Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) май ойи охирига қадар коронавирусга қарши вакциналарни адолатли тақсимлаш бўйича COVAX механизми доирасида 142 мамлакатга камида 237 миллион доза препарат етказиб берилишини кутмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус брифингда маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: «ТАСС»

«Африканинг Гана ва Кот-д’Ивуар давлатлари бугун ўзларининг тиббиёт ходимларини эмлашни бошлади ва улар COVAX механизми орқали эмлаш кампаниясини бошлаган биринчи давлатга айланди. Ушбу ҳафтада дастур доирасида 11 миллион доза вакцина юборилади. Май ойи охирига қадар 142 давлатга жами 237 миллион дозадаги вакцина етказиб берилади», — деди ташкилот раҳбари.

«Биз соғлиқни сақлаш ходимларининг вакцина қабул қилаётганини кўришдан жуда хурсандмиз, аммо афсуски, бунга дунёнинг энг бой мамлакатларида эмлаш кампанияси бошлаганидан уч ой ўтганидан кейингина эришлимоқда», — дея қўшимча қилди Гебрейесус. «Шунингдек, айрим мамлакатларда соғлиқни сақлаш ходимлари, айримларида эса кексалар эмас, балки, аҳолисининг ёш ва соғлом кишиларини эмлаш биринчи ўринга қўйилаётгани бизни афсуслантиради», — деди у.

ЖССТ 190 мамлакат ва иқтисодиётни ўз ичига олган COVAX механизмининг аҳамиятини ниҳоятда катта деб ҳисоблайди. Ушбу дастур шартига кўра, юқори даромадли мамлакатлар кам таъминланган давлатларга вакцина харид қилиш учун маблағ ажратади.

Режаларга кўра, ушбу механизм доирасида 2021 йил охирига қадар 2 миллиард доза коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилиши ва дунё бўйлаб тенг тақсимланиши керак.

Аввалроқ АҚШ камбағал мамлакатларга вакцинация учун 4 миллиард доллар ажратиши ҳақида хабар қилинганди. Унга кўра, АҚШ халқаро COVAX дастурига зудлик билан 2 миллиард доллар ажратиш режалари ҳақида маълум қилган. Келгуси икки йил ичида АҚШ қолган 2 миллиард долларни бериши кутилмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Танзанияга COVID-19’га қарши курашиш учун 27 миллион евро ажратган эди. Бироқ маблағни олгач, расмийлар мамлакатни коронавирусдан холи деб эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ COVAX дастури муваффақиятсизликка учраса, паст даромадли мамлакатлар камида 2024 йилгача вакцинасиз қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.