Жуфтлик суррогатлик ёрдами билан бир йилда 20 нафар фарзандни дунёга келтирди ва 16 энагага 67 минг фунт (94 800 доллар) сарфлайди, деб ёзади «Korrespondent.net».
23 ёшли россиялик Кристина Ўзтурк 57 ёшли миллионер эри Галип Ўзтурк билан Грузияга сафари чоғида танишган. У ерга тадбиркор ўз ватани Туркияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани туфайли келган эди.
Жуфтлик оиласи катта бўлишини орзу қиларди ва шунинг учун ҳам суррогат оналар ёрдамида фарзандли бўлишга қарор қилди. 2020 йилда Кристина ва Галипнинг Мустафо исмли ўғли дунёга келган.
Бу эр-хотиннинг биринчи фарзанди эмас: Кристинанинг собир турмуш ўртоғидан олти ёшли қизи бор бўлиб, Галип ҳам ўз навбатида, аллақачон турмуш қурган эди. Туркияда у биринчи рафиқаси Хьюли Ўзтуркдан тўққиз нафар фарзанд кўрган.
Уларнинг илк фарзанди дунёга келгач, Кристина ва Галип яна зурриёдлари бўлишни хоҳлади. Шундан сўнг тадбиркор суррогат оналарга 138 минг фунт стерлинг (195 500 доллар) тўлаган ва уларнинг оиласи 20 нафар фарзандга кўпайган. Чақалоқлар 4 ойликдан 14 ойликкача бўлиб, уларни 16 энага парваришлайди. Уларнинг хизматлари учун кўп болали ота-она ҳар йили 67,7 минг фунт (94 800 доллар) сарфлайди.
Кристина нашрга берган интервьюсида барча вақтини болалар билан ўтказишини ва «оналар одатда қиладиган ҳамма нарсани» бажаришини айтди. Ўзининг ҳаёти ҳақида гапириб, аёл кунлари ҳеч қачон зерикарли эмаслигини, чунки у доимо болаларга ғамхўрлик қилиш билан бандлигини таъкидлайди. Одатда унинг болалари соат 20:00 дан соат 06:00 гача ухлайди.
Шу билан бирга, у келажакда оилага янги меҳмонлар қўшилишини табиий равишда истисно этмайди. «Мен ҳомиладорликни режалаштирмоқдаман, лекин дарҳол эмас, чунки энди фарзандларимга яқин бўлишим керак. Ҳомиладор бўлгандан кейин 21 нафар кичкина болага она бўлиш қийин», — деб хулоса қилади Кристина.