Москва жоме масжиди, Эски масжид ва Мемориал масжид COVID-19 пандемияси туфайли Рамазон ҳайити куни намозхонларни қабул қилмайди. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

«Байрам намози фақат ҳар учала масжид имомлари ва Мусулмонлар диний идораси ходимлари иштирокида ўтказилади ҳамда онлайн трансляция қилинади», — дейилади хабарда.

Идора веб-сайтида хабар қилинишича, ташкилот 100 минг кишидан ошмаган ҳолда оммавий тадбир ўтказиш тўғрисида сўров юборган, аммо бунга жавобан Москва ҳукуматидан шаҳарда оммавий йиғинларни тақиқлаш давом этаётгани ҳақида хат келган. Москвадаги Минтақавий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш департаменти агар тақиқ бузилган тақдирда, байрам ташкилотчилари ва иштирокчилари жавобгарликка тортилиши мумкинлигини қайд этиб ўтган.

Мусулмонлар идорасида анъанавий тарзда ўтказиладиган ибодатларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор мушкул, аммо оқилона деб аталди. «Россия Мусулмонлар идораси барча диндорларни байрам куни ўз уйида бўлишга ва оила аъзолари даврасида байрам қилишга чақиради», — дея таъкидлади ташкилот.

Москва жоме масжидидан муфтий шайх Равил Ғайнутдиннинг байрам хутбаси 13 май куни соат 07:00 да (Тошкент вақти билан 09:00) идоранинг YouTube-каналида, соат 09:00 да (Тошкент вақти билан 11:00) эса «Россия 1» телеканалида намойиш этилади.

Масжид бош имоми Илдар Аляутдиновнинг айтишича, диндорлар расмийларнинг қарорини тўғри тушунади. «Ушбу тақиқ нафақат бизга, балки православларга ҳам тегишли бўлган. Пасхада одамлардан оммавий йиғинлардан тийилиш сўралган эди», — деди имом.

2020 йили ҳам Россия президенти Владимир Путин ва мусулмонлар раҳбарлари диндорлардан коронавирус пандемияси сабабли Рамазон ҳайитини уйда нишонлашни сўраган эди.