Сурхондарё вилояти Божхона бошқармаси ходимлари «Айритом» чегара-божхона постида гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда олиб кириш учун ўз ҳаётини хавфга қўйган шахсни тўхтатиб қолди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Қайд этилишича, постга пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси М.А. инсон тана аъзоларини сканерлаш қурилмаси кўмагида кўздан кечирилганида, унинг организмида ёт жисмлар — капсулалар мавжудлиги аниқланди.

Шундан сўнг Термиз шаҳридаги тиббий муассасалардан бирида шифокорлар кўмагида ушбу шахснинг ичидан 47 дона скотчланган ўрам чиқариб олинди.

Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса уларнинг ичига 423,42 грамм оғирликдаги опий ҳамда 17 дона оқ рангли таблетка жойлангани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкентда поезд ғилдираклари орасига психотроп дори воситалари яширилгани аниқлангани, Сурхондарёдан Бухорога кўп миқдорда қорадори олиб киришга уринган фуқаро 4 йил 6 ой муддатга қамалгани ҳамда Ўзбекистонда 2021 йил бошидан қанча гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.