Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штати мамлакатда биринчи бўлиб илгари ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ва зоофилияда айбланиб судланганларга нисбатан умрбод уй ҳайвонларини боқишга тақиқ жорий қилган ҳудудга айланди. Бу ҳақда қонуннинг ташаббускори Эмма Херст ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
«Янги Жанубий Уэльс ҳозиргина зўравон одамларга уй ҳайвонларини боқишга тақиқ жорий қилган биринчи Австралия штати бўлди. Биз таклиф қилган янги қонун иккала палата томонидан ҳам қабул қилинди», — деб таъкидлади Херст ва «энди айбдорларга ҳайвонларни назорат остида сақлаш ёки улар билан ишлаш умрбод тақиқланиши»ни қўшимча қилди.
Сўнгги икки йил ичида Австралияда ҳайвонларга нисбатан безорилик ҳолатлари кўпайгани маълум қилинди.
Аввалроқ Туркияда ҳайвонларни ўлдирганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф қилингани ҳақида хабар берилган эди. Меъёрий низом ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун қамоқ жазосини назарда тутади. Хусусан, қотиллик учун тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиниш, ҳайвонларни қийноққа солиш ва шафқатсизлик учун уч йилга қамалиш мумкин.
Изоҳ (0)