11 июнь дунё океанлари тадқиқотчиси, француз денгизчи-сайёҳи, «Сувости Одиссеяси» номли машҳур илмий-ҳужжатли сериал режиссёри, акваланг ихтирочиси, сувости олами ҳақида сўзловчи кўплаб китоблар муаллифи Жак-Ив Кусто таваллуд топган кун. «Дарё» капитаннинг ҳаёт йўли, илмий кашфиётлари, саёҳатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳуқуқшуноснинг «муҳандис» арзандаси

Фото: «biography.com»

Мусаллас ишлаб чиқаришга ихтисослашган Бордонинг мўъжаз Сент-Андре-де-Кюбзак шаҳарчасида туғилган Жак-Ив Кусто илм-фанга ишқибозлик, дунё кезишга ҳавасмандликни адвокат отасидан «юқтирганди». Франция ҳуқуқшунослари орасида энг ёш фан доктори бўлиб танилган Пьер-Даниэлнинг Америкада энг бой корчалон ва франкофил Жеймс Ҳазен Ҳайднинг қўлида шахсий котиб лавозимида ишлаши бўлажак олимнинг келажаги, истеъдоди шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Оилавий саёҳатлар, дунёкезарлик, янги масканларни кашф этиш сабаб Жак-Ив жуда барвақт сувости мўъжизаларига қизиқиб қолади. Бироқ 7 яшарлигида сурункали энтерит (ингичка ичакдаги яра)ни орттиргач, таниш шифокор болани ортиқча қийнамаслик, сермашаққат саёҳатлар билан безовта қилмасликни маслаҳат беради. Шу кўйи саёҳатлар ҳам барҳам топади. Аммо юракнинг тубида дунё кезишга ҳавас-иштиёқ чўғдек милтираб тураверади. Доришунослар оиласидан бўлган онаси Элизабет эса боласини умр бўйи қийнайдиган касалликни фориғ этиш, йўқотиш йўлларини доим излайди, лекин тайинли даво топилмайди. Болакай Жак-Ив умри охиригача қотма, ориқ бўлиб қолаверади.

Биринчи жаҳон урушидан кейин қашшоқлик, иқтисодий танглик ҳамма қатори уларни ҳам четлаб ўтмади. 1922 йили Ҳиггинс ва Кустолар оиласи Францияга қайтишга, кунини барча французлар қатори кўришга, буюк тушкунлик даврини бошдан ўтказишга мажбур бўлади. АҚШдалигида Жак-Ив механика ва дизайнга қизиқиб қолгани, инглиз тилиниям дурустгина ўргангани, мактабдаги зерикарли дарслар ўрнига, қизиқроқ машғулотларга муккасидан кетгани учун она юртига қайтиб, электромобил ясашга тушиб кетади. Пулларини йиғиб-териб, эҳтиёжларидан орттириб, биринчи кинокамерасини сотиб олади-да, атрофидаги борлиқни тасмага муҳрлашга киришади. Бари айнан шу камера, тасмага бир-бир тушаверган лавҳалардан бошланади – илм билан иштиёқ бирлашиб кетади.

Саргузаштларнинг бошланиши

Фото: Getty Images

Вақт сувдек оқиб, Жак-Ив 1930 йили ҳарбий-денгиз академиясига ўқишга киради. Гуруҳдошларига қўшилиб, «Жанна д’Арк» кемасида дунёни илк бора тўлиқ айланаркан, кейинчалик Шанхай, СССР ҳудудларига ҳам бориш, кўрган-кечирганларини бирма-бир суратга муҳрлашга улгуради. Бироқ олган жамики расм-тасвирлари изсиз ғойиб бўлаверади. Сабабини, қаерга йўқолганини ўзи ҳам тушунолмай қолаверади...

Фото: Google Photos

Денгиз, океанларнинг жозибасини юқоридан – осмони фалакдан кузатиш, ўрганиш иштиёқи ҳам Жак-Ивнинг ҳаловатини ўғирлаганди. Бироқ тоғ йўлидаги автоҳалокат, бир неча қовурғанинг синиши, чап қўлнинг лат еб, ўнг қўлнинг фалажланиши бу орзудан воз кечишга мажбур қилади. Саккиз ойлик дори-дармон, малҳам-даводан кейин тўлиқ соғайгач, 1936 йили Тулон портидаги «Сюффрен» крейсерига мураббий бўлиб ишга жойлашади. Кунларнинг бирида хўжалик дўконига ул-бул харид қилишга кирган ёш зобит сувда сузганда тақиладиган шаффоф кўзойнакни кўради-ю, бир ҳақиқатни – сувости салтанати ҳаётининг ажралмас бўлаги эканини, энди уни бу оламдан ҳеч қайси куч улоқтириб юборолмаслигини англайди. Ҳақиқий саргузаштлар шу қарордан сўнг бошланади.

Сувости олами мўъжизалари

Фото: gettyimages.com

1938 йили узоқ йиллик ҳавас, зўр иштиёқ ортидан ниҳоят сувости дунёсига шўнғиш, тадқиқот учун янги оламларни кашф этиш имкони туғилади. Қадрдон дўстлар: Филип Дюма, Филип Тайле билан сув остида сузилганда зарур бўладиган ниқоб, найча, куракоёқларни олиб, чексиз уммон бағрига шўнғишади. Орадан беш йилга яқин вақт ўтиб, ҳозирги аквалангнинг илк намунасини яратишга уринган Жак-Ив ишини Эмиль Ганян билан ниҳоясига етказади. Айнан шу мослама кўмагида сув остидаги тадқиқотларни узоққа довур чўзиш, океанлар тубидаги гўзалликларни батафсил ўрганиш имкони ошади. Кустонинг ихтирочилиги, тинимсиз изланишлари ортидан сувўтмас камералар, ёритиш ускуналари, яна сувости телевизион системаси пайдо бўлади. Айтишларича, денгизларнинг энг чуқур тубига биринчи бўлиб Кусто командаси етиб борган экан.

Кусто ўзини «океанограф техник» деб атарди. Чинданам, табиатга ошуфталиги, педагоглиги учунам кўпчилигимиз «мовий қитъа»нинг ранг-баранг жилваларини кашф этдик. Энг қизиғи, унинг тадқиқотлари, ўрганишларини ҳали якунига етказиб, ниҳояламадик ҳам.

Эътирофу эътироз баравар келса...

Фото: Google Images

Ўтган асрнинг 50 йилларида Жак-Ив рўйхатдан чиқарилган тадқиқотларга мўлжалланган кемани ижарага олиб, унга «Калипсо» номини беради-да, океанни энг чуқур ерларигача ўрганишга киришиб кетади. Тадқиқотлар натижаси дунёга машҳур «Сукунат оламида» китобига жамланиб, 1953 йили чоп этиладию, эгасига оламшумул шуҳрат келтиради. Асар асосида олинган фильм ортидан ҳужжатли кино жанрида туб бурилиш кузатилиб, бошқалар ҳам секин-аста унинг ортидан эргашишади. Фильм шу даражада шон-шуҳрат чўққисига кўтариладики, билгичлар уни «Оскар» ва «Олтин палма япроғи» мукофотига лойиқ топишади.

Йигирма йил давомида экранлардан узилмаган фильмни аксар мутахассислар аёвсиз танқид қилиб, Кустони балиқларга шафқатсиз муносабатда бўлишда, денгиз ости ҳаётини топташда, қаҳри қаттиқликда айлаб келишди. Ҳатто, унга фирибгар, ёлғончи, кўзбўямачи тамғасини ёпиштириб, нафас олиш мушкул бўлган сувости ғорларидан батискаф билан чиқиб келаётган тадқиқотчиларни ижикилаб текшириб, кадрларни сохталаштирган дея сўроқ-савол қилишди. Жиддий танқид-эътирозларга қарамай, капитан севган ишида давом этаверади. Уларга қарата: «Ҳужжатли жанрнинг жуда кўп билармонлари теша тегмаган оригиналликни кўрсатиш керак деб ўйлашади. Улар борини бор ҳолича кўрсатиш, яширмай-оширмай тақдим этишдан кўра, ақллилик, шишириш билан овора. Бу нотўғри. Борини борича кўрсатиш керак. Тамом», — дейди, холос ва океанлар, дарё-денгизлар, сувости манзил-маконлари ҳақида ғаройиб, ақлни лол қолдирадиган, кишини ҳайратлантирадиган ҳужжатли фильмларни олаверади. Балиқнинг феъл-хўйини билишнинг осон йўли – балиққа айланишдир, дея «Космосдаги воҳа», «Шимолий Америкадаги саргузаштлар», «Амазонка», «Дунёни қайтадан инкишоф этиш» ва бошқа ижод намуналари яралди ва бизга сув тубидаги гўзалликларни кўрсатди, инсон пой қадами етмайдиган жойларни очиб, илм-фан дунёсига жиддий янгилик, ўзгаришларни кирита олди. Буни эътироф этмаслик – нонкўрлик, инсофсизлик.

Фарзанд доғи, ота-бола низоси...

Капитан Кусто ўғиллари Филип ва Жан-Мишель Кустолар билан

Фото: «rolexmagazine.com»

Афсонавий француз адмиралининг суюкли қизи Симона Мелхиор билан 1937 йили никоҳ риштаси боғлангач, Симона турмуш ўртоғининг аҳамияти беқиёс экспедицияларида фаол қатнашади. Унинг маслаҳатгўйи, фикрдоши бўлиб, 1979 йилгача гоҳ тотув, гоҳ ораларидан гап қочиб яшашади. Аммо шу йили кенжатой Филипнинг «Каталин» самолётида ҳалокатга учраб, вафот этиши муносабатларни қаҳратон зимистонга айлантиради. Ўртадаги совуқлик шу ҳолича қолиб, юракни эзадиган диққинафаслик бошланади. Гарчи расман ажрашишмаган бўлса-да, эр-хотин алоҳида-алоҳида яшаб, ўртадаги шунча йиллик хотира-турмушни қайта тиклашга ортиқ уринишмайди. Меҳр-муҳаббат, кўнгил, қадрдонлик, дўстлик... қайларгадир улоқиб кетади.

1991 йили Симона ўсимтадан бевақт кўз юмади. Кусто эса ўн йилдан бери бирга яшаётган Францина Триплетга уйланиб, биргаликда Диана ва Пьерни улғайтиради.

Иккинчи марта уйланиш, онасининг ўрнига бошқа аёлнинг қўйилгани тўнғич фарзанд Жан-Мишелга сира ёқмайди. Иш шу даражага борадики, кап-катта ўғил дуппа-дуруст, яна машҳури жаҳон Кусто шарифини қўллашдан бош тортиб, буни ҳатто қонунийлаштириб ҳам олади. Нотариусдан бир парча қоғозни тасдиқлатиб, ҳужжатларда ортиқ Кусто деб кўрсатмасликларига эришади. Ота-ўғил ўртасидаги муросасизлик, совуқлик Кусто вафотигача давом этади. Аммо бугун Жан-Мишель қизи Селин ва ўғли Фабиен билан отаси Жак-Ивнинг ишларини давом эттирмоқда. Сувости дунёсини фарзандлари билан тадқиқ этиб, ҳужжатли фильмлар олмоқда.

Ҳаётни севиш керак...

Фото: Google Photos

Денгизкезар, океаности кашшофи Жак-Ив Кусто 1997 йилнинг 25 июнида 87 ёшида миокард-инфаркт хуружини бошдан кечириб вафот этади. Олим туғилиб ўсган гўшаси – Сен-Андре-де-Кюбзакдаги яқинлар кўмилган оилавий сағанага дафн этилади. Аммо унинг илмий изланишлари шу ҳолича тупроққа қоришиб, йитиб кетмади. «Кусто командаси» ҳали ҳам фаолиятида бардавом, янги оламларни кашф этиш, фанга ўзгаришлар киритиш билан андармон.

Жак-Ив Кустонинг номи шу қадар машҳурки, Франциядаги айрим жой номларидан ташқари, Санкт-Петербургдаги француз тилига ихтисослашган ўқув даргоҳи ҳам унинг номи билан аталади. Тамаддунга қўшган бемисл ҳиссаси, башар олдидаги хизматларини ҳеч бир мезонга солгулик эмас. Бари очиқ-ойдин, ошкора. Капитаннинг ўзи ҳам суҳбатларининг бирида: «Мен социалист ҳам, республикачи ҳам эмасман. Ҳеч кимман. Шунчаки инсоният келажаги учун курашаётган кимсаман, холос», деганди. Бундан зиёд иқрорнинг кераги йўқ, асли.

Чарос Низомиддинова тайёрлади