Ўзбекистон март—апрель ойларида Россия билан мунтазам авиақатновларни тиклаш ниятида. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият Россияда белгиланган мезонларга мос келади. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев 2 март куни журналистларга маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Дарё»

«Ҳозирча биз Россия томоннинг жавобини кутяпмиз. Менимча март—апрель ойларида қандайдир ижобий натижа бўлади», — деган у Тошкентда Ўзбекистон транспорт дипломатиясига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида.

Жасурбек Чориевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томон COVID-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳақидаги барча маълумотларни Россия Федерациясининг коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссиясига юборган.

«Биз мунтазам парвозларни тиклаш учун Россия комиссияси томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ барча стандартларга мос келамиз», — деб қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1 октябрдан бошлаб барча халқаро авиа, темир йўл ва автойўл қатновлари учун ўз чегараларини очди. Uzbekistan Airways 2020 йилнинг сентябрида Туркия, БАА, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон билан, 2021 йилнинг январида Тожикистон, февраль ойида Германия, март ойида Ҳиндистон билан мунтазам авиапарвозларни тиклади.

Коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий бўлиб қолаётган мамлакатларга, хусусан, Россияга парвозларни махсус рейсларда амалга ошириш давом этмоқда. Ўзбекистондан Россияга авиарейс орқали бориш учун ПЗР-тест натижаси салбий чиққан маълумотномага, шунингдек, даволаниш ёки оила билан бирланиш учун зарур ҳужжатга эга бўлиш лозим.