Италиянинг собиқ бош вазири, «Олға, Италия» партиясининг етакчиси Сильвио Берлускони яна «Сан-Рафаэл» шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда маҳаллий la Repubblica газетасига таяниб «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Сиёсатчи 6 апрель куни Миланнинг «Сан-Рафаэл» клиникасида назорат текширувидан ўтди, шундан кейин шифокорлар уни кейинги назорат учун шифохонага ётқизди.

Нашрнинг хабар беришича, 84 ёшли Берлускони Пасха байрамини қизининг уйида нишонлаган, касалхонага эса вертолётда олиб келинган.

«Бу бир неча ҳафтадан буён Берлусконининг ‘Сан-Рафаэл’даги шифохонага қайтишига тўғри келган иккинчи ҳолат», — деб ёзади газета.

22 март куни ҳам Берлускони айнан шу шифохонага келтирилган эди. Ўшанда унинг адвокати собиқ бош вазир ва яна бошқа 28 киши коррупция ва ёлғон гувоҳлик бериш айбловлари билан ўтказилаётган Миландаги суд мажлисида мижозининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар берди. 24 март куни эса Берлусконига шифохонадан жавоб берилди.

2020 йилнинг сентябрь ойида Берлусконида коронавирус ҳамда икки томонлама пневмония аниқланиб, даволаниш учун «Сан-Рафаэл» шифохонасига ётқизилган эди. Ўшанда Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, агар зарурат бўлса, Россия собиқ бош вазирга ёрдам беришга тайёрлигини хабар қилди.