ХХ асрнинг иккинчи ярми дунёдаги икки сиёсий қарама-қарши қутблар орасидаги космик пойганинг авж олиши билан тарихда қолган. «Дарё» ана шу жарёндаги энг муҳим воқеалардан бири «Aполлoн-14» миссиясининг Ойга қўниши ҳақида ҳикоя қилади.
1957 йилда СССР тарихда илк бор сунъий йўлдошни коинотга учирганидан кейин АҚШ космик пойгада бунга муносиб жавоб бериши керак эди. Лекин 1961 йил 12 мартда Юрий Гагариннинг тарихий парвози орқали советлар Американи бу борада янада ортда қолдириб кетди. Бунга жавобан АҚШ гарчи 1962 йилдаёқ орбитага Жон Гленн исмли астронавтнинг парвозини амалга оширган бўлса-да, лекин барибир ушбу қадам СССРнинг юқоридаги иккита тарихий ютуқларига нисбатан муносиб жавоб бўла олмасди. Шу сабабли, 1962 йилга келиб энди АҚШ космик пойгада натижа кўрсатиш учун ҳамма эътиборни «Ой пойгасига» — табиий йўлдошимизга биринчи бўлиб одам учириш режасига қарата бошлади. Ҳатто президент Жон Кеннеди ўшанда «жорий ўн йиллик охиригача, АҚШ Ойга одам қўндиради!» - деган мазмунда баёнот ҳам берган эди.
Кеннеди ҳақиқатан ҳам гапининг устидан чиқди. 1969 йилнинг 21 июлида АҚШнинг «Aполлoн» лойиҳаси доирасида инсоният тарихида илк бор одамзот Ойга қадам қўйди. Ўшанда «Aполлoн-11» миссияси астронавтлари Нил Армстронг ва Эдвин Олдрин Ернинг табиий йўлдоши сиртига қўнди ва Ойда АҚШ байроғини ўрнатиб, яна қатор экспериментлар ўтказиб қайтди. Бу мислсиз тарихий воқеа ҳақиқатан ҳам космик пойгада энди ташаббус АҚШ тарафга ўтганлигини билдирар эди. Чунки СССРнинг Ойни ўрганиш борасидаги ютуқлари ойкезар автомат аппаратларни йўллаш билан чекланиб қолаётганди.
Умуман олганда, «Aполлoн» лойиҳаси фавқулодда ўта қиммат лойиҳа бўлганига қарамай (ҳар бир миссияга ўртача 18 миллиард доллар сарфланган), олдига қўйилган вазифаларни муваффақият билан уддалаганлиги билан диққатга сазовордир. «Aполлoн» дастури доирасида АҚШ 1969—1972 йиллар мобайнида жами 6 бора шу каби Ойга одам учириш миссияларини бажарди ва унда умумий ҳисобда 12 нафар астронавт Ой сиртида бўлиб, у ерда турли экспериментларни амалга оширган ва ҳатто бир сафар улардан бири Ойда гольф ўйнашга ҳам муваффақ бўлган. Бугун ўша воқеага қарийб 50 йил тўлди.
Ҳа, 1971 йилнинг худди шу 5 февраль санасида, «Aполлoн-14» миссияси доирасида астронавтлар Алан Шеппард ва Эдгар Митчелл Ойга қадам қўйган эди. Ойга қўнгач, биринчи бўлиб фазо кемасидан Алан Шеппард чиқиб, «Узоқ йўлдан келдик. Мана биз шу ердамиз!», — деб хитоб қилган. Орадан 5 дақиқа отгач, Эдгар Митчелл ҳам фазо кемасидан чиқиб, Ойда қадам ташлай бошлаган. Улар биргаликда ўзлари қўнган жойдаги атрофни кузатишга киришган. Улар Ой сиртидаги ўзлари қўнган жойга, аввало, анъанага мувофиқ ўз мамлакатлари байроғини ўрнатган. Кейин эса режа бўйича, Ой гурунтидан ва Ой тошларидан намуналар йиғган. Шунингдек, фотокамераларни ўрнатиб, ўзларининг хатти-ҳаракатлари ва Ой манзараларини тасвирга туширган. Орада улар АҚШ байроғи фонида туриб, президент Никсоннинг мурожаатини ҳам тинглаган. Албатта, буларнинг барчаси тўғридан-тўғри эфирда бутун мамлакатга узатиб турилган ва АҚШ аҳолисининг катта қизиқиш ва ҳаяжонига сабаб бўлган.
Шеппард ва Митчелл Ой сиртидаги қилиниши керак бўлган ишларнинг режасига кўра махсус асбоб-ускуналарни ва ўлчов воситаларини Ойга ўрнатиш билан шуғулланган. Хусусан, улар Ой ва Ер ўртасидаги масофанинг қандай ўзгариб туришини аниқлашга ёрдам бериши кўзда тутилган лазер нурланишлари акслантиргичи (махсус кўзгу) ҳамда бошқа илмий аппаратурани Ой сиртига ўрнатган. Улар 4 соат 45 дақиқа давом этган биринчи чиқишдан кейин яна фазо кемасига қайтиб, ўзлари ҳам дам олган ва таъминот тизимларини — кислород баллонларини, сув идишларини қайта тўлдириб, шунингдек, электр жиҳозларини ҳам қайта қувватлантирган. Иккинчи чиқиш давомида улар асосан Коун кратери атрофидаги Ой гурунтидан ва тошлардан намуна йиғиш билан шуғулланган ва Алан Шеппарднинг скафандрида жуда оз миқдорда бўлса ҳам, лекин барибир кислород сизиб чиқиб кетаётгани аниқлангач, зудлик билан фазо кемасига қайтиш ҳақида буйруқ олган. Улар фазо кемасига қайтишда ҳам йўл-йўлакай оқ тусдаги Ой тошларини тўплаб келган. Шу тариқа, тўрт ярим соат давом этган иккинчи чиқиш тугаллангач, астронавтлар фазо кемасига қайтган. Фазо кемасига чиқиш олдидан Алан Шеппард ўзи билан олиб келган уч дона гольф коптокларини ойга ташлаган ва уларнинг ҳар бирига зарба бериб, инсоният тарихида илк бора Ойда гольф ўйнаган киши сифатида тарихга кирган.
Шундан сўнг улар фазо кемаси бортида дам олиб ва овқатланиб олгач, Ерга қайтиш учун тайёргарлик бошлаган. Умумий ҳисобда, Шеппард ва Митчелл 33 соатдан зиёдроқ вақт давомида Ойда бўлган. Улар 1971 йилнинг 9 февраль куни Ерга қайтиб келган ва Тинч океанига қўнишни амалга оширган. Улар махсус вертолётда сувдан чиқариб олинган ва тахминан, 6,5 км масофада турган «Янги Орлеан» кемасига олиб кетилган. «Aполлoн-14» миссияси ўзи билан 23 килога яқин Ой гурунти ва тошларидан намуналар олиб келган. Ушбу намуналарни ўрганиш эса жуда қадим замонларда Ой ва Ерда кечган геологик жараёнлар ҳақида янги маълумотлар тўплашга хизмат қилди. «Aполлoн-14» ўз олдига қўйган барча мақсадларни уддалаган ва АҚШ космонавтикаси тарихида яна бир шонли саҳифа очган.
Қуйидаги видеотасвирларда «Aполлoн-14» миссиясига оид ҳужжатли кадрларни томоша қилишингиз мумкин.
Музаффар Қосимов тайёрлади
Изоҳ (0)