмай, бир соатдаёқ таъминланган бўларди. Қонун устуворлиги принципи қайда қолди? Қонун талаблари қачонгача фақат тадбиркорга келганда ишлайди? Югура-югура чарчадик, президентнинг олдига боришимиз қолди, холос», — дейди у.

Маҳмудовнинг қўшимча қилишича, бозорда патта пулини йиғиб олаётган шахслар хатти-ҳаракатлари қонуний эмаслиги ҳақида «Ҳамкор Транс Барака» томонидан бир неча бор ёзма ва оғзаки огоҳлантирилганига қарамай, улар ўз билганидан қолмаяпти, «биз фақат шаҳар ҳокими айтсаганига бу ишни тўхтатамиз», деб айтган.

Фото: «Дарё»

«Қизиқ, уларни шаҳар ҳокими билан нима боғлаб туриши мумкин? Қонуний жиҳатдан ўзимизга тегишли мулкларимизни бир йилдан бери ўз хоҳишимизга кўра фойдалана олмаяпмиз. Бунга Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров тўсқинлик қилмоқда, ҳоким ‘Германияга ёзсанг ҳам ўзим ҳал қиламан’, дегани-деган. Олий суд қарори ҳам бажарилмаяпти, Андижонда қонунлар ишламаяпти, ҳеч қайси ташкилот ёрдам бермаяпти», — дейди «Ҳамкор Транс Барака» иш бошқарувчиси.

Андижон шаҳар ҳокимлиги муносабати

Андижон шаҳар ҳокимлиги юрист-консултанти Муфтоҳиддин Раҳмоновнинг «Дарё»га маълум қилишича, «Ҳамкор Транс Барака» компанияси томонидан ерга эгалик қилиш бўйича кадастр рўйхатидан ўтказишда англашмовчилик бўлган.

«Компанияга 2018 йил августида берилган қарорда ўша ер майдонидагина қурилиш олиб борилиши кўрсатилган. Ҳамма қарорнинг шу жойини нотўғри талқин қилмоқда. Тўлиқ ер майдони 2015 йили шаҳар ҳокими қарори билан бозор маъмурияти («Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» компанияси)га берилган (аммо бозор маъмурияти олти йил давомида ўзига берилган ерни давлат кадастр рўйхатидан ўтказмаган — «Дарё»), лекин ҳеч қим бунга эътибор қаратмаяпти», — дейди шаҳар ҳокимлиги юрист-консултанти.

Раҳмоновнинг қайд этишича, биринчи инстанция суди «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» компаниясини бозор ҳудудидан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган бўлса, кейинги, апелляция судида компанияни тадбиркор қурган бино ва иншоотлардан чиқариб юборилиши кераклиги кўрсатилган. Ҳокимлик вакилининг сўзларига кўра, тадбиркорнинг бино ва иншоотларига «ҳеч ким эгалик қилгани йўқ, улар биноларни сотиб, ижарага бериб, ўзлари тасарруф этяпти».

«Тадбиркор ўзига тегишли бўлмаган ерни ҳам бино ва иншоатларга қўшиб кадастр рўйхатидан ўтказиб олган ва гаровга қўйиб, кредит олган. Муаммоли жой шу ерда», — деди Раҳмонов. Андижон шаҳар ҳокимлиги юрист-консултантининг қўшимча қилишича, ҳозирда «Ҳамкор Транс Барака» томонидан 2018 йилда берилган кафолат хатини қонунга мувофиқлаштириш юзасидан суд жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Туркияда депутатлар давлат бюджети муҳокамасида муштлашди (видео)
Маҳаллий
Намангандаги кўмир машмашаси: аҳоли учун кўмир сотиб олиш — оворагарчилик, раҳбарлар эса кўмирга талаб унинг сифати яхшилигидан демоқда (видео)
Маҳаллий
Тошкентда зўравонликка қарши кураш бўйича халқаро анжуман — суратларда