Оқ денгизда муз остидаги санъат асарлари галереяси очилди. У Нильмогуба кўрфазидаги Қутб доираси ортида жойлашган бўлиб, унда Nikon бренди элчиси ва National Geographic сураткаши Виктор Лягушкиннинг «Муз эригунга қадар» лойиҳасидаги суратлар тақдим этилган, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.
Жамоа суратларни сув остига жойлаштириш учун ярим йил давомида шўр сувга бардошли турли материалларни синовдан ўтказган ва охир-оқибати УФ-босмали пластикни танлаган. Полотна музга қотирилган бўлиб, остига қўрғошин илинган.
Сув остидаги галереяда 80х120 сантиметр ўлчамдаги 10 та катта суратдан ташқари, питерлик рассом Денис Лотаревнинг ҳайкалтарошлик асарлари, инсталляция ва мойбўёқдаги ишлари ҳам ўрин олган бўлиб, улар «Кўк аёз» номи остидаги ягона экспозицияга бирлаштирилган.
Лойиҳа мақсади — музликлар эриётганига ва сув остидаги кўплаб турларнинг йўқолиб кетаётганида одамлар эътиборини жалб этиш. Кўргазмага Россия, Хитой, Германия ва Франциядан келган дайверлар ташриф буюрган.
«Дунё кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Арктика музлари эрияпти, иқлим ўзгармоқда, турлар йўқолиб кетяпти. Мақсадим — одамларга муз остидаги ажойиб дунёни кўрсатиш орқали инсоният ушбу муаммога эътибор қаратмаса, яқин келажакда нимани йўқотишини тушунтириш», — дейди Виктор Лягушкин.
Аввалроқ британиялик тадқиқотчилар гуруҳи 1994 йилдан 2017 йилга қадар сайёрадаги музларнинг эриш тезлиги 65 фоизга ошганини аниқлаган эди.
Изоҳ (0)