Сидней аҳолиси каннибал сичқонлар босқинидан ташвишда. Ўзига турдош бўлган жонзотларни ейишга қодир миллионлаб кемирувчилар Квинсленд ва Янги Жанубий Уэльс штатларидаги мактаблар, уйлар ва шифохоналарни тўлдириб юборган. Сичқонлар Сиднейга маҳсулотлар учун мўлжалланган пластик контейнерли фураларда ҳаракатланиб етиб бориши мумкин, деб хабар беради Esquire.

Фото: Bloomberg

Кемирувчиларнинг бу қадар кўпайиб кетишига ўтган йилги ёғингарчилик сабаб бўлган — 2020 йилда икки йиллик нормага тенг ёмғир ёғган. Бу эса сичқонларнинг кўпайиши учун шароит яратган.

Янги Жанубий Уэльс ҳукумати кемирувчиларга қарши курашда юқори токсик кимёвий моддалардан фойдаланишга рухсат беришга тайёрланмоқда. Штат ҳукумати 5000 литр бромадиолон сотиб олган бўлиб, уни минтақанинг энг кўп зарар кўрган 20 та субъектига тақсимлайди.

Сичқонлар босқини, шунингдек, ўтган мавсумда рекорд даражада ҳосил йиғилган Австралия қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам хавф туғдиради. NSW Farmers раиси Метю Медденнинг сўзларига кўра, айрим фермерлар кемирувчилар уруғларни йўқ қилишидан хавотирланиб, ерга экин экишдан бош тортмоқда.

Медденнинг айтишича, йил бошида айрим жўхори экинларига жиддий зарар етган (баъзи далаларда 20 фоиздан 100 фоизгача) бўлиб, омборларда сақланган донлар еб ташланган бўлмаса-да, унга камида сичқон ахлатидан зарар етган. Бу эса фермерлардан тозалаш ишларини амалга ошириш учун қўшимча харажатларни талаб этади.