Мусулмон Шарқ оламида азалдан китобхонлик, китобат санъати ва кутубхоналар фаолияти алоҳида ўрин тутиб келган. Ҳукмдорларнинг саройлари, йирик заминдор ва зиёли шахсларнинг хонадонлари ва масжид-мадрасалар қошида кутубхоналар фаолият кўрсатган. «Дарё» Қўқон хонлиги сарой кутубхонаси ҳақида ҳикоя қилади.
Темурийлар давридан сўнг Ўрта Осиё ҳудудида ташкил топган хонликлар даврида ҳам ушбу соҳа ривожида маълум ютуқларга эришилган. Темурий ҳукмдорлар анъанаси давом эттирилиб, ўз саройларида муҳташам кутубхоналар, китобат санъати ижодкорлари учун муносиб шароитлар ташкил этилган. XVIII асрнинг биринчи чорагида Фарғона водийсида минг уруғи вакиллари томонидан ташкил этилган Қўқон хонлигида ҳам кутубхоначилик ва китобат санъати тараққий этиб, ҳукмдорларнинг доимий эътибори ва рағбатида бўлган. Қўқон хонлиги саройида китобдор мансабидаги шахснинг фаолият юритганлиги ҳам ҳукмдорлар томонидан ўз саройларида хос кутубхона бўлганлигидан далолат беради. Манбаларда қайд этилишича, ушбу мансаб дастлаб Умархон томонидан жорий қилиниб, унга Мирзо Қаландар Мушриф Исфарагий тайинланган. Мирзо Қаландар ушбу лавозимда вафотидан (1840 йил) икки йил олдингача бўлган муддатда шуғулланиб, ундан сўнг бир ғорга кириб, то вафотига қадар тоат-ибодат билан машғул бўлганлиги қайд этилади. Мирзо Қаландардан сўнг китобдорлик лавозимига унинг ўғли Мирзо Аюб Беҳжат тайинланади.
Қўқон хони Умархон давридаги мамлакатнинг ҳар томонлама юксалиши, айниқса, китобат санъатида ҳам кўзга ташланади. Хон саройида хаттотлар томонидан турли хил мавзудаги китоблар нафис безаклар билан кўчирилиб, уларнинг чет эл ҳукмдорларига совға тариқасида юбориш анъанаси шаклланиб борган. Мисол учун, Умархоннинг Усмонли давлатига Ҳожи Мир Қурбон бошчилигидаги илк элчилик миссиясида турли қимматбаҳо совғалар қатори унинг туркий тилдаги шеърлар жамланган «Муҳаббатнома» асари ҳам бўлган. Ушбу антология Умархоннинг топшириғи билан 1818—1819 йилларда султон Маҳмуд II га тақдим этиш учун тузилганлиги қайд этилади. Шунингдек, 1813 йилда хаттот Муҳаммад Латиф томонидан Алишер Навоийнинг «Чор девон»и ҳам кўчирилган, у ғоятда хушхат, жадваллари зийнатли, зарҳал лавҳали бўлган. Амир Умархондан кейин тахтга келган Муҳаммад Алихон даврида ҳам китобат санъати, хаттотлик ва саройда китобларни кўплаб нусхаларда кўчириш ва тарқатиш ишлари давом эттирилган.
Муҳаммад Алихоннинг ўзи ҳам моҳир хаттот бўлганлиги маълум. Муҳаммад Алихон онаси Нодирабегимнинг маслаҳати асосида 1838 йилда Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар зиммасига Алишер Навоий «Чор девон»идан 300 нусха кўчиртириш вазифасини юклайди. Олти ой ичида «Чор девон»дан 300 нусха тайёрланиб, лаввоҳ ва мусаввирлар томонидан китоб ҳолига келтирилади. Шунингдек, Муҳаммад Алихон топшириғи билан хаттот Мирзо Шариф Дабир 1836 йилда Фузулийнинг девонини настаълиқ хатида, 1837 йилда эса сайланган ғазалларини алоҳида гўзал хат билан кўчирган. Муҳаммад Алихон даврида китобат ва хаттотлик ишларига бундай катта эътибор қаратилишида унинг онаси – шоира Нодирабегимнинг ҳиссаси бор, албатта.
Амир Умархон ва Муҳаммад Алихонлар даврида шакллантирилган сарой кутубхонасининг ҳажми ва ундаги китобларнинг тавсифлари манбаларда келтирилмаган. 1842 йилда Бухоро ҳукмдори Насруллонинг босқини оқибатида мамлакатнинг хазина-ю бутун бойлиги, шу жумладан, сарой кутубхонасидаги барча китоблар ҳам катта эҳтимол билан талон-торож қилинган. «Мунтаҳаб ут-таворих» асарида «Саройдаги бир неча йиллар давомида йиғилган гилам, зарҳал кўрпа-тўшак, олтин, кумуш ва асл матоҳ, газлама ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг барчасини бир қолдирмай олиб кетишди», дейилса, «Тарихи Шоҳруҳий»да «Амир буйруғига биноан шаҳарни тўрт соат талон-торож қилдилар. Масжидларда кигиз ва жойнамоз, мадрасаларда китоб қолмади. Барча нарсалар ғорат бўлди» деб, маълумот берилади. Бундан кўриниб турибдики, нафақат саройдаги, балки масжид-мадрасалар қошидаги китоблар ҳам олиб кетилган.
Сарой китобдори Бухоро истилосининг сўнгги вақтига қадар ҳукмдор Муҳаммад Алихон билан бирга бўлган. Бухоро қўшинлари таъқибидан қочиб, Кафантепа деган мавзеда қўлга олинган Муҳаммад Алихон ва унинг яқинлари орасида китобдор Муҳаммад Аюб Беҳжатнинг ҳам бўлиши, шубҳасиз, унинг саройдаги хонга энг яқин ва садоқатли кишилардан бири эканлиги ҳақидаги юқорида билдирилган фикрларимизни тасдиқлайди.
Қўқоннинг тез орада қипчоқлар ёрдамида Бухоро қўшинидан озод бўлиши ва ундан кейинги ҳукмдорлар даврлардаги сарой кутубхонаси, унинг фаолияти ҳақида манбаларда маълумотлар деярли учрамайди. Бухоро амири тутқунлигидан қочиб чиқишга муваффақ бўлган Мирзо Аюбнинг ҳам кейинчалик яна китобдорлик вазифасида фаолият юритганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Фақатгина архив ҳужжатларида Қўқон хони Маллахон (1858-1862) томонидан 1860 йил апрелида Ҳожа китобдор бошлиқ элчиларнинг Сибир орқали Петербургга юборилганлиги ва ушбу даврларда хонлик хаттотлари томонидан кўчирилган асарлар орқалигина сарой кутубхонаси бу даврларда ҳам фаолият юритганини билиб олишимиз мумкин.
Лекин хонликдаги ўзаро ички низолар ва Бухоро амири Музаффарнинг хонлик ички ишларига аралашиб, Қўқонга келиши билан пойтахт бир неча маротаба таланиб, бутун бойлик ва қурол-аслаҳалар олиб кетилади, шу жумладан, хонликнинг маънавий хазинаси бўлмиш китоблар ҳам таланган.
Худоёрхоннинг учинчи ҳукмронлик йиллари (1865—1875)ни таҳлил қилиш билан сарой кутубхонасининг сўнгги йиллардаги тақдири ҳақида ҳам бирмунча муфассал маълумотларга эга бўламиз. Маълумки, Худоёрхон томонидан эски ўрда – Зарринсарой ўрнида янги хон саройи бунёд этилади (1863—1870). Янги ўрдада давлат бошқаруви учун хос маҳкамалар билан бирга, кутубхона ҳам фаолият юритган. Қўқон маданияти тарихи давлат музейининг катта илмий ходими Яҳёхон домла Дадабоевнинг маълумотларига қараганда, кутубхона Ўрданинг ташқи сарой қисмидаги мадраса ҳовлисида жойлашган.
Худоёрхон Ўрдаси ташқи ва ўрта саройларининг кейинчалик бузиб юборилиши натижасида ушбу сарой кутубхонаси бизгача етиб келмаган. Бу даврда Қўқон хонлари сарой кутубхонасидаги китоблар миқдори ва уларнинг тавсифи ҳақида рус тадқиқотчиларининг маълумотлари асосий манба бўлиб хизмат қилади. Чор қўшинлари томонидан Қўқон хонлигининг босиб олиниши оқибатида хонликнинг бутун бойликлари, шу жумладан, хонлик архив ҳужжатлари ва саройдаги 130 та қўлёзма китоблар ҳам Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган.
Улар орасида «Таворихи Муқимхоний», «Жаҳоннома», «Рашаҳот», «Рашонах ул-фунун» ва бошқа кўплаб ноёб асарлар бор эди. Бундай ноёб шарқ қўлёзма асарлари кутубхонаси Андижон беги Насриддинхоннинг саройида ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам Қўқон юришларида иштирок этган А.Л.Кун 1875 йил мумкин қадар кўпроқ қўлёзмалар тўплаш мақсадида Андижонга ҳам келган. К.П.Кауфман топшириғи билан А.Л.Кун томонидан хонлик архиви ва қайд этилган 130 та ноёб қўлёзма асар Қўқон хонлиги сарой кутубхонаси хазинасининг умумий миқдорини белгиламайди, албатта. Ўша пайтда А.Л.Кун томонидан сарой кутубхонасининг маълум миқдоригина олиб кетилган бўлиб, 1897 йил Фарғона водийсида илмий сафар билан бўлган шарқшунос К.Г.Залеман хонлик кутубхонасининг қолган қисми Қўқон шаҳар уезд бошқармасида сақланганлигини таъкидлайди. Бундан ташқари, 1875 йилнинг ёзида Худоёрхоннинг мамлакатдаги беқарорлик оқибатида пойтахтни ташлаб Тошкентга чиқиб кетишида ўзи билан хазина ва кутубхонадаги ноёб асарларнинг бир қисмини ҳам олиб кетган. Шундан сўнг хонлик тахтига Насриддинбек ва сохта Пўлатхонларнинг келиши давомида сарой ҳам бир неча марта таланган.
Бундан ташқари, рус қўшинлари томонидан пойтахт эгаллангач, хон ўрдасига ҳарбий казарма жойлаштирилган бўлиб, К.Г.Залеманнинг таъкидлашича, саройнинг кўп қисмлари казармага мослаштирилиб, фақат унинг ташқи кўриниш қисмигина маълум ўзгаришларсиз қолади. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, рус қўшинларининг хонликни эгаллаши давомида А.Кун томонидан Петербургга юборилган 130 та ноёб қўлёзма Қўқон хонлиги сарой кутубхонасининг умумий миқдори бўлмай, балки сарой кутубхонаси ўз даври учун муҳташам ва манбаларга бой бўлган. Ўша даврда хонликка қарашли беклик марказларида, мадраса-масжидлар қошида, аҳолининг зиёли қисмида ҳам кўплаб ноёб китоблар жамланмаси бўлган.
Шу ўринда Қўқон ҳукмдорларининг беқарор даврларда, жумладан, Худоёрхоннинг мамлакатни тарк этаётганида сарой кутубхонасига, ундаги ноёб қўлёзма бойликларга нисбатан беписанд муносабатда бўлган, деб айтиш ҳам нотўғри бўлади. Манбаларда қайд этилишича, Худоёрхон Тошкентда фон Кауфман билан музокаралардан сўнг, ўзи учун алоҳида қимматли бўлган Шарафуддин Али Яздий «Зафарномаси»нинг жаҳонда ягона мукаммал нусхасини Тошкентнинг Себзор даҳа қозиси Муҳиддинхўжа ибн Ҳакимхўжа Эшонга топшириб, Туркистон шаҳрига йўл олган. 1913 йилда Аҳмад Закий Валидий Туркистонга илмий сафари давомида ушбу асар билан ҳам танишади. Академик Бартольднинг таъкидлашича, ўша пайтда қози Муҳиддинхўжанинг қўлида бу қўлёзма вақтинчалик бўлиб, аслида Худоёрхоннинг ўғли ибн Яминбекка тегишли бўлган экан.
Қай ҳолатда бўлмасин, Муҳиддинхўжа ўзига ишониб топширилган бу қимматбаҳо омонатга ҳеч ҳам хиёнат қилмайди. Профессор Шариф Юсупов Муҳиддинхўжа қўлида бўлган бу қўлёзма билан боғлиқ қизиқ бир воқеани келтириб ўтган.
1899 йил мустамлакачи ҳукумат Себзор даҳаси қозиси Муҳиддинхўжа билан адоватлашиб, уни катта миқдорда пора олганликда айблайди. Кейинчалик шаҳар қозиларининг қурултойида унинг иши кўрилиб, катта миқдордаги туҳмат қилинган маблағни тўлашга мажбур этилади. Шу воқеалардан бир неча ой ўтиб, 1900 йилги Париж халқаро кўргазмасидан унга телеграмма келади. Унда илгарироқ қози кўргазмага юборган «Зафарнома»нинг ноёб нусхасини катта маблағ тўлаб, сотиб олишга розилик сўралган эди. Бироқ Муҳиддинхўжа қози юксак ватанпарварлик ҳисси ва ўзига ишониб топширилган омонат ҳаққи уларга рад жавобини бериб, қўлёзмани қайтаришларини сўрайди. Ўзига туҳмат қилинган катта миқдордаги маблағни эса ота-боболаридан қолган боғни сотиб тўлайди.
«Зафарнома»нинг хонлик кутубхонаси муҳри босилган бу ноёб нусхаси 1940 йилда ЎзФА ШИ га Муҳиддинхўжа қозининг амакиваччаси томонидан топширилган ва ҳозирда ҳам шу ерда сақланади. Худоёрхон Тошкентдан Туркистон шаҳрига кетиш олдидан яна Мирзо Абдулқодир Бедил ва Алишер Навоий девонларини қариндоши Мир Ориф исмли шахсга қолдирган.
Кейинчалик Оренбургдалик вақтида Тошкентга одам юбориб, бу икки китобни олдириб кетади. Худоёрхонга тегишли бу китобларнинг кейинги тақдири эса номаълумлигича қолмоқда. Шунингдек, Шариф Юсупов манбашунос олим Фузаил Исломов шахсий кутубхонасида сақланаётган Фузулий девони ҳақида маълумот бериб, бу девон Худоёрхоннинг ўғли Фансуруллобекка тегишли бўлганлиги, китобнинг айрим жойларида шоир Муҳйининг ўз қўли билан ёзган мухаммаслари борлигини қайд этиб ўтади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Худоёрхон Қўқон тахтини ташлаб чиқиб кетиш олдидан ўз кутубхонасига тегишли бўлган айрим ноёб, аждодлардан мерос бўлиб келаётган қўлёзма асарларни ўзи билан олиб, бир нечтасини ўзи учун ишончли бўлган шахсларга сақлаш учун берган.
Шу ўринда Худоёрхон ҳукмронлигининг сўнгги йилларида сарой кутубхонасининг китобдори шахси ҳам номаълумлигича қолмоқда. Худоёрхон саройи китобдори ҳақида тадқиқотчилар томонидан бир неча хил фикрлар юритилиб келинади. Баъзи тадқиқотчилар хонлик кутубхонасининг Россия босқинидан сўнг шаҳар уездида сақловчиси бўлиб ишлаган мулла Саримсоқхўжани сўнгги сарой кутубхонаси раҳбари (китобдори) деб белгилайдилар. Лекин шарқшунос К.Г.Залеманнинг маълумотича, мулла Саримсоқхўжа хонлик кутубхонаси Қўқон шаҳар уезд бошқармасида сақланган вақтда унинг вақтинчалик сақловчиси бўлган.
Бундан ташқари, Муҳаммад Азиз Марғиноний ҳам «Тарихи Азизий» асарида Саримсоқхўжани қўқонлик мударрисларидан деб қайд этади. Рашид Набиевнинг баъзи архив ҳужжатларига таяниб маълумот беришича, «Ансоб ус-салотин» асарининг муаллифи ҳисобланмиш Мирзаолим Мушриф Худоёрхон даврида сарой кутубхоначиси бўлган. Азиз Қаюмовнинг қайд этишича, хонлик Россия томонидан эгалланганидан сўнг, рус ҳокимияти Мирзаолимдан 50 та қўлёзма китоб топиб беришини талаб қилади.
Аммо у топиб беролмайди. Унга нисбатан дағдағалар ҳаддан ошиб кетгач, 10 та қўлёзма китоб бериб қутулади. Фикримизча, рус ҳукуматининг Мирзаолим Мушрифдан бирданига 50 та қўлёзмани талаб қилиши ва охир-оқибат ҳаётига нисбатан хавф солингач, 10 та қўлёзма топиб бериши ҳам унинг Қўқон хонлигида сўнгги сарой китобдори эканлиги ҳақидаги Рашид Набиевнинг фикрларини тасдиқлайди.
Қўқон хонлиги тугатилиб, Чор империяси мустамлакасига айлантирилганидан сўнг ҳам турли шарқшунос олимлар томонидан илмий сафарлар уюштирилиб, кўплаб қўлёзма бойликларнинг ташиб кетилиши давом этган. Мисол учун, 1897 йили шарқшунос К.Г.Залеман Туркистонга қилган сафари давомида маълум вақт шаҳар уезд бошқармасида сақланган кутубхонанинг қўриқловчиси бўлган мулла Саримсоқхўжадан 3 та қўлёзмани олишга муваффақ бўлиб, булар Ҳусайн Инжунинг «Фарҳанги Жаҳонгири», «Тарихи Роқим», «Фолнома», «Рубоиёти Умар Хайём» асарларидан иборат тўплам, «Шарҳ ал-мақосиди Тафтазони» асарларидир. Бундан ташқари, К.Г.Залеман Ўш шаҳрида уезд судьяси Д.М.Грамениский билан ҳам учрашиб, ундан 24 та ноёб қўлёзмани қабул қилиб олади. Залеман Фарғона водийсидан ташқари Самарқанд, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлиб, Туркистонга сафари давомида жами 98 та қўлёзма тўплашга муваффақ бўлади. Залеман ўз ҳисоботларида билдиришича, бу қўлёзмаларни сотиб олиш учун жами 500 рубль сарфлаган.
Фарғона водийсида Қўқон хонлари сарой кутубхонасининг қўлёзмаларини қидириб топиш ва маҳаллий аҳоли қўлида бўлган ноёб манбаларни аниқлаш мақсадида Қозон университети Тарих, археология ва этнография жамияти томонидан 1913 йили Аҳмад Закий Валидийнинг Туркистонга ташкил қилинган илмий сафари ҳам кўплаб ноёб қўлёзмаларнинг аниқланишига сабаб бўлади. Закий Валидийнинг хотираларида қайд этишича, Тошкентга келган куниёқ Шайх Ҳованди Тоҳурнинг ижодига оид шу кунгача номаълум бўлган муфассал маноқибни форсий ва туркий шеърларини топишга муваффақ бўлади. Қўқон шаҳрида Юнусжон додҳо Муҳаммедовнинг бой шахсий кутубхонасида Қўқон хонлиги тарихига оид бир қанча манбалар билан танишади. Заки Валидийдан сўнг ҳам ХХ асрнинг дастлабки чорагида Россия Фанлар академияси тадқиқотчилари томонидан хонликлар сарой кутубхоналар, маҳаллий аҳоли қўлида бўлган манбаларни йиғиш мақсадида бир неча маротаба Туркистон, шу жумладан, Фарғона водийсига илмий сафарлар ташкил этилиб, йиғилган ноёб асарларнинг катта қисми олиб чиқиб кетилади.
Фарғона водийси ва Қўқон хонлигининг бошқа ҳудудларида илмий сафарда бўлган тадқиқотчиларнинг асарларидан маълум бўладики, Қўқон хонлари сарой кутубхонасининг Худоёрхон даврига оид бир қисми ва хонлик архив ҳужжатлари империя пойтахтига олиб кетилган бўлса-да, унинг яна бир қисми ўзини мана шу ноёб маънавий меросга дахлдор билувчи зиёлилар, Қўқон хонларига яқин бўлган кишилар қўлида сақланиб қолган. Тадқиқотчиларимиз томонидан маҳаллий аҳоли қўл остида бўлган шарқ қўлёзма манбалари, юртимиз ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида сақланаётган тарихимизга оид манбаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш эса Ўрта Осиё хонликларида китобат иши, кутубхоналар, айниқса, хонлик сарой кутубхоналар фаолиятини ёритишда асосий мезонлардан бўлиб хизмат қилади.
Икромов Исмоилжон тайёрлади.
Изоҳ (0)